Ҳижобсиз аёл учун жавобгар эркаклар даюс бўлиб қоладиларми?

0

Савол:

Ассалому алайкум. Ҳижоб киймаган хотин-қизларнинг отаси, турмуш ўртоғи, ака-укалари ёки ўғил фарзандлари уларнинг ҳижобсизлиги сабаб даюс бўлиб қолмайдиларми?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ!

Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг барча оилалари ва асҳобларига Аллоҳнинг салом ва саловотлари бўлсин!

Даюс – хотини, опа-сингиллари ва онаси сингари маҳрамларидан қизғанмайдиган, уларнинг бегона эркаклар олдида ношаръий либосда юришидан рашк қилмайдиган кимса. Шундан келиб чиққан ҳолда, ўз қизи, опа-сингиллари ёки онасининг ҳижобсиз юришига эътиборсиз кимса даюсдир. Хотин-қизлар то турмушга чиққунга қадар ота улар учун жавобгар, агар ота бўлмаса ака-укалар, улар ҳам бўлмаса амакилар ва ҳоказо энг яқин қариндошлар жавобгар бўладилар. Хотин-қизлар турмушга чиқиши билан жавобгарик эрга кўчиб ўтади. Аёл киши эри вафот этиши ёки эридан ажралиши натижасида бева қолса, энди ундан ўғил фарзандлар жавобгар бўлади. Борди-ю, ўғил фарзандлар балоғатга етмаган бўлсалар, у ҳолда ота, отаси бўлмаса ака-укалар, амакилар ва ҳоказо қизлик давридаги сингари маҳрамлари жавобгар бўладилар. Мазкур жавобгарлик аёлларга динни ўргатиш, уларга амри маъруф ва наҳий мункар қилиш, шунингдек, агар ўзларининг хусусий мол-мулки бўлмаса, уларни молиявий жиҳатдан таъминлашни ҳам ўз ичига олади. Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлардан иборат бўлган дўзахдан сақлангизки, у дўзах устида дағал ва қаттиққўл, Аллоҳнинг амрига итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган вазифани бажарадиган фаришталар турур” [Таҳрим: 6]. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар: “Барчангиз раҳбар ва қўл остингиздагилар учун жавобгарсиз… Эркак ўз оиласида раҳбар ва қўл остидагилар учун жавобгардир…” [Бухорий (893) ва Муслим (1829)].

Шундай экан, эркак киши ўзи жавобгар бўлган хотин-қизларга амри маъруф ва наҳий мункар қилиши – уларни шариат аҳкомларига риоя қилишга ундаши ва шариатга хилоф ишлардан қайтари лозим. Албатта, бу ишлар имконият даражасида бажарилиши керак. Зеро, Аллоҳ таоло бандани имкониятида бўлмаган ишлар учун жавобгар қилмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Кимда ким бирон мункар – ношаръий ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар қўл билан ўзгартиришга қодир бўлмаса, у ҳолда тили билан, тил билан ўзгартиришга ҳам қодир бўлмаса, у ҳолда қалбида уни ёмон кўрсин. Фақат қалби билан ёмон кўришга қодир бўлиши иймоннинг энг заиф мартабасидир ” [Муслим ривояти]. Ҳадисдан кўриниб турганидек, ношаръий ишларни тузатиш шахс, унинг ҳолати ва имкониятига қараб ўзгариши мумкин. Инсондан талаб қилингани – имконият доирасида зиммасидаги бурчни адо этиш. Шунга кўра, инсон қўлидан келгунча ўзи жавобгар бўлган хотин-қизларга насиҳат қилса, уларни тўғри йўлга солишга ҳаракат қилса, бироқ шунга қарамай улар ўнгланмасалар, даюс бўлмайди, иншааллоҳ. Валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг