Тилла, кумуш ёки темирдан тиш қўйдирса бўладими?

0

Савол:

Тилла, кумуш ёки темирдан тиш қўйдирса бўладими?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли-оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Аввало шуни эслатиб ўтишимиз лозимки, шариатимизда тилладан зийнат мақсадида фойдаланиш экракларга ҳаром бўлиб, аёлларга ҳалол қилингандир. Бунга Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадис далил бўлади: “Аллоҳ азза ва жалла умматим аёлларига ипак ва тиллани ҳалол қилиб, эркакларига ҳаром қилди” [Насоий: 5265. Шайх Албоний саҳиҳ деган].

Бироқ эркак киши бирон сабабга кўра тилладан фойдаланишга мажбур бўлса, масалан, танасидаги бир аъзодан маълум сабабларга кўра ажраб қолган бўлса ва ўша аъзони тиклаш ёки қўйишда тилладан бошқа нарса яроқли бўлмаса, у ҳолда зарурат миқдорича тилладан фойдаланиши жоиз бўлади.

Бунга Арфажа ибн Асъад розияллоҳу анҳу ривоят қилган қуйидаги ҳадис далолат қилади. Арфажа айтади: “Жоҳилият замонида Кулоб жангида бурним кесилди. Кейин кумушдан бурун ясатиб олдим. Бироқ у (йиринглаб) ёмон ҳид чиқара бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олтиндан бурун ясатиб олишимга буюрдилар” [Термизий: 1770. Шайх Албоний саҳиҳ деган].

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ “Мажмуъ” китобида шундай дейди: “Эркак киши (зарурат ҳолатлардагина) тилладан фойдаланиши жоиз эканига уламолар иттифоқ қилишган. Шофеий мазҳаби уламолари айтади: “Эркак киши (зарурат ҳолатида) олтин ва кумушдан бурун ёки тиш ясатиб тақиши, шунингдек, шикастланган тишни тилла ёки кумуш билан қоплаши жоиз” [Мажмуъ: 1/312].

“Қувайт фиқҳ қомуси”да шундай дейилади: “Фуқаҳолар тилладан бурун ясатиш жоизлигига иттифоқ қилишган. Моликий ва ҳанбалий мазҳаби уламолари, шунингдек, ҳанафий уламоларидан Муҳаммад ибн Ҳасаннинг фикрича, тилладан тиш ясатса бўлади. Шофеий мазҳаби уламолари эса ҳатто кесик бармоққа тилла протез кийдириш жоиз, дейишган ”.

“Саудия доимий фатво қўмитаси” (24/70) бу борада қуйидагича фатво берган: “Агар тиш шифокори ўз соҳасининг устаси бўлса ва сизни ҳолатингизда тилладан бошқа нарсадан тиш қўйиб бўлмайди, деган ташхис қўйса, у ҳолда тилладан тиш ясатишингиз жоиз бўлади, акс ҳолда, жоиз эмас”.

Шунга биноан, эркак киши тилладан зарурат ҳолатлардагина тиш ясатиши жоиз. Аммо аёл киши бўлса, ҳар қандай ҳолатда тилладан тиш қўйдириши ва зеб-зийнат сифатида фойдаланиши жоиз.

Кумушдан тиш қўйдириш ҳукмига келсак, бу борада ҳам эркаклар билан аёллар ўртасида фарқ бўлиб, аёллар ҳар қандай ҳолатда кумушдан тиш қўйдириши ва зеб-зийнат мақсадида фойдаланиши жоиз. Аммо эркаклар кумушдан фойдаланиши борасида уламолар ихтилоф қилишган. Бу борадаги тўғрироқ фикрга кўра, эркак киши кумушдан зеб-зийнат мақсадида узук, камар, Қуръонга ғилоф ва қиличига даста ясатишигина жоиз. Бироқ бирон зарурат ёки ҳожат бўлмаса, бундан бошқа нарсаларда зеб-зийнат мақсадида кумушдан фойдаланиши макруҳ саналади.
Шунга биноан агар эркак киши кумушдан тиш ясатишга ҳожати бўлса жоиз, акс ҳолда, макруҳ.

Аммо тилла ёки кумушдан бошқа металл ёки моддалардан тиш ясатиш, модомики, пок ва инсон соғлигига зарар етказмайдиган бўлса, улардан эркак ҳам, аёл ҳам тиш ясатиши жоиз. Қолаверса, ҳозирги кунда тиш табобати анча тараққий этган бўлиб, тилла ва кумушнинг ўрнини босадиган, ранг ва хусусият жиҳатидан табиий тишларга ўхшаш сунъий тишлар ихтиро қилинган. Шу боис бу борада тилла ёки кумуш ишлатишга деярли эҳтиёж қолмаган, валлоҳу аълам.

(Ушбу фатвони тайёрлашда IslamQA ва Islamweb саҳифаларидан фойдаланилди).

Изоҳ қолдиринг