Банкка пул қўйиш жоизми?

0

Савол:

Банкка пул қўйиш жоизми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ!

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръонда рибо ейишни ҳаром қилиб шундай деган: “Эй иймон келтирганлар, рибони бир неча чандон қилиб еманглар. Аллоҳга тақво қилинглар, шояд нажот топсангиз” (Оли Имрон: 130). Рибо ҳаром эканини билганидан сўнг бу қабиҳ амалдан тийилмаган кимса Аллоҳ ва Расулига уруш эълон қилган ҳисобланади. Рибо ейдиган одамлар қиёмат кунида худди жин чалган кишидек оёқларини тўғри боса олмасдан юришади. Рибо еган одамларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам лаънатлаганлар. Банкка қўйилган пул ўтган вақт эвазига маълум фоиздан кўпайиши рибонинг ўзгинасидир. Бироқ кўп миқдордаги маблағни уйда сақлаш хавф-хатар туғдирса, шунчаки пулни сақлаш ниятида банкка қўйишни баъзи уламолар жоиз дейишган. Лекин бу ҳолатда банкка қўйилган пул эвазига тўланадиган устама-фоизлардан воз кечилса ҳам, ундан банк фойдаланиши ҳисобига бу пул рибо субъектига айланади. Шу сабабли банкка пулини қўйган шахс рибога ҳисса қўшган ҳисобланади. Мусулмон киши имкон қадар маблағини банкка қўйиш ўрнига ўзи учун ҳам, жамият учун ҳам фойдали бўлган бирон тижорий мақсадларга ишлатиши лозим.

Агар бу пулдан фойдаланишнинг ҳеч бир имкони топилмаса, йўқолиб кетмаслиги учун банкка қўйиш жоиз. Бироқ вақти келиб, пул банкдан олинганида “фоиз олиш ҳаром” деган тушунча билан устамасини банкка қолдириш ўрнига уни мусулмонлар учун фойдали бўлган бирон манфаатли йўлга сарфлаш мақсадга мувофиқ бўлади, валлоҳу алам.

Шайх Содиқ Самарқандий 1974 йил Самарқанд вилоятида зиёли оилада таваллуд топган. Ўсмирлик йилларидаёқ диний таълим олишга қизиққан. Ўрта мактабни битириб, ҳужраларда диний таълим олган. Ўша даврда водийдаги бир қанча устозлардан таълим олиб, араб тили гарамматикасини мукаммал ўрганган. Шунингдек, турли диний фанлардан бошланғич билимлар олган. Кейинчалик ўз устида шуғулланиб диний таълимини ривожлантирган. Бу орада Имом Бухорий номли Тошкент Ислом маъҳадига ўқишган кирган ва вилоятдаги масжидлардан бирида имом-хатиблик қилган. Сўнг Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг хос талабаларга берадиган дарсларида қатнашиб, у кишидан таҳсил олган. Шунингдек, бу аснода Тошкентлик машҳур кекса қори Абдулазиз Қоридада роҳимаҳуллоҳга Қуръонни тўлиқ ёддан ўқиб берган. 2003 йилда шайх тақдир тақозоси билан шаръий билимларини ошириш мақсадида Миср Араб Жумҳуриятидаги Ал-Азҳар Университетига ўқишга боради. Университетнинг "Исломий Шариат" факултетини битиради. Мисрдаги илмий фаолияти давомида мисрлик кўплаб шайхларнинг қўлида дарс олади, уларнинг дарсларида қатнашади. Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазаллоҳ, Ҳасан Ёсир ва бошқалар шулар жумласидандир. Университетда ўқишни битирган Шайх Содиқ Самарқандий бир муддат Мисрда талабаларга турли шаръий фанлардан дарс беради. Ўрта Осиё ва Шарқий Туркистоннинг турли жойларидан келган талабалар шайхдан унумли фойдаланадилар. 2013 йилга келиб шайх Туркияга сафар қилади ва ҳозирга қадар Истанбул шаҳрида яшаб, илмий фаолият юритиб келмоқда, мазҳаблари ҳанафий.

Изоҳ қолдиринг