Ҳайз боби (3)

0

Қирқ биринчи ҳадис

عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ: ((كُنْتُ أَغْتَسِلُ أَنَا وَرَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – مِنْ إنَاءٍ وَاحِدٍ كِلانا جُنُبٌ)) .

((وَكَانَ يَأْمُرُنِي فَأَتَّزِرُ , فَيُبَاشِرُنِي وَأَنَا حَائِضٌ)) .

((وَكَانَ يُخْرِجُ رَأْسَهُ إلَيَّ , وَهُوَ مُعْتَكِفٌ , فَأَغْسِلُهُ وَأَنَا حَائِضٌ)) .

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан иккимиз ҳам жунуб ҳолимизда бир идишдан чўмилардик” [Бухорий: 299 ва Муслим: 321].

Ҳайзлик ҳолатимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам лозим кийиб олишимга буюрар, сўнг мени қучар эдилар” [Бухорий: 300 ва Муслим: 293].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикофдалик чоғларида (масжиддан) бошларини менга чиқарар ва ҳайз ҳолимда у зотнинг бошларини ювиб қўяр эдим” [Бухорий: 301 ва Муслим: 297].

Шарҳ:

Мазкур ҳадис уч масалани ўз ичига олган:

Биринчиси: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва аёллари жанобатдан покланишда бир идишдан чўмилар эдилар. Зеро, жунуб одам дастлаб қўлини ювган бўлса, уни идишга ботириши сувнинг поклигига таъсир қилмайди.

Иккинчиси: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайз ҳолатидаги аёлнинг лозими устидан тегиниш жоизлигини билдириш мақсадида шундай қилдилар. Негаки, яҳудлар ҳайз кўрган аёл билан бирга овқатланмас ва ётмас эдилар.

Учинчиси: Аёл киши ҳайз ҳолатида масжидга кирмайди. Чунки ҳайз қони тушиб, масжидни ифлос қилиш эҳтимоли бор. Шу сабабдан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда туриб, Ойша розияллоҳу анҳонинг уйига бошларини тутар, у эса бошларини ювиб қўяр эди. У зотнинг бу амаллари ҳайз кўрган аёлга тегинишнинг зиёни йўқ эканига далолат қилади.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Эр-хотин жанобатдан покланишда бир идишдан ювиниши жоиз.
2 – Ҳайз кўрган аёлнинг жинсий аъзосидан бошқа ерига тегиниш жоиз. Аёлнинг бадани пок бўлиб, у ҳайз туфайли нажосат бўлиб қолмайди.
3 – Ҳайз кўрган аёл эри билан қучоқлашган пайтда лозим кийиб олиши мустаҳаб.
4 – Ҳаром амалга қўл уришга тўсқинлик қиладиган чора-тадбирларни олиш лозим.
5 – Ҳайз ҳолатидаги аёл масжидга кириши тақиқланади.
6 – Ҳайз кўрган аёл ҳўл ёки қуруқ нарсаларни ушлаши жоиз. Шу жумладан, бировнинг бошини ювиши ва сочларини тараб қўйиши мумкин.
7 – Эътикофда ўтирган киши масжиддан бошини чиқарса, масжиддан чиққан саналмайди. Бунга бошқа аъзоларни ҳам таққослаш мумкин. Фақат бутун бадани масжиддан чиқмаслиги шарт.

Изоҳ қолдиринг