Нажосат теккан ерни тозалаш

0

(5) Нажосат теккан ерни тозалаш:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир аъробий ўрнидан туриб масжидда пешоб қилди. Одамлар уни бу ишдан қайтариш учун унинг олдига бордилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:Уни ўз ҳолига қўйинглар ва пешоби устидан бир челак сув оқизинглар. Зеро, сизлар енгиллатувчи бўлиб юборилгансизлар, қийинлаштирувчи эмас[1].

Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, ерга нажосат тегса устидан сув тўкиш билан ер тоза бўлади.

Шунингдек, саҳоба ва тобеинларнинг сўзларидан иборат талай асарлар борки, уларга кўра нажосат теккан ер қуриши билан ҳам покланади. Абу Қилоба роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар (нажосат теккан) ер қуриса пок бўлади[2].

Мазкур фикр Ибнул Ҳанафийя ва Ҳасан Басрий роҳимаҳумаллоҳдан ҳам нақл қилинган[3].

Албатта, бу ҳукм суюқ нажосатга тегишли. Аммо нажосат қуюқ бўлса ёхуд унинг жисми ва асорати бўлса, у ҳолда ер пок бўлиши учун нажосат жисми ёхуд асорати йўқолиши ёки унинг бошқа бир моддага айланиб кетиши шарт қилинади.

[1] Бухорий (220, 6128), Абу Довуд (380), Термизий (147) ва Насоий (3/14) ривоят қилишган.
[2] Ибн Абу Шайба ривояти (1/59).
[3] Собиқ манба.

Изоҳ қолдиринг