Таҳорат китоби: мисвок боби (1)

0

Мисвок боби

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ – رضي الله عنه – عَنْ النَّبِيِّ – صلى الله عليه وسلم – قَالَ: “لَوْلا أَنْ أَشُقَّ عَلَى أُمَّتِي لأَمَرْتُهُمْ بِالسِّوَاكِ عِنْدَ كُلِّ صَلاةٍ” .  

السِّواكُ: اسمُ للعودِ الذي يتسوكُ به، ولفعلِ الاستياكِ نفسِهِ. وخيرُ مايُستاكُ بهِ عودُ جذورِ شجرِ الأَراكِ.

 

Араб тилида “мисвок” ёки “сивок” деб тиш тозалашда ишлатиладиган дарахт новдасига айтилади. Шунингдек, тишлардаги кир ва сариқликни кетказиш ва савобга эришиш мақсадида тишларни новда ёки шунга ўхшаш нарсалар билан тозалашга ҳам мисвок сўзи ишлатилади.

Бу боб юқорида ўтган таҳорат китобининг бир боби бўлиб, муаллиф уни бу ерда зикр қилишининг сабаби тишларни мисвок билан тозалаш таҳорат суннатларидан ва шариатимиз тарғиб қилган озодаликдан саналади. Ушбу бобда озодалик, соғлиқни сақлаш, оғизни тозалаш ва ундаги ёқимсиз ҳидни кетказиш, савобга эришиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш каби талай фойдалар бор.

Ўн еттинчи ҳадис

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Агар умматимга машаққат бўлишидан қўрқмаганимда, уларни ҳар намозда мисвок қилишга буюрган бўлар эдим” [Муттафақун алайҳ: Бухорий: 887 ва Муслим: 252].

Шарҳ:

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматига бўлган насиҳатгўйлиги,  уларга барча яхшиликларни раво кўргани, уммати уларга манфаат келтирадиган барча боблардан баҳраманд бўлиши ва тўлиқ бахт-саодатга эришишларига ҳарис бўлганлари учун уларни мисвок қилишга буюрдилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам мисвокнинг фойдалари ва унинг дунё ва охиратдаги манфаатлари кўп эканини билганлари боис умматини ҳар намозда мисвок қилишга буюрмоқчи бўлдилар. Бироқ Аллоҳ таоло уларга бу амални фарз қилиб қўйиши, сўнг улар бу ишни бажара олмай гуноҳкор бўлиб қолмасликлари учун уларга раҳми келиб, бу амалга буюрмадилар. Шундай бўлсада, уларни бу ишга қаттиқ тарғиб қилдилар ва ундадилар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Мисвок қилиш мустаҳаб. Мисвок қилишнинг фазилати шу даражадаки,  унга фарз амалларга бериладиган савоб берилади.

2 – Ҳар таҳорат ва намозда мисвок қилиш суннати муаккададир. Ибн Дақийқул Ийд роҳимаҳуллоҳ айтади: “(Мисвок қилишнинг) ҳикмати шундаки, биз ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилишга буюрилганмиз. Бинобарин, ибодат шарафини зоҳир қилиш учун комил кўринишда ва озода ҳолатда бўлишимиз лозим. Баъзи уламолар: “Бунинг ҳикмати фаришталарга боғлиқ. Зеро, фаришталар ёмон ҳиддан азият чекадилар”, дейишган”. Санъоний роҳимаҳуллоҳ айтади: “(Мисвок қилишдан кўзланган) ҳикмат ҳар иккиси – озода ҳолда Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилиш ва фаришталарга озор бермаслик бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Чунки имом Муслим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким саримсоқ, пиёз ёки кўк пиёз еса масжидимизга яқинлашмасин. Зеро, фаришталар одам боласи озорланадиган нарсалардан озорланишади” [Муслим: 564].

3 – Мисвок ила олинган таҳорат ва ўқилган намоз мисвоксиз таҳорат ва намоздан афзал.

4 ­– Ҳар таҳорат ва намоз олдидан мисвок қилиш машаққатли бўлмаганда эди мисвок қилиш фарз қилинган бўлур эди.

5 – Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматига бўлган раҳмдиллиги ва улар учун жон куйдиришлари мукаммал эди.

6 – Шариатимиз енгил бўлиб, унда ҳеч қандай қийинчилик ҳам, машаққат ҳам йўқ.

7 – Зиён ва машаққатларни кеткизиш фойда ва манфаатларни жалб қилишдан олдин туради.

  Ушбу умумий қоида жуда фойдали қоидалардан биридир. Албатта, ҳикматли Пайғамбаримиз мисвок қилишда катта фойдалар бўлишига қарамай, Аллоҳ таоло уни фарз қилиб қўйишдан хавотирга тушиб, унга буюрмадилар. Зеро, Аллоҳ уни фарз қилгудек бўлса, одамлар уни бажара олмай, шаръий фарзларни тарк қилиш сабабли улкан фасод ҳосил бўлиш эҳтимоли бор эди.

Изоҳ қолдиринг