Усмон розияллоҳу анҳу: Зуннурайн шахсиятининг асосий қирралари

0

Усмон Зуннурайн шахсиятининг энг асосий қирраларидан бири унинг етакчилик салоҳияти саналади. У раббоний раҳбарнинг барча сифатларига эга шахс эди. Аллоҳга ва охират кунига кучли иймон, шаръий илм, Аллоҳга суяниш, ўрнак кўрсатиш, ростгўйлик, лаёқат, шижоат, мурувват, зуҳд, фидокорлик, тавозелик, насиҳатни қабул қилиш, ҳалимлик, сабр, олийҳимматлик, зийраклик, кучли ирода, одиллик, муаммоларни ечишга қодирлик, бошлиқликка тайёрлаш ва тайин қилиш кабилар унинг энг муҳим сифатларидан эди. У Аллоҳ томонидан ўзига ато этилган бошқарувчилик қобилияти билан давлатни муҳофаза қилишга, фатҳ қилинган ерларда юз берган қўзғолонларни бостиришга, умматни аввалдан пишиқ-пухта режаланган мақсадлари сари етаклашга қодир бўлди. Биз қуйида унинг сифатларидан баъзиларини умумий суратда, баъзиларини эса батафсил айтиб ўтамиз.

Илм ва таълим-тарбияга эътибор қаратиши

Усмон розияллоҳу анҳу Қуръони Карим ва Пайғамбар суннатлари борасида энг илмли саҳобалардан эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларига эргашишга ва ўзидан олдинги икки халифанинг тутумларини маҳкам тутишга ҳаракат қиларди. Урва ибн Зубайрдан ривоят қилинади, унга Убайдуллоҳ ибн Адий ибн Хиёр шундай айтиб берган экан: Мисвар ибн Махрама билан Абдураҳмон ибн Асвад икковлари менга: “Тоғанг Усмонга унинг (она бир) иниси Валид ибн Уқба ҳақида гапирсанг бўлмайдими? Одамлар унинг қилмиши (яъни ароқхўрлиги учун жазо берилмаётгани) ҳақида кўп гапиришмоқда”, дедилар. Убайдуллоҳ айтади: Шундан сўнг мен Усмонга у намозга чиққан пайтида рўпара келиб: “Сизда ишим бор, насиҳат қилмоқчиман”, дедим. Шунда у: “Эй инсон, сендан (яъни сенинг ёмон гапларингдан) Аллоҳдан паноҳ сўрайман”, деди. Мен ортимга қайтдим. Намоздан сўнг Мисвар билан Абдураҳмон ёнига келиб ўтирдим ва уларга Усмон билан бўлган гапни айтиб бердим. Улар: “Сен ўз зиммангдаги вазифани адо этдинг”, дейишди. Улар билан ўтирган эдим, Усмоннинг элчиси келиб, мени чақираётганини айтди. Мен унинг олдига кириб бордим. У: “Нима насиҳатинг бор эди?”, деди. Мен аввал шаҳодат калималарини айтиб, кейин: “Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб юборди, у зотга Қуръон нозил қилди. Сиз Аллоҳ ва Расулига ижобат қилган кишилардан бўлдингиз. У зотга иймон келтиргансиз, икки марта ҳижрат қилгансиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳоба бўлиб, у зотнинг йўлларини кўргансиз. Дарҳақиқат, одамлар Валид ибн Уқба ҳақида кўп гапиришмоқда. Сиз унга ҳад (яъни жазо) урдиришингиз лозим бўлди”, дедим. Усмон менга: “Эй жиян, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (суҳбатлари)га етишганмисан?”, деди. Мен: “Йўқ, лекин менга у зотнинг илмларидан чодрада ўтирган бокира қизларга етганча (яъни ҳамма биладиган даражада) нарса етган”, дедим. Шундан сўнг Усмон шаҳодат калималарини айтди, сўнг: “Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақ билан юборди ва у зотга Китоб нозил қилди. Мен Аллоҳ ва Расулига ижобат қилган кишилардан бўлдим ва сен айтганингдек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга юборилган динга иймон келтирдим, икки марта ҳижрат қилдим, у зотга саҳоба бўлдим ва байъат бердим. Аллоҳга қасамки, то вафот этгунларига қадар мен у зотга итоатсизлик қилмадим, хиёнат қилмадим. У зотнинг вафотларидан сўнг Абу Бакр халифа бўлди. Аллоҳга қасамки, мен у кишига ҳам итоатсизлик қилмадим, хиёнат қилмадим. Кейин Умар халифа бўлди. Аллоҳга қасамки, мен унга ҳам итоатсизлик қилмадим, хиёнат қилмадим. Унинг вафотидан кейин мен халифа қилиндим. Энди мен учун сизларнинг зиммангизда менинг зиммамда уларга нисбатан бўлган нарса (яъни итоат) лозим эмасми?!”, деди. “Ҳа, шундай”, дедим мен. “Унда, сизлар ҳақингизда менга келаётган гаплар қандай гап?!”, деди. Сўнг: “Энди Валид ибн Уқба ҳақидаги гапингга келсак, биз бу тўғрида иншааллоҳ, ҳақни ушлаймиз”, деди. Сўнг Валидга қирқ (бир ривоятда: саксон) дарра урдирди. Алига буюрди, у дарра урди[1].

Дарҳақиқат, Зуннурайн Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга яқин саҳобалардан бўлган, у зотнинг илми ва ҳидоятларидан кўп фойдаланган ва шу билан саҳобаларнинг энг катта олимлари қаторидан ўрин олган эди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан умматга фойдали бўлган кўплаб ҳадислар ривоят қилган. Абу Абдураҳмон Суламий Усмон розияллоҳу анҳудан эшитган ва ўзи умр бўйи унга амал қилиб ўтган бир ҳадисни сўзлайди: Усмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадисни ривоят қилди: “Яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва бошқаларга ўргатганларингиздир[2]. Абу Абдураҳмон Суламий Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларидан тортиб то Ҳажжожнинг амирлик даврида вафот этгунига қадар Қуръон ўқитиш билан умр ўтказган, “Мени бу ўринга ўтқизган шу (ҳадис)дир”, деб айтар эди.

Усмон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадислардан:

  • Таҳоратнинг аҳамияти ҳақида:

Усмон розияллоҳу анҳу бир текис тош устида таҳорат қилди. Сўнг шундай деди: Мен сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган бир ҳадисни айтиб бераман, агар Аллоҳнинг Китобида бир оят бўлмаганида эди, мен сизларга бу ҳадисни айтмаган бўлардим. Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким таҳорат қилса, таҳоратини чиройли қилса, сўнг кириб намоз ўқиса, шу намози билан кейинги бошқа намозини ўқигунича ўртадаги гуноҳлари кечирилади”, деганларини эшитганман[3].

Ҳадис ровийларидан бири Урва айтади: Усмон кўзда тутган оят “Биз нозил қилган ҳужжатлар ва ҳидоятдан иборат нарсаларни одамларга Китобда равшан қилиб берганимиздан кейин беркитган кимсаларни шубҳасиз Аллоҳ лаънатлагай ва лаънатловчи зотлар лаънатлагайлар” [Бақара: 159] ояти эди[4].

  • Таҳорат қилишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тақлид қилгани:

Ҳумрон ибн Абондан ривоят қилинади: Усмон ибн Аффон сув чорлаб, таҳорат қилди: оғзини ва бурнини чайди, сўнг юзини уч марта ювди, билакларини уч мартадан ювди, бошига масҳ тортди ва оёқларини ювди, сўнг кулди. Кейин асҳобларига: “Нима учун кулганимни сўрамайсизларми?”, деди. Улар: “Нега кулдингиз, эй амирулмўъминин?”, деб сўрашганида: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрганманки, сув чорлаб, мен таҳорат қилганимдек таҳорат қилдилар, сўнг кулдилар. Кейин: “Нима учун кулганимни сўрамайсизларми?”, дедилар. “Нега кулдингиз, ё Расулуллоҳ?”, деб сўраган эдилар, у зот: “Банда таҳоратга сув чорлаб, юзини ювганида, Аллоҳ ундан юзи билан қилган барча гуноҳларини тўкиб юборади. Билакларини ювганида ҳам шундай бўлади. Бошига масҳ тортганида ҳам шундай бўлади. Оёқларини ювганида ҳам шундай бўлади”, дедилар”[5].

  • Таҳоратнинг каффоратлиги:

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким таҳоратни Аллоҳ азза ва жалла буюрганидек комил суратда қилса, фарз намозлар улар орасидаги гуноҳларга каффорат бўлади”, дедилар[6].

  • Таҳорат ва намоз гуноҳлар кечирилишига сабаб:

Усмон розияллоҳу анҳу таҳоратга сув келтиришни сўради. Кейин идишдан икки қўлига сув қуйиб, уларни уч марта ювди. Сўнгра ўнг қўлини идишга солиб, оғзини чайди ва бурнига сув олиб, қоқди. Сўнг юзи ва икки қўлини тирсаклари билан бирга уч марта ювиб, сўнг бошига масҳ тортди. Кейин оёқларини тўпиқлари билан уч мартадан ювди. Сўнгра бундай деди: Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг худди шундай таҳорат қилганларини кўрганман. У зот: “Ким мен таҳорат қилгандай таҳорат қилиб, кейин икки ракаат намоз ўқиса ва унда ўзи билан ўзи гаплашмаса (яъни ўй-хаёли турли дунёвий ишлар билан машғул бўлмаса), Аллоҳ унинг ўтган гуноҳларини мағфират қилади, деганлар[7].

  • Ихлос ва тақво калимаси:

Усмон розияллоҳу анҳу деди: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Мен шундай бир калимани биламанки, банда уни чин қалбидан айтса, албатта дўзах унга ҳаром бўлади”, деганларини эшитганман. Шунда Умар ибн Хаттоб унга: “У қайси калима эканини мен сизга айтиб бераман. У Аллоҳ таборака ва таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва асҳобларини у билан азиз қилган ихлос калимасидир. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари Абу Толибга унинг вафоти олдидан арз қилган тақво калимаси – “Ла илаҳа иллаллоҳ” деб гувоҳлик бериш калимасидир”, деди.[8]

  • Аллоҳни таниш бандани жаннатга киритади:

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлигини билган ҳолида вафот этса, жаннатга киради”, дедилар[9].

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан ёлғон гапиришнинг хатари:

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким менинг номимдан қасддан ёлғон гапирса, ўзига дўзахдан уй ҳозирлайверсин”, дедилар[10].

Ушбулар Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадислардан баъзилари бўлиб, улар унинг илми нақадар юқори, шариатни тушуниши нақадар чуқур эканига далолат қилади.

[1] Бухорий (3693).
[2] Бухорий (5028).
[3] Муснад Аҳмад (400), санади саҳиҳ.
[4]”Ал-фатҳур раббоний” (1/309).
[5] Муснад Аҳмад (415), саҳиҳ лиғойриҳ.
[6] Муснад Аҳмад (406), санади саҳиҳ.
[7] Муснад Аҳмад (418), санади саҳиҳ.
[8] Муснад Аҳмад (447), санади кучли.
[9] Муснад Аҳмад (447), санади саҳиҳ.
[10] Муснад Аҳмад (507), санади саҳиҳ.

Изоҳ қолдиринг