Фарзанд туғилганида қилинадиган ишлар

1

Савол:

Фарзанд туғилганида унинг қулоғига азон ва иқомат айтилади. Бундан бошқа қилиниши керак бўлган ишлар ҳам борми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан разияллоҳу анҳу туғилганида унинг қулоғига азон айтганлари тўғрисида келган ҳадиснинг саҳиҳ ёки заифлигида уламолар ўртасида ихтилоф бор. Шу ҳадисни саҳиҳ деган уламолар чақалоқнинг қулоғига азон айтиш суннат дейишган бўлса, ҳадисни заиф деганлар бу амал суннат эмас, дейишган. Биз бу борада Абу Рофеъ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни заиф деб билсак-да, мазкур ҳадисни саҳиҳ деган фикрга биноан, бу амални суннат дейдиган биродарларимизнинг ишларини ҳам инкор қилмаймиз. Бироқ чақалоқнинг чап қулоғига иқомат айтиш тўғрисида келган ҳадис собит эмас. Шунга биноан, боланинг чап қулоғига иқомат айтиш суннат эмас.

Шунингдек, фарзанд етти кунлигида унга ақиқа қилиш, унинг сочини олиш ва сочининг вазнича кумуш садақа қилиш суннат. Чунки Самура разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Болага баъзи яхшиликларнинг етиши унга ақиқа қилинишига боғлиқ. Бола етти кунлигида ақиқа қилинади, сочи олинади ва унга исм қўйилади”, деганлар (Ибн Можа ривояти, 3165-ҳадис). Баъзи ривоятларда “ва сочининг вазнича кумуш ёки кумуш қийматига тенг маблағ садақа қилинади” деган қўшимча ҳам бор. Агар еттинчи кунида ақиқа қилинмаса, кейинроқ, ҳатто орадан бир қанча йиллар ўтиб кетгач қилинса ҳам бўлаверади. Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ: “Агар менга ақиқа қилинмаган бўлганида, ўзимга атаб ақиқа қилган бўлардим”, деганлар (Ибн Абу Шайба ривояти, 24718-ҳадис), валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion1 комментарий

  1. Ассалам алейкум ва рахматуллах баракатух фарзант тугилгандан кейин тезрок исм куй а а зехни заифлашади дейишяпди шу гап рост шу хакида тулик жавоб берсангиз олдиндан рахмат

Изоҳ қолдиринг