Исломда элчини ўлдириш мумкинми?

0

Савол:

Ҳижрий 658 йил Сайфиддин Қутуз Миср волийси бўлган вақтда Ҳулокунинг мактубини олиб келган элчиларни Миср дарвозасига осиб қўйган. Исломда элчини ўлдириш мумкинми?

Жавоб:

Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Султон Музаффар Сайфиддин Қутуз Ҳулоку элчиларини ўлдиргани ҳақида Шайх Муҳаммад Саллобий ўзининг “Султон Сайфиддин Қутуз ва мамоликлар давридаги Айни Жолут жанги” номли китобида Султон Сайфиддин Ҳулокунинг элчиларини ўлдиргани ҳақида шундай дейди:

“Ҳулокунинг элчиларини қўпол тарзда кутиб олиши Музаффар Қутузнинг мўғулларга қарши қилган биринчи иши эди. Султон бу иши билан мўғулларга қарши уруш эълон қилишни кўзлаган эди. Шу сабабли уларни ҳибсга олди. Сўнг эса уларнинг ҳар бирини Қоҳира дарвозалари олдида калласини танасидан жудо қилди, уларнинг каллаларини Зувайла дарвозасига осиб қўйди ва элчилар билан келган бир болани ўзига қул қилиб олиб қолди. Бу воқеа мўғуллар калласининг Зувайла дарвозасига биринчи марта осиб қўйилиши эди. Афтидан, Қутуз бу элчиларни ҳарбийлар, яъни мусулмонларга қарши курашиб турган кофир давлат фуқаролари, бинобарин, уларни қатл қилишга монелик қиладиган бирон сабаб йўқ, деб билган. Негаки, мўғуллар Самарқанд, Бухоро, Бағдод, Ҳалаб, Дамашқ ва шу каби бошқа мусулмон диёрларда жанг қилмаган сон-саноқсиз аёллар, ёш гўдаклар ва қарияларни ўлдиришган эди. Қолаверса, мўғул элчилар қўпол гапириб, беадаблик ва мутакаббирлик қилдилар. Уларнинг каллаларини Қоҳира дарвозаларига илиб қўйишдан мақсад халқнинг шижоатини кўтариш, мўғулларга қарши уруш эълон қилиш, улар ҳужум қилмоқчи бўлаётган Мисрликлар олдин қаршилашган душманларидан бошқача эканини уларга билдириб қўйиш эди. Бу мўғулларга салбий таъсир қилиши, уларнинг қалбига озгина бўлса-да қўрқинч ёхуд иккиланиш солиши тайин эди. Элчиларни ўлдиришдан кўзланган энг катта мақсад эса бу борада тинчлик йўли билан ечим қидиришни буткул хаёлдан чиқариш ва жиҳодга тўлиқ ва жиддий тайёргарлик кўриш эди. Чунки элчилар қатл қилинганидан сўнг мусулмонлар таслим бўлишган тақдирда ҳам мўғуллар бунга рози бўлишмас эди. Элчиларни қатл қилиш Қутуз ва бошқа амирларнинг ижтиҳоди бўлса-да, ислом қонун-қоидаларига зиддир. Чунки мусулмонларнинг ҳам, кофирларнинг ҳам, ҳатто муртадларнинг ҳам элчилари ўлдирилмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳукмни баён қилганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Мусайламанинг элчилари: Ибн Наввоҳа ва Ибн Асоллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келишди. Расули акрам сўрадилар:
Мен Аллоҳнинг Расули эканимга гувоҳлик берасизларми?
– Биз Мусайлама Аллоҳнинг расули деб гувоҳлик берамиз.
Аллоҳ ва Расулларига иймон келтирдим. Агар элчини ўлдирганимда икалангизни ўлдирган бўлардим.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бу ҳадисга илова қилиб: “Шу тариқа элчилар қатл қилинмаслиги суннат бўлиб қолди” – дейди. Бу ҳадис кофирлар тарафидан келган элчилар агарчи халифанинг ёки бошқа мусулмонларнинг олдида куфр гапларни гапиришса ҳам уларни қатл қилиш ҳаром эканига далил бўлади. Сайфиддин Қутузнинг тутган йўли шариат ҳукмига зиддир. Начора, беайб Парвардигор” (Иқтибос тугади).

Шунга қарамасдан “элчига ўлим йўқ” деган қоида доим ҳам тўғри бўлавермайди. Тўғри, шунчаки хабар етказиш учун келган элчига ўлим йўқ. Бироқ элчи жосуслик, хиёнат, бегуноҳ одамни ўлдириши каби қатл қилишга лойиқ бирон жиноят қилгани ўз тасдиғини топса, унда қатл қилинади, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг