Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Фаттоҳ исмининг маъноси

0

Фаттоҳ исмининг маъноси

Аллоҳ таолонинг “Фаттоҳ” исми “фатҳ” сўзидан олинган. Араб тилида фатҳ сўзи очиш, ёрдам бериш маъноларини англатади. Азҳарий айтади: “Фатҳ – сенинг ҳузурингга тортишиб келган қавм ўртасида ҳукм қилишингдир. Аллоҳ таоло Шуайб алайҳиссаломдан ҳикоя қилиб айтади: “Эй Раббимиз, биз билан қавмимиз ўртасини ҳақ билан оч (яъни ҳақ билан ҳукм қил). Зеро, Сен  очувчилар (яъни, ҳукм қилувчилар)нинг энг яхшисисан” (Аъроф: 89)”.

Қатода роҳимаҳуллоҳ айтади: “Биз билан қавмимиз ўртасини ҳақ билан оч”, яъни биз билан қавмимиз ўртасида ҳақ билан ҳукм қил, дегани”[1].

Табарий роҳимаҳуллоҳ юқоридаги оятнинг тафсирида шундай дейди: “Бизнинг ўртамизда ноҳақ ва зулм бўлмаган, аксинча, ҳақ ва адолат бўлган ҳукминг билан ҳукм қил. Зеро, Сен ҳукм қилувчиларнинг энг яхшишисан”[2].

Зажжож айтади: “Аллоҳ таоло ҳақ билан ботил ўртасида ҳукм қилди, яъни ҳақни очиқ баён қилиб, ботилни асоссиз ва пуч эканини исботлади. Зеро, У Фаттоҳдир”[3].

Хаттобий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Фаттоҳ – бандалари ўртасида ҳукм қилувчи дегани… Гоҳида Фаттоҳ сўзи бандаларига ризқ ва марҳамат эшигини очувчи, ечимини топмай турган иш ва сабабларни очувчи, бандалари ҳақни кўришлари учун уларнинг қалбларини ва басиратларини очувчи маъносида ҳам келади. Шунингдек, Фотиҳ – ёрдам берувчи маъносида ҳам бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Агар сизлар фатҳ (яъни, ёрдам) сўрасангизлар, дарҳақиқат, сизларга фатҳ (яъни, нусрат) келди” (Анфол: 19)”[4].

Шунга биноан, Фаттоҳ исмининг маъноси қуйидагича бўлади:

  • Бандалари ўртасида ҳақ ва адолатли бўлган шаръий ва қадарий ҳукмлари билан ҳукм қилувчи;

  • Бандаларига ризқ ва марҳамат эшигини очувчи, уларнинг ечимини топмай турган ишларини очувчи;

  • Мўмин бандаларига, хусусан, золимга қарши мазлумга ёрдам берувчи.

Аллоҳ таолонинг “Фаттоҳ” исми бирлик шаклида Қуръони Каримда бир ўринда, қуйидаги оятда зикр қилинган: “Айтинг: “Бизни Раббимиз бирлаштиради сўнг ўртамизда ҳақ билан ҳукм қилади. У Фаттоҳ ва Алиймдир” (Сабаъ: 26). Табарий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ Фаттоҳ ва Алийм, яъни бандалари ўртасида ҳукм қилишни биладиган қозидир. Чунки Унга ҳеч бир иш махфий эмас ва У ким тўғри, ким нотўғри эканини айтиб берадиган гувоҳларга ҳам муҳтож эмас”[5]. Аллоҳ таолонинг бу исми кўплик шаклида ҳам бир маротаба қуйидаги оятда айтилган: “Эй Раббимиз, биз билан қавмимиз ўртасини ҳақ билан оч (яъни ҳақ билан ҳукм қил). Зеро, Сен  очувчилар (яъни, ҳукм қилувчилар)нинг энг яхшисисан” (Аъроф: 89)”.

Табарий роҳимаҳуллоҳ “Ал-асно” китобида шундай дейди: “Фатҳ – араб тилида беркилган ҳиссий ва маънавий эшикларни очиш. Аллоҳ таоло ана шундай берк эшикларни очади. Бандаларга беркитилган йўлларни очиб, камбағални бой қилади, бошига мусибат тушган одамнинг мусибатини аритади, мақсадга етказади, мана шуларнинг барчаси фатҳ деб аталади. Негаки, камбағалнинг беркитилган ризқ эшиги бойлик билан очилади. Ҳакамнинг ҳузурига тортишиб келган хасмларга беркитилган ҳукм эшигини ҳакам очади. Шунинг учун ҳам ҳакам фаттоҳ деб аталади. Чунки у ечимсиз тортишувларга чек қўяди…”[6].

Аллоҳ таоло дунёда ҳам, охиратда ҳам бандалари ўртасида адолат билан ҳукм қилади. Дунёда пайғамбарлари орқали нозил қилган ҳукми билан ҳукм қилса, охиратда жаннату дўзах билан ҳукм қилади. Демак, бу дунёда Аллоҳнинг ҳукми билан ҳукм қилганлар адолатли саналиб, бу ҳукмдан юз ўгирганлар эса золим бўлади. Аллоҳ таоло: “Ким Аллоҳ нозил қилган ҳукм билан ҳукм қилмаса, ана ўшалар золимлардир” – дейди (Моида: 45).

Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган бандаларига илм ва ҳикмат эшигини очади. Бу борада ҳар ким ўз тақво ва ихлосига яраша улуш олади. Қуртубий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу очилишнинг чегараси йўқ, ҳар бир мўмин ўз насибасини олади. Пайғамбарлар энг юқори мартабани эгаллашган. Улардан кейинги ўринда авлиёлар, сўнг уламолар, сўнг авом мўминлар туради. Аллоҳ таоло бундан фақат кофирларни бебаҳра қолдирган, холос”. Аллоҳ таоло барча мазлумларга мадад, ночорларга ёрдам, адашганларга ҳидоят эшигини очсин. Зеро, Аллоҳ Фаттоҳ зотдир!

[1] “Тафсири Табарий” (9\3).

[2] “Тафсири Табарий” (9\3).

[3] “Тафсирул асмо” (39).

[4] “Ал-эътиқод” (57).

[5] “Тафсири Табарий” (22\65).

[6] “Ал-жомеъ лиаҳкомил Қуръон” (7\1-2).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг