Аёли билан ўйнашганда чиқадиган суюқлик нима?

0

Савол:

Эркак киши аёли билан ўйнашганида авратидан чиқадиган суюқлик нима дейилади? Бу суюқлик отилиб чиқмайди ва арзимаган сабабга ҳам чиқаверади. Бундай ҳолатда ғусл қилиш вожиб бўладими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ!

Бундай ҳолатларда инсоннинг жинсий аъзосидан чиқадиган суюқлик икки турга бўлинади:

1) Маний – инсондан шаҳват билан чиқадиган қуюқ оқ суюқлик. Маний одатда жинсий аъзодан отилиб чиқади ва ортидан танада бўшашиш юз беради. Манийнинг хамир ҳидига ўхшаш ҳиди мавжуд. Аёлдан чиқадиган маний, эркакникидан фарқли ўлароқ, сарғиш ва суюқ бўлади. Манийнинг ҳукмига келсак, рожиҳ фикрга кўра, у покдир. Маний чиқиши билан инсонга ғусл қилиш вожиб бўлади.

2) Мазий – жинсий яқинлик тўғрисида хаёл қилган пайтда ёки жинсий яқинлик олдидан чиқадиган шаффоф шилимшиқ суюқлик. Мазий манийдан фарқли ўлароқ, инсон авратидан отилмай чиқади ҳамда унинг чиқиши билан танада бўшашиш юзага келмайди. Эҳтимол, инсон унинг чиққанлигини сезмаслиги ҳам мумкин. Мазий ҳар икки жинс: эркак ва аёллардан ҳам чиқиши мумкин. Мазий нажосат бўлиб, унинг чиқиши билан таҳорат синади, ғусл вожиб бўлмайди. Мазийдан тозаланиш учун олат ва мояклар сув билан ювилади.

Саволга қараганда, бундай ҳолатда чиққан суюқлик маний эмас мазий бўлиб, ғусл қилинмайди, балки олат ва мояклар сув билан ювилиши етарли, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг