Абу Бакр розияллоҳу анҳу: aраб қабилалари аро даъвати

0

Айтиб ўтганимиздек, Сиддиқ розияллоҳу анҳу насаблар ҳақида чуқур илмга эга эди. Суютий роҳимаҳуллоҳ: “Ҳофиз Заҳабий роҳимаҳуллоҳ илм-фанда ўз даврининг энг пешқадами бўлган зотларни санаркан, Абу Бакр розияллоҳу анҳуни насаб илмида замонасининг танҳо кишиси эди, деб тасвирлаганини ўқидим”, дейди[1]. Сиддиқ ўзининг бу чуқур илмини даъватга бир восита ўлароқ ишга соларди. Ўз соҳасининг устаси бўлган ҳар бир киши – унинг илми назарий бўладими, амалий (экспериментал) бўладими ёхуд инсонлар ҳаёти учун зарурий бирон касб-ҳунар эгаси бўладими, бундан қатъий назар – ўз қобилиятини қандай қилиб даъват йўлида ишлатишда ундан ўрнак олса арзийди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам араб қабилалари вакиллари билан учрашиб, уларни исломга даъват қилганларида кўпинча Абу Бакр у кишига ҳамроҳлик қилар ва сўзлашувларда ўзининг насаблар ҳақида пухта илмга эга эканини кўрсатар эди.

У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида ҳам, йўқликларида ҳам у кишидан эшитган гапларини одамларга эшиттиришга ҳаракат қиларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаж мавсумида хутба қилганларида Абу Бакр у зотнинг ёнларида ёрдамчи бўлиб, гапларини одамларга эшиттиришга ва имкон қадар кўпроқ кишига етказиб беришга ҳаракат қиларди.

Насаб илмини ва қабилаларнинг келиб чиқиш тарихини яхши билиши унга одамлар билан тез тил топишишига ёрдам берарди.

Али ибн Абу Толиб айтади: Аллоҳ азза ва жалла пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни араб қабилалари билан учрашиб, уларга даъватни етказишга буюрганида у зот чиқдилар, мен ҳам бирга чиқдим. … Кейин бошқа бир даврага етиб келдик. Бу давра аҳлида сукунат ва виқор бор эди. Абу Бакр олдинга ўтди, салом берди, сўнг: “Бу қайси қавм?”, деб сўради. Улар: “Бани Шайбон ибн Саълаба”, деб жавоб бердилар. Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўгирилиб: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, булар ўз қавмининг энг сара кишилари ва оқсоқоллари. Ичларида Мафруқ ибн Амр, Ҳониъ ибн Қабиса, Мусанно ибн Ҳорис ва Нўъмон ибн Шарик ўтирибди”, деди. Мафруқ ибн Амр улар ичида энг кўркам ва энг сўзамол киши эди. Икки ўрим кокили бўйнига тушиб турарди. У Абу Бакрнинг яқинида ўтирган эди. Абу Бакр: “Қабилангизда қанча одам бор?”, деб сўради. Мафруқ: “Мингдан ортиқ эмас, бироқ минг киши асло камсонликдан мағлуб бўлмайди”, деб жавоб берди. “Жанговар ҳолатинглар қандай?”, деб сўради. “Биз душманга йўлиққанда ғазабга тўламиз, ғазабланган чоғимизда жуда қаттиқ урушамиз. Биз тулпорларимизни болаларимиздан, қуролларимизни жуфтларимиздан ортиқ кўрамиз. Ғалаба Аллоҳ томонидан, у гоҳ бизга ёр бўлади, гоҳ биздан юз ўгиради”, деди. Сўнг: “Сен қурайшлик бўлсанг керак-а?”, деди. Абу Бакр: “Сизларга Аллоҳнинг пайғамбари ҳақида хабар етган бўлса, ўша пайғамбар шу киши бўладилар”, деди.

Мафруқ: “Нимага даъват қиласан, эй қурайшлик?”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларни Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлигига ва Унинг ягона ва шериксиз эканига гувоҳлик беришга, мени Аллоҳнинг қули ва элчиси эканимга гувоҳлик беришга ҳамда мени ўз паноҳларингга олиб, ёрдам беришларингга чақираман. Зеро, Қурайш Аллоҳга қарши чиқди, Унинг элчисини ёлғончига чиқарди, ҳақдан юз ўгириб, ботилни афзал билди. Аллоҳ беҳожат ва мақтовга сазовор Зотдир”, дедилар.

Мафруқ деди: “Яна нимага чақирасан, эй қурайшлик? Аллоҳга қасамки, мен бундан кўра гўзал сўзларни эшитмаганман”.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини ўқиб бердилар: Айтинг (эй Пайғамбар): Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай. У зотга бирон нарсани шерик қилмангиз, ота-онага яхшилик қилингиз, болаларингизни камбағалликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашмангиз, Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонларни ўлдирмангиз, магар ҳақ билан (яъни қасос олиш учун ё муртад бўлгани, ёки зино қилгани учун шариат ҳукми билан ўлдиришингиз мумкин). Шояд ақл юргизарсиз, деб сизларни мана шу нарсаларга буюрди[Анъом: 151].

Мафруқ деди: “Аллоҳга қасамки, сен энг гўзал ахлоққа ва яхши ишларга даъват қилдинг. Сенга қарши чиққан ва сени ёлғончига чиқарган қавм сенга туҳмат қилибди”.

Кейин Ҳониъ ибн Қабисага ишора қилиб: “Бу Ҳониъ бизнинг каттамиз ва оқсоқолимиз”, деди. Ҳониъ деди: “Эй қурайшлик, сўзларингни диққат билан эшитдим. Бу тўғрида фикрим шуки, биз сен билан аввали ҳам, охири ҳам бўлмаган биргина суҳбат ортидан ўз динимизни ташлаб, сенинг динингга эргашиб кетишимизни фикри саёзлик ва шошқалоқлик бўлади, деб ўйлайман. Зеро, шошилган одам тойилади. Биз ҳозир ўз ортимиздагилар номидан бир битимга келишишимиз тўғри иш бўлмайди. Аввал қайтиб борайлик, ўйлашиб, фикрлашиб кўрайлик”.

Кейин Мусанно ибн Ҳорисани ҳам ўз фикрига шерик қилишни истаб: “Мана бу Мусанно ҳам бизнинг оқсоқолимиз ва қўмондонимиз, бу ҳам гапирсин”, деди.

Мусанно (у кейироқ исломни қабул қилган) деди: “Эй қурайшлик, мен ҳам сўзларингни диққат билан тингладим. Ўз динимизни тарк қилиб, сенинг динингга эргашиш тўғрисида менинг фикрим ҳам Ҳониъ ибн Қабисанинг фикри билан бир хил. Биз икки сув ҳавзаси оралиғида яшаймиз, бири Ямома, иккинчиси Сумомадир”. “Булар қандай сув ҳавзалари?” сўрадилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. “Бири арабларга қарашли, иккинчиси эса форс ери ва Кисронинг дарёси. Кисро биздан ўзбошимчалик билан бирон иш қилмасликка ва бировни ўз паноҳимизга олмасликка аҳд олган. Эҳтимол, сен бизни чақираётган бу иш подшоҳларга ёқмас. Арабларга қарашли ерда бирон иш қилган кишининг гуноҳи кечирилар, узри мақбул бўлар. Аммо, форс ҳукмдорига қарашли ерда бир иш қилган кишининг гуноҳи кечирилмайди, узри қабул қилинмайди. Агар биз фақат араблар ерида сенга ёрдам беришимизни истасанг, майли, шундай қиламиз”, деди Мусанно.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлар ёмон гап гапирмадинглар, гапларингиз тўғри. Бироқ Аллоҳнинг динига уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қодир кишигина ёрдам бера олади. Менга айтингларчи, яқинда Аллоҳ сизларни уларнинг ерига ва диёрига ворис қилади, хотинларини сизларга хотин қилиб беради, десам, сизлар (Аллоҳга иймон келтирасизларми,) Аллоҳни муқаддас ва пок санайсизларми?”.

Шунда Нўъмон ибн Шарик: “Аллоҳ ҳаққи, шундай!”, деб хитоб қилди[2].

Бу воқеадан олинадиган дарслар, ибрат ва фойдалар:

  • Абу Бакр Сиддиқнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўп бирга бўлишлари уни исломни мукаммал тушунишига ёрдам берди. Аллоҳ уни саҳобалар ичида Ўз динини энг яхши билувчи киши бўлишга тайёрлади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан исломнинг моҳиятини ўрганди, у зотнинг қўлларида ислом тарбисини олди. Даъват услубини чуқур ўзлаштирди, унинг бир неча босқичларини босиб ўтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқин дўстлигидан фойдаланиб, раббоний манҳажни ўз вужудига сингдирди. Бунинг ортидан Аллоҳ азза ва жаллани таниди, ҳаётнинг табиатини, борлиқнинг моҳиятини, мавжудлик сирини англади. Ўлимдан сўнг нима юз беришини, қазо-қадар тушунчасини, шайтон билан Одам ўртасидаги қиссани ва ҳақ билан ботил, ҳидоят билан залолат, иймон билан куфр ўртасидаги аёвсиз кураш моҳиятини билди. Тунги намоз (таҳажжуд), Аллоҳнинг зикри, Қуръон тиловати каби ибодатлар қалбига суюмли бўлди, бунинг натижасида ахлоқи юксалди, нафси тозаланди, руҳи покланди.

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабилаларни исломга даъват қилганларида Абу Бакр у зот билан бирга бўлишдан кўп фойдалар олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз даъватлари учун қабила бошлиқларидан ёрдам сўрар эканлар, ёрдам кўрсатувчилар даъватга зид келувчи ва зиммаларидан соқит қилолмайдиган халқаро (давлатлар аро) аҳднома ва битимларни зиммаларига олмаган бўлишлари керак эди. Чунки бундай ҳолда даъват карвонига қўшилишлари улар билан ўзаро шартномага эга бўлган ва даъватда ўз манфаатлари учун таҳдид бор деб кўрадиган давлатлар тарафидан исломий даъватни хатар остига қўярди[3]. Кўзланган мақсад шартли ёки жузъий (қисман) ҳимоя билан амалга ошмайди. Бани Шайбон қабиласи агар форс подшоҳи Кисро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўлга тушириб, унга топширишларини талаб қилгудек бўлса, унга қарши боролмасди. Ва агар у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотга эргашганларга қарши уруш очгудек бўлса, улар Кисрога қарши урушга асло киролмасдилар. Шу сабабли улар билан келишувга эришилмади[4].

  • Аллоҳнинг динига уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қодир кишигина ёрдам бера олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мусанно ибн Ҳорисага улар у зотга фақат арабларга қарашли сув ҳавзалари атрофида ёрдам ва ҳимоя кўрсатишларини, форсларга қарашли сув бўйларида бундай қилолмасликларини айтганида шундай деб рад жавобини бердилар. Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нақадар узоқни кўзланган исломий сиёсат олиб борганликларини кўрсатади[5].

  • Бани Шайбоннинг позицияси хушхулқлик ва мардлик кўринишларини ўз ичига олганди. Уларнинг сўзларидан ушбу пайғамбарга эҳтиром кўрсатишгани ва шу билан бирга ўз фикрларини очиқ-равшан баён қилишгани кўриниб турибди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қай даражада ҳимоя қилиш қўлларидан келишини ҳам тўғри ўлчай олдилар ва даъват ишини подшоҳлар хушламай қарши олишларини айтиб ўтдилар. Аллоҳ таоло ўн йилдан ортиқроқ вақтдан сўнг Бани Шайбонни – ислом нури билан қалблари мунаввар бўлганидан сўнг – подшоҳларга қарши даъватнинг оғир юкини ўз зиммаларига олишларини тақдир қилди. Мусанно ибн Ҳориса Шайбоний Абу Бакр Сиддиқнинг халифалик даврларидаги исломий фатҳларда кураш майдонлари ичра уларнинг енгилмас паҳлавони бўлиб туриб берди. У ва қавми исломга кирганларидан сўнг мусулмонларнинг форсларга қарши энг журъатли жангчиларига айландилар. Ваҳоланки, жоҳилият пайтларида улар форслардан қаттиқ ҳайиқишар, уларга қарши жанг қилиш тушларига ҳам кирмас эди. Ҳатто улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватлари ҳақлигини билганларидан кейин ҳам у кишига эргашиш уларни форсларга қарши урушишга мажбур қилиб қўйиши эҳтимолидан қўрқиб, даъватни рад қилишган эди. Бу билан Аллоҳ таоло мусулмонларни шу дунёда ҳам юксалишларига ва ернинг ҳақиқий эгаларига айланишларига сабаб қилган, охиратда эса жанннатнинг битмас-туганмас неъматларини умид қилишларига сабабчи қилиб қўйган ушбу диннинг нақадар буюклиги кўринади[6].

[1]“Тарихул хулафо”: 100-бет, “Тарихуд даъва”: 95-бет.
[2] “Ал-бидая ван-ниҳая”: 3/142-145-бетлар.
[3]Муҳаммад Ҳайкал, “Ал-жиҳад вал-қитал фис-сиясатиш шаръия”: 1/412.
[4] Мунир Ғазбон, “Ат-таҳолуф ас-сиёсий фил ислом”: 53-бет.
[5] Мунир Ғазбон, “Ат-таҳолуф ас-сиёсий фил ислом”: 64-бет.
[6] Ҳумайдий, “Ат-тарихул исломий”: 3:69. “Ат-тарбиятул қиёдийя” 3/20.

Изоҳ қолдиринг