Умар розияллоҳу анҳу: фикрлари Қуръони Каримга мувофиқ келгани

0

Умарнинг фикрлари Қуръони Каримга мувофиқ келгани

Умарнинг фикрига мувофиқ оятлар нозил бўлгани:

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу журъатли ва шижоатли саҳобалардан эди. Кўпинча ўзи ҳикматларини тушунолмаган баъзи ишлар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан тортинмай сўрай оларди. Шунингдек, ўз фикрини ва ижтиҳодини очиқ изҳор қила оларди. Фаҳму фаросати ўта кучли бўлганидан ва Қуръони Карим мақсадларини чуқур англай олганидан айрим ҳолларда Қуръон оятлари Умарнинг фикрларига мувофиқ ҳолда ҳам нозил бўлганди. Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди:

“Аллоҳ таолога уч нарсада мувофиқ келдим ёки Раббим менга уч нарсада мувофиқ бўлди. “Ё Расулуллоҳ, Мақоми Иброҳимни намозгоҳ қилиб олсак эди”, дедим, шундан сўнг “Мақоми Иброҳимни намозгоҳ қилиб олинглар” [Бақара: 125] ояти нозил бўлди.

“Ё Расулуллоҳ, ҳузурингизга яхши ҳам, ёмон ҳам киради, аёлларингизга ҳижобланишларини буюрсангиз эди”, дедим, шундан сўнг ҳижоб ояти нозил бўлди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари рашк қилиб, у зотга қарши бирикишганда мен уларга: “Ё бу ишдан тийиласизлар, ё эса Аллоҳ ўз Расулига албатта сизлардан кўра яхшироқ жуфтларни алмаштириб беради” дедим. Ҳатто улардан бирларига борганимда у: “Эй Умар, аёлларига Расулуллоҳнинг ўзлари насиҳат қилолмайдилармики, сиз уларга насиҳат қиласиз?!” деди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло: “Эҳтимол Парвардигори — агар у сизларни талоқ қилса — унга сизлардан яхшироқ жуфтларни муслима, мўмина (Аллоҳ ва Расулига) итоат этувчи, тавба-тазарру қилувчи, обида, рўзадор жувон ва қизларни алмаштириб берар” [Таҳрим: 5] оятини нозил қилди”[1].

Бир ривоятда шундай дейилади: “Агар у сизларни талоқ қилса, шоядки, Парвардигори унга сизлардан кўра яхшироқ жуфтларни алмаштириб берар” деган эдим, ушбу оят нозил бўлди.

Мунофиқларга жаноза намози ўқимаслик ҳақидаги фикри Қуръонга мувофиқ келгани:

Умар розияллоҳу анҳу бу ҳақда шундай дейди:

Абдуллоҳ ибн Убай вафот этганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жаноза ўқишга чақирилдилар. Намоз ўқимоқчи бўлиб унинг жасади устида турган чоғларида мен олдиларига туриб олдим ва: “Ё Расулуллоҳ, фалон вақтда фалон-фалон гапларни гапирган, фалон вақтда фалон-фалон гапларни гапирган шу Аллоҳнинг душмани Абдуллоҳ ибн Убайга намоз ўқимоқчимисиз?!” деб, унинг ифлос ишларини санай кетдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса табассум қилиб турардилар. Мен гапиравериб қўймагач, у зот: “Четга ўтинг эй Умар, менга ихтиёр берилди ва мен шуни ихтиёр қилдим. Менга айтилдики: “(Эй Муҳаммад), хоҳ улар учун мағфират сўранг, хоҳ мағфират сўраманг — агар етмиш марталаб улар учун мағфират сўрасангиз ҳам, Аллоҳ уларни асло мағфират қилмас. Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига кофир бўлганларидир. Аллоҳ эса итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас” [Тавба: 80]. Агар етмишдан зиёд истиғфор айтсам гуноҳи кечирилишини билсам, албатта айтган бўлардим”, дедилар. Кейин унга жаноза ўқидилар ва қабригача бирга юриб бориб, охиригача турдилар. Мен ўзимнинг бу ишимга – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан нега бу қадар журъат қилганимга ўзим ҳам ажабландим, Аллоҳ ва Расули билгувчироқдир. Аллоҳга қасамки, кўп ўтмай ушбу икки оят нозил бўлди: “Улардан биронтаси ўлса, зинҳор унинг (жаноза) намозини ўқиманг ва қабри устига ҳам бориб турманг! Чунки улар Аллоҳ ва унинг Пайғамбарига кофир бўлдилар ва итоатсиз ҳолларида ўлдилар. Сизни уларнинг молу дунёлари ва бола-чақалари қизиқтирмасин! Чунки Аллоҳ ўша нарсалар сабабли бу дунёда уларни азоб-уқубатга солишни ва кофир бўлган ҳолларида жонлари чиқишини истайди, холос” [Тавба: 84-85]. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умрларининг охиригача бирор мунофиққа намоз ҳам ўқимадилар, қабри устида ҳам турмадилар[2].

Бадр асирлари ҳақидаги фикри Қуръонга мувофиқ келгани:

Бадр куни Аллоҳ таоло мушрикларни мағлуб қилиб, улардан етмиштаси ўлдирилиб, етмиштаси асир олингач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асирлар масаласида Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али билан маслаҳатлашдилар.

Абу Бакр: “Ё Расулуллоҳ, улар бизнинг амакиваччаларимиз, қариндош-уруғ ва оға-иниларимиз. Фикримча, улардан фидя (тўлов) олсак, улардан олган маблағлар кофирларга қарши биз учун қувват бўларди. Қолаверса, ажабмаски, Аллоҳ уларни ҳидоятга йўлласа ва бизга ёрдамчиларга айланишса”, деди.

“Сиз нима дейсиз, эй Ибн Хаттоб?”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Умар: “Аллоҳга қасамки, мен Абу Бакрнинг фикрига қўшилмайман. Аксинча, улар ҳақида менинг фикрим шуки, менга фалончини (яъни, Умарнинг қариндошларидан бирини) беринг, бошини танасидан жудо қилай, Алига Ақил ибн Абу Толибни беринг, бошини танасидан жудо қилсин, Ҳамзага акаси фалончини беринг, бошини танасидан жудо қилсин. Токи қалбимизда мушрикларга нисбатан раҳм-шафқат йўқлигини Аллоҳга билдириб қўяйлик. Қолаверса, улар қавмнинг энг шарафли кишилари, бошлиқ ва қўмондонлари”, деди.

Умар айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг фикримни олмадилар, Абу Бакрнинг фикрига мойил бўлдилар ва улардан фидя олдилар. Эртаси куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борсам, у зот билан Абу Бакр икковлари йиғлаб ўтиришган экан. Мен: “Ё Расулуллоҳ, дўстингиз билан сизни нима йиғлатди? Менга ҳам айтинг, агар йиғлайдиган иш бўлса мен ҳам йиғлай, агар йиғлаёлмасам ўзимни йиғлагандек тутай”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биродарларингиз маслаҳати билан улардан фидя олингани учун йиғлаяпман. Менга уларнинг азобланишлари мана бу дарахтдан ҳам яқин экани кўрсатилди”, деб яқинларидаги бир дарахтга ишора қилдилар.

Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилганди: “Бирон пайғамбар учун то ерда ғолиб бўлмагунича, асир олиш жоиз эмас эди. (Эй мўминлар), сизлар дунё нарсаларини истамоқдасиз. Аллоҳ эса охират (неъматлари сизларники бўлиши)ни истайди. Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир. Агар Аллоҳнинг ҳукми азалийсида (билмасдан қилган хатони кечиришлиги) ёзиб қўйилмаганида эди, албатта сизларга товон олганинглар сабабли улуғ азоб етган бўлур эди” [Анфол: 67, 68].

Изн сўраб кириш ҳақидаги фикри Қуръонга мувофиқ келгани:

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни пешин пайти ансорлардан бир болани Умар ибн Хаттобни чақириб келишга юбордилар. У Умар ҳузурига кириб келганида у баданининг баъзи жойлари очилган ҳолда ухлаб ётган эди. Шунда Умар: “Эй Аллоҳ, ухлаётган пайтимизда устимизга кириб келишларини ҳаром қилгин”, деди. Бир ривоятда: “Ё Расулуллоҳ, кошки Аллоҳ изн сўраб кириш ҳақида бизга буйруқ ва қайтариқ туширса”, деди[3]. Шундан сўнг қуйидаги оят нозил бўлди: “Эй мўминлар, қўл остингиздаги (қул ва чўриларингиз) ҳамда ўзларингизнинг балоғатга етмаган (болаларингиз) уч вақтда (ҳузурингизга кириш учун) сизлардан изн сўрасинлар — бомдод намозидан илгари, пешин вақтида (иссиқдан) кийимларингизни ташлаган пайтингизда ва хуфтон намозидан кейин. (Бу уч вақт) сизларнинг авратларингиз (очиқ бўлиши мумкин бўлган вақтлардир” [Нур: 58][4].

Ароқнинг ҳаром қилиниши ҳақидаги дуоси:

“Сиздан ароқ (ичкилик) ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айтинг: Буларда катта гуноҳ ва одамлар учун фойдалар бор. Буларнинг гуноҳи фойдасидан каттароқдир” [Бақара: 219] ояти нозил бўлганида Умар: “Эй Аллоҳ, бизга ароқ ҳақида очиқ ва қониқарли ҳукмни баён қилиб бергайсан” деб дуо қилди. Кейин “Нисо” сурасидаги: “Эй мўминлар, токи гапираётган гапларингизни билишингиз учун маст ҳолингизда намозга яқин келманглар” [Нисо: 43] ояти нозил бўлди. Шундан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муаззинлари намозга иқомат айтган пайтида: “Маст кимса намозга яқин келмасин!” деб нидо қиладиган бўлди. Умар чақирилиб, ушбу оят ўқиб берилганда у яна: “Эй Аллоҳ, бизга ароқ ҳақида очиқ ва қониқарли ҳукмни баён қилиб бергайсан” деб дуо қилди. Сўнг “Моида” сурасидаги оят нозил бўлди. Умарни чақириб, унга ушбу оят ўқиб берилганда ва “Энди тўхтарсизлар?!” [Моида: 91] деган жойига келганда у: “Тўхтадик! Тўхтадик!” деб хитоб қилди[5]. Чунки у ушбу “Энди тўхтарсизлар?!” деган хитобдан мурод ҳаром қилиш эканини аниқ тушунганди. Зеро, инкорни ифода қилувчи сўроқ лафзи билан келган хитоб оддий сўз билан айтилгандан кўра кучлироқ ва қатъийроқ ҳаромликни ифодаларди.

[1]Муттафақун алайҳ.
[2] Муслим ривояти: 2400.
[3] “Ар-риёзун назироҳ”: 332-бет. Санади заиф, Воқидий санадсиз зикр қилган.
[4] “Фатово”: 10/28.
[5] Аҳмад Шокир “Муснад” ҳадислари тахрижида саҳиҳ санаган, 378.

Изоҳ қолдиринг