Таъмирлаб бўлмайдиган эски Қуръонни нима қилиш керак?

0

Савол:

Таъмирлаб бўлмайдиган эски Қуръонни нима қилиш керак?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Аввало шуни эслатиш лозимки, агар йиртилган мусҳаф (Қуръон)ни таъмирлаш машаққатли бўлмаса, албатта, уни таъмирлаган ва тузатган афзал.

Агар Қуръон йиртилиб тўзигани сабаб ундан фойдаланиш қийин бўлиб қолса, у ҳолда уни йўқ қилиш жоиз. Уламолар уни йўқ қилиш тартиби хусусида турлича фикрлар билдирганлар.

  1. Ҳанафий ва ҳанбалий мазҳаби уламоларининг фикрича, бундай мусҳафни ерга кўмиш лозим. Ҳанафий мазҳаби уламоларидан саналмиш Ҳаскафий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Агар мусҳаф ўқиб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолса, худди мусулмон киши каби ерга кўмилади” [“Ад-дуррул мухтор” (1/191)]. Ибн Обидийн роҳимаҳуллоҳ Ҳаскафийнинг сўзини изоҳлаб шундай дейди: “Яъни, покиза матога ўралиб, оёқ-ости бўлмайдиган бирон жойга кўмилади”.

Ҳанбалий мазҳаби уламоларидан Баҳутий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар мусҳаф эскирса ёки ёзувлари хиралашса, ерга кўмилади. Имом Аҳмад зикр қилишича, Абул Жавзонинг мусҳафи эскириб, тўзиб кетади. Шунда масжид ичида чуқур қазиб уни кўмади” [“Кашшофул қаноъ” (1/137)].

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Йиртилиб эскирган ва ўқиб фойдаланилмайдиган даражага келиб қолган мусҳаф, худди мўмин кишининг жасади оёқ-ости қилинмайдиган жойга кўмилгани сингари (оёқ-ости қилинмайдиган) ўралган жойга кўмилади” [“Мажмуул фатово” (12/599)].

  1. Моликий ва шофеий мазҳаби уламоларининг фикрича, тўзғиган мусҳаф ўтда куйдирилади. Бу борада Усмон розияллоҳу анҳуга эргашилади. Зеро, у одамларни битта мусҳафга жамлагач, қолган мусҳафларни ёқишга буюрган эди. Усмон розияллоҳу анҳунинг мусҳафларни ёқишга буюргани тўғрисидаги қиссани имом Бухорий “Саҳиҳи”да (4988) ривоят қилган. Унда жумладан шундай дейилади: “…Усмон Ҳафсага одам юбориб, уйидаги (Қуръон оятлари ёзилган) саҳифаларни бериб юборишни, уларни мусҳафларга кўчириб, яна ўзига қайтиб беришини айтди. Ҳафса бу саҳифаларни Усмонга бериб юборди. Усмон Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саид ибн Ос ва Абдураҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомларга бу саҳифаларни мусҳафларга кўчиришни буюрди… Усмон улар кўчирган мусҳафлардан ҳар бир ўлкаларга биттадан юборди. Ундан бошқа саҳифалардаги ёки мусҳафлардаги Қуръонларни ёқиб юборишга буюрди”.

Суютий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар тўзигани ёки бошқа бирон сабабга кўра мусҳафнинг айрим саҳифаларини йўқ қилишга эҳтиёж туғилса, уни девор коваги ёки шунга ўхшаган жойларга қўйиш жоиз эмас. Негаки, бу саҳифалар у жойдан ерга тушиб, оёқ-ости бўлиши мумкин. Шунингдек, уларни ертиб ташлаш ҳам жоиз эмас. Чунки бундай қилинса, ҳарфлар ва сўзлар бир-биридан ажралиб қолади ва бу унда ёзилган оятларни таҳқирлаш саналади… Агар бу саҳифаларни ёқиб юборилса, зиёни йўқ. Зеро, Усмон оятлар ва мансух қироатлар бўлган мусҳафларни ёқишга буюрган ва бу иши учун ҳеч кимса унга эътироз билдирмаган” [“Ал-итқон фий улумил Қуръон” (2/1187)].

Тўзғиган эски мусҳафларни кўмиш ёки куйдириш тўғрисидаги ҳар икки фикр ўзига яраша асосга эга. Шу боис, инсон бу икки йўлдан қай бирини қилса ҳам зиёни йўқ, иншааллоҳ. Шундай бўлсада, Усмон розияллоҳу анҳуга эргашиб, уларни ёқиб юбориш афзалроқ бўлса керак.

Шайх Ибн Усаймийн роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бироқ уни куйдиргач, орасида бирон қоғоз бўлаги қолмаслиги учун қиймалаш лозим. Негаки, куйдирилгандан кейин ҳам ҳарфларнинг сурати қолганига кўпинча гувоҳ бўлинади. Агар куйдирилган қоғозлар уқаланиб кулга айлантирилса, бу эҳтимол йўқолади” [“Фатово нурун алад дарб” (16/148)].

  1. Шунингдек, ҳозирда замонавий қоғоз қиймалаш ускуналари мавжуд бўлиб, эскирган мусҳафларни йўқ қилиш борасида улардан ҳам фойдаланиш мумкин. бундай ускуналар орқали эскирган мусҳафларни йўқ қилган тақдирда ҳатто бирон ҳарф ҳам қолдирмайдиган даражада қиймаланиши лозим.

Хулоса қилиб айтганда, тўзғиган эски мусҳафларни йўқ қилиш учун юқорида баён қилинган тафсилотларга кўра уларни ерга кўмиш, куйдириш ёки бирон ҳарф ҳам қолдирмайдиган даражада қиймалаш жоиз, валлоҳу аълам.

(IslamQA саҳифасидан ўзгартиришлар билан олинди)

Изоҳ қолдиринг