Жизяга оид ҳукмлар

0

Жизяга оид ҳукмлар:

Биринчидан: жизя тўлаши шарт бўлган зиммийлар:

Жизя балоғатга етган, эс-ҳуши жойида эркак зиммийлардангина олинади. Шунингдек, жизя олиниши учун зиммийнинг соғлом, моддий имкониятли, озод ва меҳнат қилишга тўсқинлик қиладиган сабаблардан холи бўлиши шарт қилинади.

Шунга кўра вояга етмаган ёш болалар, ақлий заиф кишилар, аёллар, ишсиз камбағаллар, одамларга аралашмайдиган роҳиблар, кўзи ожизлар, касаллик ёки кексалик сабабли меҳнатга яроқсиз ногиронлар ва қуллардан жизя олинмайди. Мазкур кишилардан биронтаси йил мобайнида жизя тўлашга яроқли бўлсалар, масалан, ёш бола балоғатга етса, камбағал бойиса ёки қул озод бўлса, у ҳолда улардан йил охирида жизя олинади. Айтайлик, камбағал зиммий йил ярмида бойиса, ундан белгиланган жизянинг ярми олинади.

Иккинчидан: жизя миқдори ва тўлаш вақти:

Шофеий мазҳаби уламоларининг фикрича, бир йиллик энг оз жизя миқдори бир динор бўлиб, ўртаҳол зиммийдан икки динор олинса, бой зиммийдан тўрт диноргача олинади.

Ҳанафий ва ҳанбалий мазҳаби уламоларининг фикри ҳам шофеий мазҳабининг фикрига яқин бўлиб, фарқли жойи улар жизяни дирҳам[1] билан белгилаганлар. Уларнинг фикрича, бир йиллик жизя миқдори ўн икки дирҳамдан иборат бўлиб, ўртаҳол зиммийдан йигирма тўрт дирҳам, бойдан эса қирқ саккиз дирҳамгача жизя олинади.

Моликий мазҳаби уламоларининг фикрича, жизянинг муайян миқдори мавжуд бўлмай, балки уни ҳокимлар зиммийнинг ҳолатидан келиб чиқиб белгилайдилар.

Учинчидан: жизя қачон соқит бўлади:

Жизя зиммийнинг исломни қабул қилиши, шунингдек, рожиҳ фикрга кўра, унинг ўлими билан соқит бўлади.

[1] Бир дирҳам 3 грамлик кумуш танга, динор эса 4.25 грамлик олтин тангадан иборат.

Изоҳ қолдиринг