Сийрат: арабларнинг исломдан олдинги ижтимоий ҳолати (1)

0

Араблар ҳаёти урф-одатлар билан бошқариларди. Насл-насаб, қабилалар аро муносабатлар, жамиятда шахсларнинг ўзаро бир-бирига бўлган муносабатлари, буларнинг барчаси урфдан келиб чиққан қоидалар асосида юритиларди. У даврдаги ижтимоий ҳолатни қуйидаги бандларда қисқача ёритиб ўтиш мумкин:

Насл-насабга ҳаддан ташқари таяниш ва у билан фахрланиш

Араблар ўз наслини сақлаб қолишга қаттиқ эътибор беришарди. Шу боис ажамлар билан қуда-андачилик қилишмасди. Бироқ ислом келиши билан бу қоидага чек қўйди, жамиятда инсон қадрини белгилайдиган мезон тақво эканини баён қилди.

Фасоҳат билан, хусусан, шеър билан фахрланиш

Фасоҳатли гап ва балоғатли услуб арабларнинг жону дили эди. Уларнинг ўтмиши шеър билан битилган, илм-маърифатлари шеър билан ўлчанар, ҳис-туйғулари шеър воситасида ифода этилар эди. Шунинг учун араблардан фасоҳатли нотиқлар ва улуғ шоирлар чиққани табиий ҳол эди. Бир байт шеър бир қабила шаънини кўкка кўтариши, аксинча, уни ер билан яксон қилиши мумкин эди. Шу сабабли бир шоирнинг чиқиши бутун қабила учун катта хурсандчилик ҳисобланарди.

Араб жамиятидаги аёл

Аксар араб қабилалари аёлга бир буюмдек қарашар эди. Эри ўлган аёл мерос сифатида тақсимланиши бунга яққол бир мисолдир. Эри вафот этган аёлга эрининг бошқа хотинидан бўлган тўнғич фарзанди уйланиши ёки уни никоҳланишдан буткул маҳрум қилиши мумкин эди. Бу қоидага ҳам ислом чек қўйди. Умуман олганда, инсон отасининг хотинига, яъни ўгай онасига уйланиши жоиз эди. Аллоҳ таоло “Оталарингиз уйланган аёлларга уйланмангизлар. Олдин ўтган ишлар бундан мустасно. Албатта, бу фаҳш иш, зулм ва ёмон йўлдир” ояти билан бу ишни ҳаром қилди. Араблар ўз оналари, қизлари, опа-сингиллари, амма ва холаларига никоҳланишни ҳаром деб билишарди[1].

Араблар қизлар, аёллар ва ёш болаларга, яъни отга миниб жангга қатнаша олмайдиган ва урушда қўлга киритилган ўлжадан улуш олмайдиганларга мерос беришмасди. Аёллар ва ёш болаларга мерос бермаслик қоидасига исломнинг дастлабки даврларида ҳам амал қилинарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида Авс ибн Собитнинг вафотидан сўнг бу қоидага ҳам шариатимиз чек қўйди. Авс ибн Собит вафот этганида унинг иккита қорачадан келган қизи, бир ёш ўғли ва хотини қолган эди. Аёл ва ёш болалар мерос олмаслигига биноан Авснинг барча меросини икки амакиваччаси олишди. Авснинг хотини уларга икки қизини ўз никоҳларига олишларини таклиф қилди. Қизлар қора бўлишгани учун улар бу таклифни рад этдилар. Шунда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди ва деди: “Ё Расулуллоҳ, Авс вафот этди. Ортидан икки қизи ва бир ёш ўғли қолди. Авснинг амакиваччалари Сувайд билан Арфата ундан қолган барча меросни олиб кетишди. Уларга қизларимга уйланишларини таклиф қилдим, бош тортишди”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга: “Меросга тегманглар” – дедилар[2] ва “Мерос оз ёки кўп бўлишидан қатъий назар ота-она ва қариндошлар қолдирган меросдан эркакларнинг насибалари бор, ота-она ва қариндошлар қолдирган меросдан аёлларнинг ҳам насибалари бор. Бу Аллоҳ тарафидан фарз қилинган улушдир” (Нисо: 7) ояти нозил бўлди.

Қиз фарзанд араблар учун ор саналарди. Чунки қизлар урушга қатнашмас, душман бостириб келганида аҳолини ҳимоя қила олмас, эркаклар каби ишлаб пул топмас эди. Хотин-қизлар асир тушиб қолса эркаклар ўртасида қўлма-қўл бўлишарди. Баъзилар қўлга тушган асир аёлларни фоҳишалик қилишга мажбурлар, шунинг ортидан пул орттирар эдилар. Устига устак бу ишларнинг барчаси араблар назарида қонунга мувофиқ эди. Шунинг учун бу жамиятда қиз фарзанд кўрган киши одамлар орасида хижолат бўлар, қизининг бошига тушиши мумкин бўлган кулфатларни ўйлаб қийналар эди. Бу ҳақда Қуръонда шундай дейилган: “Уларнинг бирорталарига қиз фарзанд хушхабари берилса ғам-ғуссага тушиб, юзи қорайиб қолади. Унга берилган хушхабарнинг ёмонлиги туфайли одамлардан беркиниб юради. Хорликка чидаб фарзандини тирик қолдирсинми ёки уни тупроққа кўмсинми? Уларнинг ҳукмлари нақадар ёмон!” (Наҳл: 58-59) (чунки улар ўзлари учун қиз фарзандни ор деб билсалар-да, фаришталарни Аллоҳнинг қизлари деб эътиқод қилишарди). Аксар инсонлар ўз қизини тириклайин кўмиб юборишни афзал кўришарди. У фарзандларнинг ягона айби қиз бўлиб туғилгани эди, холос[3]. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “Вақтики, тириклай кўмилган қиз гўдаклар нима гуноҳ сабабли қатл этилгани ҳақида сўралса” – дейди (Таквир: 8-9).

Баъзи араблар эса камбағаллик сабабли ёхуд камбағал бўлиб қолишдан қўрқиб, ўз фарзандларини ўлдиришар эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Анъом сурасида: “Фақирликдан қўрқиб ўз фарзандларингизни ўлдирманглар. Сизларга ҳам, уларга ҳам Биз ризқ берамиз”, Исро сурасида эса: “Фақирликдан қўрқиб ўз фарзандларингизни ўлдирманглар. Уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ризқ берамиз. Албатта, уларни ўлдириш катта гуноҳдир”, – дейди. Баъзи қабилалар бу қабиҳ одатга амал қилишмасди. Ҳатто Зайд ибн Амр ибн Нуфайл каби бу ишни ножўя ва қабиҳ иш деб биладиган кишилар ҳам йўқ эмасди[4].

Баъзи қабилалар аёлларни ҳурмат қилар, турмушга чиқаришдан олдин уларнинг фикрини олишарди. Ҳур араб аёли ўз жуфти ҳалолидан бошқа билан бир ёстиққа бош қўйишга асло рози бўлмасди. Аёлларда шижоат сифати кучли бўлиб, жангчилар ортида туриб, уларни шижоатлантириб туришарди. Зарурат ҳолатларида урушга ҳам қатнашишарди. Бадавий арабларнинг аёллари чорвачиликда эрига кўмаклашар, иффатини сақлаш билан бир қаторда ип йигириб кўйлак, яктак ва ёпинғичлар тўқир эдилар[5].

(Давоми бор)

[1] “Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсиятларига оид таҳлилий тадқиқот” китоби, 22-24-бетлар.
[2] “Тафсири Қуртубий” (5\45).
[3] “Пайамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсиятларига оид таҳлилий тадқиқот” китоби, 25-26-бетларга қаралсин.
[4] Абу Шуҳбанинг “Набавий сийрат” китобига қаралсин (1\92).
[5] Абу Шуҳбанинг “Набавий сийрат” китобига қаралсин (1\88).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг