Ёмон туш кўрган одам нима қилиши керак?

0

Савол:

Ассалому алайкум! Менинг саволим қуйидагича: мен ҳафта мобайнида икки бор жуда ёмон туш кўрдим. Иккинчи тушимда яқин жияним кўзим олдида аҳли аёлининг жонига қасд қилди. Жуда қўрқдим, уйғониб кетиб, анча пайтгача ухлолмадим. Бу ҳолатда қандай йўл тутган маъқул?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли-оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Дарҳақиқат, доно шариатимиз ёмон туш кўрган одам қандай йўл тутишини кўрсатиб берган.
Абу Қатода розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай деганини эшитдим: “Яхши туш Аллоҳдан, ёмон туш эса шайтондандир. Биронтангиз ёмон туш кўрса, чап томонига уч марта туфласин ва Аллоҳдан тушининг ёмонлигидан паноҳ сўрасин, шунда унга асло зарар қилмайди”. Абу Қатодадан мазкур ҳадисни ривоят қилган тобеин Абу Салама ибн Абдураҳмон айтади: “Тоғдан ҳам оғир (ёмон) туш кўрсам ушбу ҳадисни эсга оламанда унга парво қилмайман” [Муттафақун алайҳ. Бухорий: 5747 ва Муслим: 5962].

Жобир розияллоҳу анҳудан келган бошқа бир ривоятда Пайғамбаримиз: “Чап томонига уч марта туфласин, уч марта Аллоҳдан шайтон ёмонлигидан паноҳ сўрасин ва бошқа томонига ағдарилсин”, дедилар [Муслим: 5966].

Имом Аҳмад Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яхши туш Аллоҳдан, ёмон туш эса шайтондандир. Биронтангиз ёмон туш кўрса, уни ҳеч кимга айтмасин, чап томонига уч марта туфласин ва Аллоҳдан тушининг ёмонлигидан паноҳ сўрасин, шунда унга асло зарар қилмайди”, деганлар [Аҳмад: 22525].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз шундай деганлар: “Биронтангиз ёмон туш кўрса, туриб намоз ўқисин…” [Муслим: 5967].

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир аъробий келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай деди: “Тушимда бошим узилибди ва мен унинг ортидан қувлаб юрган эканман”. Пайғамбаримиз уни тўхтатиб: “Тушингда  шайтон сен билан ўйнашгани ҳақида гапирма”, деб уришиб бердилар” [Муслим: 2268].

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мазкур ривоятларнинг барчасини жамлаб, уларнинг ҳаммасига амал қилиш лозим. Агар ким ёмон туш кўрса, “Аллоҳдан шайтон ва бу тушнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, дея чап томонига уч марта туфлаб, бошқа томонга ағдарилсин ва икки ракаат намоз ўқисин. Шунда бу борада келган барча ҳадисларга амал қилган бўлади. Борди-ю мазкур ҳадисларнинг бирида келган кўрсатмагагина чекланса, Аллоҳнинг изни ила ҳадисларда айтилганидек, зарарни даф қилиш учун кифоя қилади” [“Шарҳи Муслим”: 15-жуз, 18-бет].

Юқорида ўтган ҳадис ва уламоларнинг изоҳига биноан ёмон туш кўрган киши “Аллоҳдан шайтон ва бу тушнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, дея чап томонига уч марта туфлаб, бошқа томонига ағдарилади. Агар хоҳласа туриб икки ракаат намоз ўқийди. Шунда ҳадисларда айтилганидек, кўрган ёмон туши унга асло зарар қилмайди.

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “шунда унга асло зарар қилмайди”, деган сўзларининг маъноси шуки, Аллоҳ таоло закот ва садақа сабабли одам мол-мулкини сақлагани ва бало-мусибатларини даф қилгани каби мазкур амаллар туфайли уни ёмон туш ортидан келадиган ёмонликлардан сақлайди” [“Шарҳи Муслим”: 15- жуз, 18- бет].

Шуни эслатиб ўтиш лозимки, ёмон туш кўрган одам ҳаммомга кириб, сўнг чап томонига қараб уч марта туфлаши ёки кўрган ёмон тушини сувга айтиши дуруст эмас. Балки юқорида зикр қилинган Абу Қатода ва Жобир розияллоҳу анҳумонинг ҳадисида айтилганидек, ёмон тушни ҳеч кимга айтмаслиги, бу ҳақда оғиз очмаслиги лозим. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биронтангиз ёмон туш кўрса, уни ҳеч кимга айтмасин…”, деганлар. Шунингдек, тушни ҳаммомда айтиш унга зарар етишидан тўсиб қолмайди. Аксинча, бу унга зарар етишига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Негаки, ёмон туш кўрган одам бу ҳақда оғиз очмасликка ва уни ҳеч кимга айтмасликка буюрилган, валлоҳу аълам.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг