Қунут дуосининг матни қандай?

0

Савол:

Қунут дуосининг матни қандай? Баъзилар биз ўқийдиган қунут дуосини заиф дейишмоқда. Агар ҳақиқатдан ҳам шундай бўлса, унда саҳиҳи қай бири?

Жавоб:

Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Абу Довуд (1425), Термизий (464) ва Насоий (1746) Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишларича, Ҳасан розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга витр қунутида айтишим учун қуйидаги дуони ўргатдилар: “Аллоҳим, мени Ўзинг ҳидоятлаганлар қаторида ҳидоят эт, офият берганларинг қаторида менга ҳам офият бер, дўст тутганларинг қаторида мени ҳам дўст тут. Берган неъматларингни мен учун барали қил. Қазои қадарда битган ёмонликларингдан мени сақла. Зеро, Сен ҳукм қиласан, Сенга қарши ҳукм қилинмайди. Албатта, Сен дўст тутган банда хор бўлмайди, Сен душман тутган банда азиз бўлмайди. Раббано, Сен баракотли ва олий зотсан!””.

Бу дуонинг арабча матни қуйидагича:

اللَّهُمَّ اهْدِنِي فِيمَنْ هَدَيْتَ، وَعَافِنِي فِيمَنْ عَافَيْتَ، وَتَوَلَّنِي فِيمَنْ تَوَلَّيْتَ، وَبَارِكْ لِي فِيمَا أَعْطَيْتَ، وَقِنِي شَرَّ مَا قَضَيْتَ، فإِنَّكَ تَقْضِي وَلا يُقْضَى عَلَيْكَ، وَإِنَّهُ لا يَذِلُّ مَنْ وَالَيْتَ، وَلا يَعِزُّ مَنْ عَادَيْتَ، تَبَارَكْتَ رَبَّنَا وَتَعَالَيْتَ

Бу матннинг ўқилиши қуйидагича:

Аллоҳуммаҳдиний фийман ҳадайт, ва аафиний фийман аафайт, ва тавалланий фийман таваллайт, ва баарик лий фиймаа аътойт, ва қиний шарро маа қозойт. Фаиннака тақзий валаа йўқзо алайк, ва иннаҳу лаа язиллу ман ваалайт, валаа яиззу ман аадайт, табаарокта роббанаа ва таалайт”.

Умар розияллоҳу анҳу бомдод намозида: “Аллоҳим, биз Сендан ёрдам, ҳидоят ва гуноҳларимиз учун мағфират сўраймиз. Сенга иймон келтирамиз, Сенга таваккал қиламиз ва Сенга барча яхшиликлар ила сано айтамиз. Сенга шукр қиламиз, нонкўрлик қилмаймиз. Сенга осий бўлганлардан воз кечиб, улардан йироқ турамиз. Аллоҳим, Сенгагина ибодат қиламиз, фақат Сенга дуо қилиб, сажда этамиз. Сенинг тоатинга ҳаракат қиламиз ва шошиламиз. Раҳматингдан умид қилиб, азобингдан қўрқамиз. Шак-шубҳасиз, Сенинг аламли азобинг кофирларга етгай” – деб қунут дуосини ўқиганлар (Абдурраззоқ “Мусаннаф”ида (1\355) ривоят қилган, саҳиҳ ҳадис).

Бу дуонинг арабча матни қуйидагича:

اللَّهُمَّ إنَّا نَسْتَعِينُك ونستغفرك وَنُؤْمِنُ بِكَ وَنَتَوَكَّلُ عَلَيْك وَنُثْنِي عَلَيْك الْخَيْرَ، نَشْكُرُكَ وَلاَ نَكْفُرُك، وَنَخْلَعُ وَنَتْرُكُ مَنْ يَفْجُرُكَ، اللَّهُمَّ إيَّاكَ نَعْبُدُ وَلَك نُصَلِّي وَنَسْجُدُ وَإِلَيْك نَسْعَى وَنَحْفِدُ نَرْجُو رَحْمَتَكَ وَنَخْشَى عَذَابَك إنَّ عَذَابَك الْجِدَّ بِالْكُفَّار مُلْحِقٌ

Бу матннинг ўқилиши қуйидагича:

Аллоҳумма иннаа настаийнука ва настағфирук, ва ну’мину бика ва натаваккалу алайка ва нусний алайкал хойра куллаҳ, нашкурука валаа накфурука ва нахлау ва натруку май яфжурук. Аллоҳумма ийяака наъбуд, валака нусоллий ва насжуд, ва илайка насъаа ва наҳфид. Наржуу роҳматака ва нахоофу азаабак, инна азаабакал жидда билкуффаари мулҳиқ”.

Хулоса: қунутда шу икала дуонинг қай бирини айтса ҳам жоиз. Шунингдек, бу дуолар ортидан Қуръон ва ҳадисларда собит бўлган бошқа дуолар қилиш ҳам мумкин, валлоҳу аълам.

 

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг