Мусофир совуқ кунда таяммум қилиб намоз ўқиши жоизми?

0

Савол:

Сафардаги киши кун совуқ бўлса таяммум қилиб фарз намозларни ўқиши жоизми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Инсон таҳорат ёки ғусл қилиш учун сув топа олмаса ёки сув топсада касаллиги ёки ҳавонинг ҳаддан ортиқ совуқлиги ва сув иситиш имконсизлиги туфайли сувни ишлатишдан ожиз бўлса, ана ўшанда таяммум қилиши жоиз. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга сафарда эдик. У зот одамларга намоз ўқиб бердилар. Намоз ўқиб бўлиб қарасалар, бир киши намозга қўшилмай бир четда турган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: “Нега бизга қўшилиб намоз ўқимадинг?”, дедилар. “Жунуб бўлиб қолдим ва (ғусл қилиш учун) сув топа олмадим”, деди киши. Шунда у зот: “Тупроқ билан таяммум қил, шу сенга кифоя қилади”, дедилар” [Муттафақун алайҳи].

Шунга кўра, сув бор жойда ёки ҳаво ҳаддан ташқари совуқ бўлсада сувни иситиш имкони бор пайтда таяммум қилиш жоиз эмас. Шунингдек, ҳаво салқин бўлиб, сувни иситиш имкони бўлмаса, бироқ совуқ сув билан ғусл қилиш соғлиққа зарари тегмайдиган даражада бўлса ҳам таяммум қилиш жоиз эмас. Инсон сув топа олмаса ёки касаллиги ва бошқа шу каби  сабабларга кўра мавжуд сувни ишлатишдан ожиз бўлганда таяммум қилиши жоизлиги фақат сафар ҳолатига тегишли бўлмай, балки юқорида баён қилинган шартларга кўра муқим ҳолатда ҳам таяммум қилиш жоиз, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг