Жангнинг вақтинча сулҳ билан ниҳоясига етиши

0

Учинчидан: жангнинг вақтинча сулҳ билан ниҳоясига етиши

Вақтинча сулҳ тузиш деганда мусулмонлар душман билан маълум муддат урушни тўхтатиш тўғрисида  битим имзолаши назарда тутилади.

Жумҳур уламоларнинг фикрига кўра, вақтинча сулҳ халифа ёки унинг ноиби тарафидан тузилиши лозим, оддий шахслар тузган сулҳ инобатга олинмайди. Ҳанафий мазҳаби уламоларининг фикрича, модомики вақтинча сулҳ тузишда мусулмонлар учун манфаат бўлса, бундай сулҳ бирон мусулмонлар жамоати тарафидан тузилиши ҳам мумкин. Негаки, душман билан вақтинча сулҳ тузиш унга омонлик беришнинг бир туридир. Бир мусулмон душманга омонлик бериши дуруст бўлганидек, бир жамоатнинг омонлик бериши ҳам дурустдир.

Вақтинча сулҳ тузишдан мақсад мусулмонлар манфаатини рўёбга чиқаришдир. Айтайлик, мусулмонлар заиф ҳолатда бўлиб, кофирлар улардан устун бўлсалар, у ҳолда душман билан вақтинча сулҳ тузиш фойдалидир. Шунингдек, бошқа душманлар босқинини қайтариш, кофирларнинг исломга кириши, иқтисодий ёки ҳарбий манфаатларни қўлга киритиш ва ҳоказо мақсадлар душман билан вақтинча сулҳ тузиш ортидан кўзланган манфаатлар бўлиши мумкин.

Аллоҳ таоло айтади: “Агар улар сулҳга майл қилсалар, сиз ҳам унга мойил бўлинг ва Аллоҳга таваккул қилинг!” [Анфол: 61]. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбияда Макка кофирлари билан тузган сулҳлари барчага маълум ва машҳурдир.

Мавзуга оид айрим мулоҳазалар:

(1) Вақтинча тузилган битим душманларга тўланадиган ёки аксинча, улардан олинадиган эваз ҳисобига, шунингдек, бирон эвазсиз ҳам бўлиши мумкин.

(2) Вақтинча битим тузилса, омонлик шартномасидаги каби душманларга омонлик бериш лозим бўлади. Шунга кўра, уларга озор берилмайди, битимда келишилган бандларга вафо қилиш вожиб бўлиб, хиёнат қилиш жоиз бўлмайди.

(3) Жумҳур уламоларнинг фикрича, вақтинча сулҳ битими томонлар риоя қилиши мажбурий бўлган, бузиш жоиз бўлмаган битимдир. Фақат душман томонидан бирон хиёнат содир бўлишидан қўрқилсагина битимни бузиш жоиз. Аллоҳ таоло айтади: “Агар (ўрталарингизда битим бўлган) бирон қавм тарафидан хиёнатни сезсангиз, уларга (тузилган битимни) баб-баробар қилиб ташланг (яъни, ўрталарингиздаги битим тугаганини ҳар икки тараф ҳам билсин)” [Анфол: 58]. Мазкур ҳолатда битим бузилганини душманга билдириб қўйиш лозим.

Душманнинг мусулмонларга қарши уруш қилиши, мусулмонларга қарши жанг қилаётган томонга ёрдам бериши, Аллоҳ, Расули ёки Қуръонни таҳқирлаши, мусулмонларга қарши жосуслик қилиши ва шу каби ҳолатлар уларнинг битимга қилган хиёнатига мисоллардир. Агар мазкур ишлар ўз исботини топса, душман битимни бузган саналиб, уларга қарши жанг қилиш жоиз бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Агар аҳдлашганларидан кейин қасамларини бузсалар ва сизларнинг динингизга тош отсалар, у ҳолда (бу кирдикорларидан) тўхташлари учун куфр етакчиларига қарши жанг қилингиз! Зеро, улар қасамида турмайдилар” [Тавба: 12].  Демак, мазкур ҳолатларда душман битимни бузгани учун уларга қарши жанг қилинади. Шунингдек, бу ҳолатларда мусулмонлар битим бузилганини уларга билдириб қўйиши ҳам шарт эмас. Шу боис, Қурайш Ҳудайбия сулҳини бузгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам то Макка фатҳига қадар уларга қарши жанг қилдилар.

Бироқ душман битимга риоя қилса, биз ҳам риоя қиламиз ва бу ҳолатда уларга қарши жанг қилиш жоиз эмас. Аллоҳ таоло айтади: “Модомики душман аҳдларида барқарор турар эканлар, сизлар ҳам аҳдларингизда турингиз!” [Тавба: 7].

Хулоса қилиб айтганда, битимга риоя қилиш ёки уни бузиш уч қисмга бўлинади:

  1. Душман битимга риоя қилса, биз ҳам риоя қиламиз.

  2. Мусулмонлар битим асносида душман томонидан бирон хиёнат содир бўлишидан қўрқсалар, у ҳолда уларга қарши жанг қилишдан олдин битимнинг бузилганини уларга билдириб қўйишлари зарур.

  3. Душман томонидан бирон хиёнат содир бўлса, уларга қарши жанг қилинади ва бу ҳолатда битимнинг бузилгани тўғрисида уларни огоҳлантириш шарт эмас.

    (4) Уруш ҳолатини тўхтатиш тўғрисидаги битим муайян вақтга белгиланган бўладими ёки бирон вақтга чекланмаган мутлақ бўлиши ҳам мумкинми?

Жавоб: бу ҳақда уч хил фикр бор:

Биринчи фикр: мазкур битим муаққат бўлиб, ўн йилдан ошиқ муддатга тузилиши жоиз эмас. Негаки, Ҳудайбия сулҳи ўн йил муддатга тузилган эди. Шунга кўра, битим муддати ўн йилдан ошиши мумкин эмас.

Иккинчи фикр: ушбу битим муаққат, бироқ битим муддати ўн йил бўлиши шарт эмас. Балки эҳтиёж туғилса, мазкур муддат ўн йилдан ҳам ошиши жоиз. Сабаби, далиллар бирон муддат билан чекламаган ҳолда душман билан тинчлик сулҳи тузиш жоизлигини кўрсатади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка кофирлари билан ўн йилга битим тузганларига келсак, у зот мазкур муддатни мусулмонлар манфаатини рўёбга чиқариш учун етарли деб билганлар.

Учинчи фикр: бундай битим ҳеч қандай муддат белгиламасдан мутлақлигича тузилиши жоиздир. Фақат бунинг учун битимнинг мусулмонлар учун мажбурий эмаслиги, улар қачон истасалар битимни бузиш ҳуқуқига эга бўлишлари шарт қилинади. Мазкур учинчи фикрни шайх Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ рожиҳ деб билган. Лекин бу ҳолатда мусулмонлар битимни бузишни истасалар, бу ҳақда кофирларни олдиндан огоҳлантириб қўйишлари зарур.

Изоҳ қолдиринг