Таҳоратсиз эканини унутиб имомга ўтса, жамоат қайтадан ўқийдими?

0

Савол:

Бир биродар таҳоратсиз экани эсида йўқ, масжидга бориб, жамоатга имомлик қилибди. Жамоатнинг намози нима бўлади. Ҳамма қайтиб ўқиши керакми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Агар инсон намозда имомга ўтиб, намоз тугагач таҳоратсиз эканини билиб қолса, бу борада уламолар билдирган икки фикрдан рожиҳига кўра, имомга эргашганларнинг намози дуруст, имомнинг намози эса ботил бўлиб, қайтадан ўқиши лозим.

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар имом таҳоратсиз ёки жунуб ҳолида жамоатга намоз ўқиб берса ва то намоз тугагунча ўзи ҳам, жамоат ҳам унинг таҳоратсиз эканини билишмаса, жамоатнинг намози дуруст, имомники эса ботил бўлади. Бу фикр Умар, Усмон, Али, Ибн Умар розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинган. Шунингдек, имом Молик ва имом Шофеийлар ҳам шу фикрни айтганлар. Ривоят қилинишича, Умар розияллоҳу анҳу одамларга бомдод намозини ўқиб беради. Сўнгра кийимида эҳтилом асоратини кўради ва намозни қайтадан ўқийди, жамоат эса қайта ўқимайдилар.

Усмон розияллоҳу анҳу одамларга бомдод намозини ўқиб беради. Тонг отиб, қуёш кўтарилгач, кийимида жанобат асоратини кўради. Шунда ўзи намозни қайтадан ўқийди ва жамоатни қайта намоз ўқишга буюрмайди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ҳам одамларга бомдод намозини ўқиб беради. намоздан сўнг таҳоратсиз намоз ўқиганини билиб қолади ва намозни қайтадан ўқийди, жамоат эса қайтадан намоз ўқимайдилар. Мазкур асарларнинг барчасини Асрам ривоят қилган” [“Муғний” (1/419), айрим ўзгартиришлар билан].

Доимий фатво қўмитасидан пешин ва аср намозларини ўзи билмаган ҳолда жанобат билан одамларга имомлик қилган киши тўғрисида фатво сўралганда шундай жавоб беради: “Сизга жанобатдан ғусл қилгач, пешин ва аср намозларини қайтадан ўқишингиз вожибдир. Имкон қадар буни тезроқ бажаринг. Бироқ ортингизда бу намозларни ўқиган жамоатга мазкур намозларни қайтадан ўқиш вожиб эмас. Зеро, Умар розияллоҳу анҳу жунублигини унутиб одамларга бомдод намозини ўқиб беради. Шунда ўзи бомдод намозини қайтадан ўқийди, бироқ унга эргашиб намоз ўқиган жамоатни намозни қайтаришга буюрмайди. Негаки, улар билмаганликлари учун узрлидирлар” [“Доимий қўмита фатволари” (6/266)], валлоҳу аълам.

(IslamQA саҳифасидан олинди).

Изоҳ қолдиринг