Таяммум боби (3)

0

Ўттиз саккизинчи ҳадис

 

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ رضي الله عنهما: أَنَّ النَّبِيَّ – صلى الله عليه وسلم – قَالَ: ((أُعْطِيتُ خَمْساً لَمْ يُعْطَهُنَّ أَحَدٌ مِنْ الأَنْبِيَاءِ قَبْلِي: نُصِرْتُ بِالرُّعْبِ مَسِيرَةَ شَهْرٍ وَجُعِلَتْ لِي الأَرْضُ مَسْجِدًا وَطَهُورًا فَأَيُّمَا رَجُلٌ مِنْ أُمَّتِي أَدْرَكَتْهُ الصَّلاةُ فَلْيُصَلِّ وَأُحِلَّتْ لِي الْمَغَانِمُ وَلَمْ تَحِلَّ لأَحَدٍ قَبْلِي وَأُعْطِيتُ الشَّفَاعَةَ وَكَانَ النَّبِيُّ يُبْعَثُ إلَى قَوْمِهِ خَاصَّةً وَبُعِثْتُ إلَى النَّاسِ عَامَّةً)) .

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Менга ўзимдан илгари ҳеч бир пайғамбарга берилмаган беш хислат берилди:
1) Бир ойлик масофадаги душманимнинг кўнглига қўрқув солиниши билан мададлантирилдим;
2) Ер мен учун намозгоҳ ва (тупроғи сув ўрнини босадиган) таҳорат воситаси қилинди. Умматимдан қай бирига намоз вақти қаерда етса, ўша ерда ўқийверади;
3) Менга ўлжалар ҳалол қилинди, ҳолбуки, мендан олдин ҳеч кимга ҳалол қилинмаган эди;
4) Менга шафоат қилиш (ҳуқуқи) берилди;
5) Ҳар бир пайғамбар ўз қавмигагина юбориларди, мен эса бутун инсониятга юборилдим” [Бухорий: 335 ва Муслим: 521].

Шарҳ:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошқа пайғамбарларга берилмаган бир қанча фазилатли хислатлар ва мақтовли сифатлар ато этилди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шарафи билан ислом уммати ҳам айрим шундай фазилатли ва мақтовли хусусиятларга эришди. Ушбу ҳадисда зикр қилинган сифатлар шулар қаторига киради.

Биринчиси: Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Пайғамбарини қўллаб-қувватлаш ва нусрат бериш ҳамда дин душманларини мағлуб ва хор қилиш учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай бир хислат бердики, у зот душманларидан бир ойлик масофада бўлсалар, улар қалбига ғулғула тушар, барқарорликларига путур етар, саф ва бирликлари бўлиниб, пароканда бўлар эди. Шубҳасиз, бу каби хислат билан мадад бериш ва қўлаб-қувватлаш Аллоҳ таолонинг  улкан кўмагидир.

Иккинчиси: Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бу улуғ пайғамбарга ва унинг раҳматга сазовор умматига енгиллик килиб, ер юзини намозгоҳ қилиб қўйди. Қаерда намоз вақти кирса, ўша ерда ўқийверади. Уларнинг ибодат қилиш ўринлари илгариги умматлар ибодатларини черков ва синагогаларда адо қилганлари каби муайян, махсус бир жойга чеклаб қўйилмади. Шу тарзда Аллоҳ таоло ўз фазлу марҳамати ва илтифоти билан бу уммат устидан қийинчилик ва тангликни олиб ташлади. Шунингдек, олдинги умматлар фақат сув билан покланишга буюрилган эдилар. Бу умматга эса сув топа олмаган ёки ишлатишга қодир бўлмаган ҳолатларда тупроқ билан покланишга рухсат берилди.

Учинчиси: Кофир душманлардан олинадиган ўлжалар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва умматига ҳалол қилинди. Ўлжалар улар ўртасида Аллоҳ таоло баён қилиб берган кўрсатмага биноан тақсимланади. Ваҳоланки, ўтган пайғамбарларга ва умматларига ўлжалар ҳаром қилинган эди. Улар ўлжаларни жамлаб, бир ерга тўплашар, агар амаллари мақбул бўлса, осмондан олов тушиб ўлжаларни ёндириб юборар эди.

Тўртинчиси: Аллоҳ таоло Пайғамбаримизгагина “Мақоми маҳмуд”, яъни мақтовли ўрин ва буюк шафоат соҳиби бўлишни насиб қилди. Қиёмат куни аросатда барча “улул азм”, яъни сабот-матонат эгалари бўлган пайғамбарлар шафоат қилишга ботина олмай турган бир пайтда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен шафоат сўрайман”, деб Арш остига сажда қиладилар ва Аллоҳ таолога лойиқ мақтов-ҳамдлар айтадилар. Шунда: “Шафоат сўранг, шафоат қилинади, сўранг берилади”, деб айтилади. Сўнг у зот Аллоҳ таолодан узоқ муддат маҳшарда туриб қолган халойиқни ҳисоб-китоб қилиб, улар ўртасида ажрим қилишини сўрайдилар. Мана шу аввалгилару охиргилар ҳавас қиладиган “Мақоми маҳмуд”, яъни мақтовли ўриндир.

Бешинчиси: Ўтган барча пайғамбарларнинг даъвати фақат ўз қавмларига чекланган эди. Аммо ушбу улуғ пайғамбарнинг рисолатини Аллоҳ таоло кенг қамровли ва то қиёматгача муносиб шариат қилиб қўйди. У зотнинг шариати барча замону маконларга яроқлидир. У барча одамларга – миллат ва элатларидан, макон ва замонларидан қатъий назар то қиёматгача абадий дастур ва қонун сифатида юборилди.

Ушбу шариат шундай улуғ ва барча замону маконга муносиб бўлгани учун ҳам охирги шариат қилинди. Зеро, унда қўшимча ҳукмларга эҳтиёж йўқ ва нуқсондан ҳам холи. У ўз ичига олган боқийлик ва абадийлик унсурлари туфайли ана шундай кенг қамровли қилинди.

Бу буюк ҳадис бўлиб, унда кўп фойдалар бор. Қуйида улардан энг муҳимларини қисқача келтириб ўтамиз.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қолган пайғамбарлардан, у зотнинг уммати қолган умматлардан афзал ҳисобланади.
2 – Банда ўзига Аллоҳ таоло томонидан берилган неъматларни санаши жоиз. Агар банда ўзига ато этилган неъматларни шукр қилиш ва ёдга олиш ниятида зикр қилса, ибодат ва Аллоҳга шукр қилиш саналади.
3 – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга душманлари қалбига қўрқув солиниши билан мадад берилди, ўлжалар ҳалол қилинди, бутун инсониятга пайғамбар қилиб юборилди, шафоат қилиш ҳуқуқи берилди, унга ва умматига ер намозгоҳ ва покловчи восита қилинди. Булар у зотнинг хислатларидан баъзиларидир. Айрим уламолар у зотнинг хос хислатларини ўн еттита, деб зикр қилишган. Санъоний роҳимаҳуллоҳ эса йигирма битта хислатларини санаганлар.
4 – Намознинг дуруст бўлиши хос бир маконга боғлиқ эмас. Балки ернинг ҳар қандай жойида ўқилган намоз дуруст ва яроқли саналаверади.
5 – Ер аслида намоз ва таяммум учун пок ва яроқли саналади.
6 – Ернинг барча жойидан таяммум қилса бўлади.
7 – Ислом шариати кенгқамровли, буюк шариат бўлиб, яшаб турган диёрлари ва ватанлари қаерда бўлишидан қатъий назар, бутун олам аҳлининг ибодатлари-ю ўзаро муносабатларини тартибга солиш учун юборилган.
8 – Санъоний роҳимаҳуллоҳ айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг довруқлари бир ойлик масофадаги душманлар қалбига қўрқув солувчи бўлганининг сабаби, бундан кўра узоқроқ масофада у зотга душманлик қилганлар бўлмаган”.

Изоҳ қолдиринг