Қабр зиёратида ўқиладиган дуо€

0

Ойша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ё Расулуллоҳ, қабрдагиларнинг ҳаққига қандай дуо қиламан?” – деб сўраганларида Расули акрам шундай деб жавоб бердилар: “Ассалому алайкум, қабристондаги мўмину мусулмонлар. Аллоҳ таоло биздан олдин ўтганларни ҳам, кейингиларни ҳам Ўз раҳматига олсин. Албатта, биз ҳам ортингиздан боражакмиз” – деб айт” (Муслим (1619) ривояти).

Бу зикрнинг арабча ўқилиши қуйидагича: “Ассалааму алаа аҳлиддияри минал мўъминийна вал муслимийн, ва ярҳамуллоҳул мустақдимийна миннаа вал мустаъхирийн, ва иннаа иншааллоҳу бикум лалааҳиқуун”.

Мўмин киши ҳар бир ишида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш инсоннинг Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатидан нишона бўлиши билан бирга гуноҳлар кечирилишига ҳам сабаб бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Айтинг: “Агар Аллоҳни севадиган бўлсангизлар, менга эргашинглар. Ана шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ кечиримли ва раҳмли зотдир”” – деган (Оли Имрон: 31). Шундай экан, биз ҳар бир ишимизда, жумладан, қабр зиёрат қилишда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига риоя қилишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабристонни қандай зиёрат қилганлари юқоридаги Ойша онамизнинг ҳадисларида батафсил айтилган. Ҳадиснинг қисқача хулосаси қуйидагича: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойша онамизнинг навбатларида уйга келиб, бироз ётадилар ва Ойша онамизни ухлаяпти, деган ўйда оҳиста уйдан чиқиб кетадилар. Бу ҳолатдан шубҳаланган Ойша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларидан кузатиб боради. У зот Бақеъ қабристонига бориб, тик турган ҳолда қўлларини кўтариб дуо қиладилар ва секин ортга қайтадилар. Ойша онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида у зотдан олдин уйга қайтиб келади. Ойша розияллоҳу анҳонинг ҳансираб ётганини кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима бўлганини сезадилар ва ҳеч қачон хиёнат қилмасликларини, Жаброил алайҳиссаломнинг кўрсатмалари билан чиқиб, Бақеъдагиларнинг ҳаққига дуо қилганларини айтадилар. Шунда Ойша розияллоҳу анҳо қабристонга зиёратга борганда қандай дуо қилиш ҳақида сўрайди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги дуони ўргатадилар. Демак, қабр зиёратига борган инсон қабрнинг олдида тик турган ҳолда қўлларини кўтариб, юқоридаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатган дуони айтиши суннат экан.

Мўмин киши дунё имтиҳон ҳаёти, охират эса инсоннинг асл маскани эканини унутмаслиги лозим. Зеро, биз бу дунёда охиратдаги масканимизни аниқлаш учун яшаймиз, холос. Шунинг учун охиратни унутишга ёхуд дунёга берилиб кетишга сабаб бўладиган омиллардан узоқ туришга буюрилганмиз. Қабристонга бориб, у ердагиларни зиёрат қилиш охиратни эслатадиган энг яхши амаллардан биридир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, энди зиёрат қилаверинглар” – деганлар (Муслим (977) ривояти). Имом Аҳмад (1240) ривоятида эса: “Чунки бу иш сизларга охиратни эслатади” – деганлар. Сабаби инсон қабристондаги манзарани кўриши ва бир кун келиб шу жой унинг ҳам борар манзили бўлишини эслаши, у ерда бою камбағал ўртасида фарқ йўқ эканини ўз кўзлари билан кўриши унинг учун жуда ҳам таъсирли ваъз бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни ўлимдан ибрат оладиган, охирати обод ва хотимаси саодатли бандаларидан қилсин!

Изоҳ қолдиринг