Таҳажжуд намози қачон ва қандай ўқилади?

30

Савол:

Таҳажжуд намози қачон ва қандай ўқилади?

Жавоб:

Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг барча оилалари ва асҳобларига Аллоҳнинг салом ва саловотлари бўлсин!

Тунги намоз (қиёмул-лайл ёхуд таҳажжуд)[1] вақти хуфтон намозидан сўнг бошланиб, то субҳи содиқ чиққунга қадар давом этади. Шундай бўлсада, тунги намозни кечанинг охирги учдан бирида ўқиш афзалдир. Негаки, Аллоҳ табарока ва таоло бу вақтда дунё осмонига тушиб: “Бирон дуо қилгувчи борми, дуосини ижобат қилсам? Бирон истиғфор сўрагувчи борми, уни мағфират қилсам? Бирон тавба қилгувчи борми, тавбасини қабул қилсам?”, дейди ва бу ҳолат то субҳи содиққа қадар давом этади” [Муслим ва Аҳмад ривояти]. Кечанинг охирги учдан бирини билиш учун қуёш ботиши билан субҳи содиқ чиқиши ўртасидаги вақт ҳисобланади. Айтайлик, қуёш соат 18.30да ботади, субҳи содиқ эса соат 6.30да чиқади. Оралиқ вақт 12 соат. Бу вақтни учга бўлсак, демак, туннинг охирги учдан бир қисми 2.30 – 6.30 оралиққа тўғри келади. Баъзи уламолар туннинг охирги учдан бир қисмини аниқлаш учун хуфтон билан субҳи содиққача бўлган оралиқни учга бўлганлар. Агар юқоридаги фаразимизда хуфтон вақти  соат 20.00да кирса, демак, кечанинг охирги учдан бир қисми 3.00 – 6.30 оралиққа тўғри келади. Умуман  олганда кечанинг қай қисмида бўлса ҳам намоз ўқиса, тунда намоз ўқиганлик савобига муяссар бўлади, иншааллоҳ.

Тунги намоз миқдорига келсак, аслида Аллоҳ қодир қилганча намоз ўқийвериш жоиздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Тунги намоз икки-икки ракаатдан ўқилади. Агар биронтангиз бомдод намозининг вақти кириб қолишидан қўрқса, у ҳолда бир ракаат ўқиб тугатсин, унгача ўқиганларига витр бўлади” [Муттафақун алайҳи]. Демак, инсон хоҳлаганча икки-икки ракаатдан ўқийвериб, охирида бир ракаат ўқиб тугатиши жоиз. Шундай бўлсада, тун намозини витр билан қўшиб ҳисоблаганда ўн бир ракаат ўқиш афзал. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай ўқиганлар. Ойша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рамазон ойидаги тунги намозлари тўғрисида сўралганда шундай жавоб берган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазонда ҳам, рамазондан бошқа ойларда ҳам ўн бир ракаатдан ортиқ тун намозини ўқимас эдилар…” [Бухорий ривояти]. Шунингдек, Ойша розияллоҳу анҳо бошқа бир ривоятда шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда ўн уч ракааат намоз ўқир, бомдод азонини эшитсалар енгилгина икки ракаат бомдод суннатини ўқирдилар” [Муттафақун алайҳи].

Жумҳур – кўпчилик уламоларнинг фикрига кўра, тунги намозни витр намози[2] билан тугатиш фарз эмас, балки мустаҳабдир. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тунда ўқиган охирги намозларингиз витр бўлсин” [Муттафақун алайҳи], десаларда, бироқ Муслим Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда у зотнинг гоҳида витрдан сўнг ҳам ўтирган ҳолларида икки ракаат намоз ўқиганлари айтилади. Шунга кўра, тунги намозни витр билан тугатиш, яъни тунда ўқиладиган энг охирги намоз витр бўлиши вожиб эмас, балки мустаҳаб бўлади, валлоҳу аълам.

[1]  “Қиёмул-лайл” дегани кечанинг маълум бир қисмини намоз, Қуръон тиловати, зикр каби ибодатлар билан ўтказиш демакдир. “Таҳажжуд” сўзидан эса хусусан тунда ўқиладиган намоз ёки тунда уйқудан уйғониб ўқиладиган намоз назарда тутилади. Демак, қиёмул-лайл таҳажжудга нисбатан умумийроқ маънони ифода этади. Негаки, қиёмул-лайл хоҳ уйқудан олдин бўлсин, хоҳ кейин бўлсин, намоз ўқиш ва бошқа ибодат турларини ҳам ўз ичига олса, таҳажжуд эса фақат тунда уйқудан уйғониб ўқиладиган намоз ёхуд уйқудан олдин ёки кейин бўлишидан қатъий назар хусусан намоз ўқишга ишлатилади.
[2] Витр намози ҳақида маълумот олиш учун саҳифамиздаги қуйидаги рукнларга мурожаат қилишингиз мумкин: (Фатволар/Намоз/Витр намозини ўқиш тартиби ҳақида).

Discussion30 комментариев

  1. Дилафруз

    Ассалому Алекум Хуфтон номозини ман 6 ракат укийман бугун эшитишимча Хуфтон номози 9 ракат укилар экан 3 ракат Витр Вожиб хам Хуфтон номозига кирадими. Жавоб учун олдиндан рахмат

    • Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ.
      Алҳамдулиллаҳ;
      Ҳурматли Дилафруз, хуфтон намози тўрт ракаатдан иборат. Бу тўрт ракаат хуфтон беш маҳал ўқилиши фарз қилинган намозларнинг биридир. Бу тўрт ракаатдан сўнг икки ракаат нафл ва уч ракаат витр ўқиш суннат (ҳанафий мазҳабига кўра витр ўқиш вожиб). Баъзилар “хуфтон тўққиз ракаат, тўрт ракаати фарз, икки ракаати суннат, уч ракаати вожиб”, дейишининг боиси ҳам шунда. Аниқроқ айтганда хуфтон тўрт ракаат бўлиб, уни ўқиш фарз. Хуфтондан сўнг ўқиладиган суннат ёки вожиблар хуфтон намози деб аталмайди, валлоҳу аълам.

  2. Факат кечалари намоз укисам тавба килсам дейман чунки 5 махал номозимни укишда тугрисини айтсам вакт тополмаяпман болам жудаям инжик уни устига хомиладорман кандай маслахатлар берасиз илтимос жавобингизни кутаман

    • Ассалому алайкум. Мен тахажжуб намоз укисам дейман. 5махал укиб олмайман Бир касал кампирга карайман хожати тагида. Намоз укиб Руза тутсам оллох Кабул киладими рузам бузилмайдими. Илтимос тушунтирсангиз. Олдиндан Рахмат

      • Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ.
        Биринчидан: таҳажжуд намозини ўқиш яхши. Лекин у фарз намозларнинг ўрнига ўтмайди. Инсон нима бўлган тақдирда ҳам фарз намозларни ўқиши лозим. Чунки намоз қиёматда биринчи бўлиб сўраладиган амал. Бенамозлик кофирлик сари қўйилган дастлабки қадам ҳисобланади. Шунинг учун нима бўлган тақдирда ҳам намозга беэътибор бўлманг.
        Иккинчидан: бенамозлик катта гуноҳ бўлишига қарамай, жумҳур уламоларнинг фикрига кўра, намоз ўқимаслик бошқа амалларнинг қабул бўлишига таъсир қилмайди, валлоҳу аълам. Бу ҳақда қўшимча маълумот олиш учун қуйидаги видеоларни эшитишингизни тавсия қиламиз:

        https://youtu.be/UaUFTRCgdIk

        https://youtu.be/c6cLbAgsREM

  3. Наргиза

    Асссалому алейкум мен ишда намоз укиелмаяпман бомдодни уйда укиб колган номозларни хуфтон бн казо килиб укисам буладими чунки ишхонада шаройит йук жавоб учун олдиндан рахмат

    • Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ.
      Алҳамдулиллаҳ;

      Ҳурматли Наргиза, бу ишингиз дуруст эмас. Агар шароит бўлмаса, унда намозга халақт бермайдиган бошқа иш топишингиз керак. Чунки намоз диннинг асосларидан бири, бошқа нарсалар учун намоздан эмас, намоз учун қолган нарсалардан воз кечиш керак, валлоҳу аълам.

  4. Кувондик

    Тахажут намозида кайси сура. ва вайси сура зам килиб укилади.
    1- ракати
    Кандай укилади???
    2-ракати
    Кандай укилади????
    Илтимос изох беринглар.

    • Алҳамдулиллаҳ;
      Таҳажжуд намози бошқа намозлардан фарқсиз ўқилади. Ракаатлари учун ўқилиши керак бўлган муайян сура йўқ. Хоҳлаган ракаатида хоҳлаган сурангизни ўқишингиз мумкин, валлоҳу аълам.

    • Юқоридаги фатвода бу саволингизга жавоб бор.

  5. Кодирбек

    Ассалому алайкум.Тахажжуд номозини укишдан аввал такбир айтиладими йукми,ёки ният килиниб укилавериладими

    • Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!
      Алҳамдулиллаҳ;

      Такбир айтилмайди, ният қилиб ўқилаверади. Ният тил билан айтилмайди.

  6. Таҳажжуд намозини рукуларида саждаларида хохлаган тилагини айтса буладими?

  7. Махбуба

    Ассалому алейкум, Тахажжуд Намозига кандай ният килинади илтимос батафсил тушунтиринг жавоб учун олдиндан рахмат

    • Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!
      Алҳамдулиллаҳ;
      Қалбингиздан “таҳажжуд намози ўқийман” деб ўтказасиз ва бошлайверасиз. Тил билан айтиш шарт эмас, валлоҳу аълам.

  8. Ассалому Алейкум! Ман насиб килса Намоз укишни бошламокчиман. Узб да эмас ман четда ман хар кун 8:30 дан то 17:00 гача укишда ман ундан кн ишда буламан. 5 махал Намоз укишга имкониятим йук шунга факат кечки Нафл Намозини укисам нима булади? Нима 1 махал укисам хам кабул булмайдими? Ахир имконим борича укишга харакат килмокчиман. Бази инсонлар шуни хам укишни хохлашмайди. Мусофирда юрганлар нима килсин уйим жойим деб ишлашади 5 махал Намоз укишга шароити йук улар нима килишсин. Чарчаса хам Аллох ун вакт ажратишяпдию кечга нима гунохми? Жавоб ун олдиндан рахмат Аллох рози булсин

  9. Нурмухаммад

    Ассалому Алейклом тахаджуд намози бомдод намозини 2 ракат суннати каби окиладими?!

    • Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!
      Алҳамдулиллаҳ;
      Ҳа, шундай.

    • Яхши савол жавоблар булди баьзи кишилар майда саволларга хам берилиб кетишди аммо жавобини топдилар

  10. Ассалому Алейкум Тахажжуд номозини укиш жараёонида Кунд дуосини кушиб укисам буладими ? Жавоб учун олдиндан рахмат

    • Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!
      Алҳамдулиллаҳ;
      Йўқ, таҳажжуд намозижа қунут дуоси ўқилмайди. Қунут дуоси витрда ўқилади, валлоҳу аълам.

  11. Ассалому алайкум рахматуллохи баракатух .Сизга катта рахмат чиройли маьлумот ва маслахатларингиз учун.Аллох тало савоб ишларингизни ажрни берсин илмигизни янада зиеда килсин.Аллоху алам

  12. Сохиба

    Асалому алейкум. Таҳажжуд намозини витр намозидан кейин укилса болмайдими

  13. Севара

    Ассаляму алейкум тахажуд намозини 11 ракaтдан кýп ýкиса бýлмидими?

Reply To Кодирбек Cancel Reply