Ёзма талоқ

0

Ёзма талоқ:

Эр хотинидан узоқда бўлса ва унга ёзма талоқ хати юборса талоқ тушадими ёки йўқми?

Уламолар бу борада ихтилоф қилишган. Баъзи уламолар бундай талоқ тушмайди десалар, айримлари  тушади дейишган. Талоқ тушади деган фикр рожиҳдир. Бироқ бу ҳолатда талоқ қилганига гувоҳлар келтириши шарт қилинади. Негаки, ёзув баён ва ифодада сўз ўрнида туради. Шу сабаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Раббининг рисолатини баъзи инсонларга сўз билан етказган бўлсалар, баъзилар, яъни подшоҳларга мактуб орқали етказдилар. Шунингдек, Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, “Абу Амр ибн Ҳафс уни ғойибона қайтмайдиган (яъни боин) талоқ қилган”[1].

Бироқ талоқ қачондан эътиборан тушган ҳисобланади?

Ибн Ҳазм “Муҳалло”да талоқ хабари аёлга етиб борган ондан эътиборан талоқ тушишини рожиб деб билади. Унинг фикрича, модомики талоқ хабари аёлга етиб бормас экан нафақа вожиблиги, мерос ва ҳоказо масалаларда хотинлик ҳукмида қолаверади. Шунингдек, иддаси ҳам талоқ хабари етиб боргандан кейингина ҳисоблана бошлайди[2].

Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳнинг фикрича, идда талоқ қилинган вақтдан эътиборан ҳисоблана бошлайди. Шунингдек, бу фикр ҳанбалийлар мазҳабининг фикридир,[3] валлоҳу аълам[4].

[1] Муслим (1480) ва Абу Довуд (2284) ривоят қилишган.
[2] Қаранг: “Муҳалло” (11/515), 966-масала.
[3] “Аш-шарҳул мумтеъ” (5/689).
[4] Уламолар ёзма талоқ хусусида тўрт хил фикр билдирганлар:
1. Зоҳирийлар ва шофеий мазҳабидаги бир фикрга кўра ёзма талоқ тушмайди.
2. Ҳанафий, моликий, шофеий ва ҳанбалий мазҳабларига мансуб аксар фуқаҳолар фикрига кўра эр хоҳ хотинидан узоқда бўлсин, хоҳ унинг олдида бўлсин ёзма талоқ тушади. Ёзма талоқ киноя қабилидан саналиб, агар эр у билан талоқни ният қилса талоқ тушади, агар ният қилмаса тушмайди.
3. Шофеий мазҳабига оид бир фикрга кўра хотинидан узоқда бўлган кишининг ёзма талоғи киноя қабилидан саналиб, талоқни ният қилган бўлса инобатга олинади.
4. Ҳанафий, моликий ва шофеий мазҳабларининг фикрича, шунингдек, имом Аҳмаддан нақл қилинган бир ривоятга кўра очиқча ёзма талоқ худди очиқча оғзаки талоқ каби ниятсиз инобатга олинади.

Изоҳ қолдиринг