Дурузларнинг сири ва уларнинг яшаш жойлари

0

Дурузларнинг сири

Ўтган мақоламизда дурузлар ўз эътиқодларини сир тутишларини айтиб ўтган эдик. Уларнинг сирини фош қилишнинг оқибати қатл билан тугайди. Агар сирни фош қилган кишини қатл қила олмасалар, унга турли хил туҳмат тошларини ёғдириб, ҳақорат қила бошлайдилар. Бунинг сабаби ойдек равшан: улар эътиқодлари қанчалар бузуқ экани ҳамда бу эътиқодни одамлар олдида ҳимоя қилишга кучлари етмаслигини яхши биладилар. Шунинг учун ўз эътиқодларини очиқ айтиб, баҳс-мунозара қила олмайдилар.

Доктор Хатибнинг айтишича, шайх Зайд ибн Абдулазиз Файёз Жидда ва Риёз шаҳарларида чоп этилаётган “Манҳал” ҳамда “Роятул ислом” журналларида дурузларнинг баъзи эътиқодларини ёритиб, улар мусулмон эмасликларини ёзган. Шунда дурузлар шайх Файёзни ҳақорат қила бошлашган. Шунингдек, дуруз олимларидан бири ҳисобланган Абдуллоҳ Нажжор “Дурузлар мазҳаби ва тавҳид” номли китобини чоп қилиб, бу фирқанинг асл башарасини очиб берганида унинг ҳаққига ҳам турли хил туҳматлар қилишган. Дуруз шайхлари уни бу фирқанинг сирини фош қилишда айблаб маҳкамага беришган ва мазкур китобнинг барча нусхасини тўплаб, ёқиб юборишган. Ливанда бўлиб ўтган нотинчликлардан фойдаланган ҳолда Нажжор ҳаётига суиқасд уюштиришган.

Уларнинг бу қилмишларидан шу маълум бўладики, улар ўз эътиқодлари ботил эканини ўзлари ҳам яхши биладилар. Негаки, ҳақ йўлдаги инсон ўз эътиқодини яширмайди. Балки бошқаларни ҳам шу йўлга очиқчасига даъват қилади, ўз эътиқоди одамлар орасида тарқалишини хоҳлайди.

Шайх Муҳаммад Аҳмад Хатиб “Дурузларнинг эътиқоди” номли китобини чоп этганидан сўнг унга нисбатан қилинган таҳдидлар ҳақида шундай дейди: “Менга кетма-кет қўнғироқлар келиб, мени ўлим билан қўрқитар эдилар. Ортидан бу китобим ва ундаги маълумотлар учун узр сўрамаган тақдиримда ҳолим вой бўлиши битилган мактублар келарди. Шу билан чекланиб қолмай, кучлари етганича китобимнинг нусхаларини йиғиб, ёқиб юбордилар. Шунингдек, бир неча араб давлатларидаги масъуллардан бу китобни тақиқлашни талаб қилдилар. Натижада, бир неча араб диёрларида китобим тақиқланди”[1].

Дурузларнинг яшаш жойлари

Дурузлар бир неча давлатларда бор. Дурузлар ҳақида изланган олимларнинг сўзларига қараганда, улар асосан қуйидаги минтақаларда яшашади:

1) Суриянинг Сувайдо вилоятидаги Ҳурон тоғида (бу тоғ Араб ёки Дуруз тоғи деб ҳам аталади) яшашади. Бу минтақада дурузларнинг етмиш учдан ортиқ қишлоқлари мавжуд.

2) Ливаннинг Ғарбул-аъло, Ғарбул-асфал, Шаҳҳор, Маносиф, Жарад, Арқуб, Борук ҳамда Шавф минтақаларида истиқомат қилишади.

3) Фаластинда эса Кармал ва Сафад тоғларида яшашади.

4) Жазоирнинг Тилимсон шаҳри яқинида Бани Абас номли қабила бўлиб, улар дурузлар эътиқодини ўзларига дин тутишган.

Муҳаммад Комил Ҳусайн мазкур минтақаларни санаб ўтганидан сўнг: “Ким билади, изланувчилар араб диёрларида дуруз эътиқодидаги бошқа минтақаларни ҳам топишлари  эҳтимолдан холи эмас”[2] – дейди. Аллоҳ таолодан бу ботил эътиқоддаги бошқа тоифалар чиқмаслигини сўраб қоламиз!

[1] “Дурузлар эътиқоди” китоби, 299-бет.
[2] “Дуруз тоифаси” китоби, 5-6-бетлар.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг