Уйдан чиққанда ўқиладиган дуо€

0

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар инсон уйидан чиққанида: “Бисмиллаҳ, Аллоҳга таваккал қилдим. Аллоҳнинг мададисиз гуноҳдан тийилиб ҳам, тоат-ибодат қилиб ҳам бўлмайди” – деса, унга: “Сен ҳидоятландинг, таскин топдинг ва ҳимояландинг” – дейилади ва шайтонлар ундан узоқлашади” (Абу Довуд (5086) ва Термизий (3426) ривояти, Термизий: “Бу ҳадис ҳасан саҳиҳ ғариб” – деган. Шунингдек, шайх Албоний ҳам саҳиҳ деган).

Бу зикрнинг арабча ўқилиши қуйидагича: “Бисмиллаҳ, таваккалту ъалаллоҳ, ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ”.

Умму Салама розияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларидан чиқсалар: “Бисмиллаҳ, Аллоҳга таваккал қилдим. Аллоҳим, Сенинг номинг билан (билиб-билмай) хато қилишдан ёки адашишдан, зулм қилишдан ёки зулм кўришдан, жоҳиллик қилиш ёки жоҳиллар тарафидан зарарланишдан паноҳ тилаймиз” – дер эдилар (Абу Довуд (5085) ва Термизий (3427) ривояти. Термизий: “Бу ҳадис ҳасан саҳиҳ” – деган).

Бу зикрнинг арабча ўқилиши қуйидагича: “Бисмиллаҳ, таваккалту ъалаллоҳ. Аллоҳумма иннаа наъуузу бика мин ан назилла ав надилла, ав назлима ав нузлама ав нажҳала ав йўжҳала алайна”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларига назар солар эканмиз, ҳар сафар уйдан чиқишдан олдин бисмиллоҳни айтиб, барча ишларини Аллоҳга топшириб, гуноҳдан тийилиш ва савоб ишлар қилиш учун У зотдан мадад сўрашлари билан бир қаторда билиб-билмай хато қилиш, тўғри йўлдан озиш ёхуд одамларни адаштириш каби турли ножўя ишлардан паноҳ сўраганларига гувоҳ бўламиз. Хусусан, Абу Довуд ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар сафар уйдан чиққанларида осмонга қараб, юқоридаги дуони айтганлари таъкидланган.

Тийбий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсон уйидан чиққанида одамларга аралашиши ва иш билан машғул бўлиши тайин. У кундалик ҳаётида тўғри йўлдан чиқишдан қўрқади. Бу диний ишларда бўлса, ё ўзи адашади ёки бошқани адаштиради. Дунёвий ишларда бўлса, одамлар билан бўладиган муомала сабабли бўлади, масалан, бировга зулм қилади ёки ўзи зулм кўради ёки уларга аралашиш ва шерик бўлиш сабабли бўлади. Масалан, бировларга нисбатан жоҳиллик қилади ёки унга нисбатан бошқалар жоҳиллик қилишади. Шунинг учун қисқа ва равон сўзлар билан мана шу ҳолатларнинг барчасидан паноҳ тиланди…” (“Туҳфатул аҳвазий” (8\430).

Мусулмон киши кимнингдир тушида кўрган ёки ўйлаб топган дуоларига одатланиш ўрнига сарвари оламнинг мана бундай сермазмун дуоларини айтишга одатланиши лозим. Зеро, бу дуони айтган кишидан шайтонлар узоқлашиши ва фаришта унга қараб: “Сен ҳидоятландинг, Аллоҳ сенинг барча ғам-ғуссаларинга Ўзи кифоя қилади ва шайтонлардан сақлайди” – деб айтишини эшитган ҳар қандай инсон бу дуоларни қолдирмай айтиши тайин. Бу дуоларни маъноларини англаган ҳолда араб тилида айтиш мақсадга мувофиқ бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни каттаю кичик хатолардан, адашиш ёки адаштиришдан, зулм қилиш ёки зулмланишдан, жоҳиллик қилиш ёки жоҳиллар тарафидан зарарланишдан Ўз паноҳида асрасин!

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг