Жаҳмийларнинг асосий эътиқодлари (3)

0

Аллоҳнинг барча исм ва сифатларини инкор этишлари (давоми)

Жаҳмийлар ва уларнинг йўлини тутганлар ақлларига таянган ҳолда Аллоҳнинг китоби ва  Расулининг суннатига қарши чиқдилар. Ҳар бир нарсанинг чегараси бўлгани каби ақлнинг ҳам ниҳояси бор эканини унутдилар. Улар Қуръон ва ҳадисга таслим бўлмаганлари ҳамда Аллоҳ ва Расули бизга хабар бермаган ғайб ишлари борасида илмсиз баҳс юритишгани сабабли Аллоҳ таоло уларни шубҳалар ботқоғига ботирди. Улар ўз ҳадларини билиб, оят ва ҳадисларга таслим бўлган тақдирдагина бу ботқоқдан чиқа оладилар.

Аллоҳ таолони поклаш учун унинг сифатларини инкор қилиш эмас, балки Аллоҳ ва Расули бор деган барча сифатларини бор дейиш лозим. Аллоҳ таолони юқорида ҳам эмас, пастда ҳам эмас, ўнгда ҳам эмас, чапда ҳам эмас, Уни асло кўриб бўлмайди, ҳис этиб ҳам бўлмайди, У ҳеч ким билан гаплашмайди, У ҳамма жойда бўлади, кўрмайди, эшитмайди, раҳм-шафқат қилиш ва ғазабланиш сифатларига эга эмас деган сифатлар билан таърифлаш Аллоҳни улуғлашми? Ахир Аллоҳни бу сифатлар билан сифатлаш уни йўқ дейиш билан баробар эмасми?!

Аллоҳ таолонинг баъзи сифатларини зоҳирига биноан исботлаш Аллоҳ таолони жисм дейишни тақозо қилишига келсак, Аллоҳ таолони жисм деб аташ ёки атамаслик салафи солиҳлар даврида бўлмаган истилоҳлардан биридир. Жаҳмийлар ва мўътазилийлар Аллоҳ таолони жисм деб аташ жоиз эмас деган қоида остида Аллоҳ таолонинг баъзи сифатларини инкор этишган бўлсалар, мушаббиҳалар Аллоҳ таолони жисм деб аташ жоиз деган қоидага биноан Аллоҳ таолони махлуқотларга ўхшатишади. Ўз-ўзидан савол туғилади: Аллоҳ таоло жисмми ёки йўқми? Бу саволга жавоб беришдан олдин жисм сўзининг маъносини англаб олиш лозим. Чунки жисм сўзи бир неча маънода ишлатилади. Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ бу ҳақда шундай дейди:

“Билингки, Аллоҳ таоло жисм ёки жисм эмаслиги хусусида оят ва ҳадисларда бирон нарса дейилмаган. Бинобарин, мутлақ тарзда Аллоҳ таоло жисм ёки жисм эмас деёлмаймиз. Бу сўзни Аллоҳ таолога нисбатан ишлатиш жоиз ёки жоиз эмас деганлардан бу сўздан нимани назарда тутаётгани сўралади. Агар бу сўзнинг араб тилидаги луғавий маъносини назарда тутган бўлсалар, (унинг луғавий маъноси “қаттиқ модда” дегани, луғатда бундан бошқаси жисм деб аталмайди. Бинобарин, ҳаво, олов ва сув каби нарсалар жисм дейилмайди. Буни луғат китобларидан ўқишингиз мумкин) бу маъно шариатда ҳам, ақлга олганда ҳам Аллоҳ таолога нисбат берилмайди. Агар бу сўздан модда, шакл ва атомдан ташкил топган бирикмани назарда тутаётган бўлсангиз, бу маъно ҳам Аллоҳ таолога асло нисбат берилмайди…

Агар жисм деганда сифатларга эга, кўз билан кўриладиган, гапирадиган ва гаплашадиган, кўрадиган, эшитадиган, рози бўладиган ҳамда ғазаб қиладиган зотни назарда тутаётган бўлсангиз, бу маъноларнинг барчаси Аллоҳ таолога нисбат берилади. Зеро, Аллоҳ таоло мазкур сифатларга эга зот. Сизлар бу сифатларга эга зотни жисм деб атаганингиз учун биз бу сифатларни инкор қилмаймиз. Шунингдек, рофизийлар саҳобаларни севиб, уларни яхши кўрганларни “носибий” деб атагани учун биз саҳобаларни ёмон кўрмаймиз. Қадарийлар қадарга иймон келтирганларни “жабарий” деб аташгани учун биз Аллоҳ таолонинг қадарини инкор этиб, қадарни ёлғон демаймиз. Ҳадисга қарши чиққанлар бизни “ҳашавий” деб атагани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ таоло ҳақида, Унинг исм ва сифатлари ҳақида айтган хабарларини инкор қилмаймиз. Худди шундай фиръавнсимон “муаттила” (Аллоҳнинг сифатларини йўққа чиқарувчи)лар Яратганнинг сифатларини, Унинг бандаларидан олий экани ва арши устида барқарор турганини исботлаганларни “мужассима” ва “мушаббиҳа” деб атагани учун бу сифатларни инкор этмаймиз…

Агар “ҳиссий ишора қилинадиган нарса жисм бўлади”, десангизлар, Аллоҳни энг яхши таниган зот (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни назарда тутмоқда) катта жамоат ичида қўлларини осмонга кўтариб қиблани эмас, Аллоҳни гувоҳ қилиб Унга ишора қилган. Агар ““қаерда?” деган саволга жавоб бўлган нарса жисм бўлади”, десангизлар, энг олим зот Аллоҳнинг арш устида эканига урғу берган ҳолда: “У қаерда?” – деб сўраганлар. Шунингдек, у зот Аллоҳ қаердалиги ҳақидаги саволни эшитиб, бу саволга жавоб берганлар, “Бу савол жисм ҳақида сўралади” – демаганлар.

Агар “…дан” ва “…га” қўшимчалари фақат жисмларга қўшилади, десангизлар, Жаброил алайҳиссалом Аллоҳнинг ҳузуридан тушиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Унинг ҳузурига олиб чиққан, яхши гаплар Унинг ҳузурига кўтарилади, У бандаси Исо алайҳиссаломни Ўз ҳузурига кўтариб олган. Агар “баъзи сифатлар билан ажралиб турадиган нарса жисм бўлади”, десангизлар, Аллоҳ таоло эшитиш, кўриш, билиш, қодир бўлиш, тириклик каби барча комил сифатларга эгадир…

Агар “юзи ва икки қўли бор, кўриш ва эшитиш сифатига эга бўлган нарса жисм бўлади”, десангизлар, биз Олий Раббимизнинг юзи ва икки қўли борлиги, кўриш ва эшитиш сифатига эга эканига ва бундан бошқа Ўзи бор деб айтган сифатларига иймон келтирамиз. Агар “бошқа нарсадан юқори, бошқа нарсанинг устида барқарор бўлган нарса жисм бўлади”, десангизлар, Аллоҳ таоло бандаларидан юқорида, арш устида барқарор зотдир”[1].

Оқил инсон бидъатчилар гапларини, уларнинг суннатни маҳкам тутган уламолардан одамларни нафратлантириш учун тутган йўлларини чуқур англаб, унинг асл моҳиятини тушунмоғи лозим. Зеро, ўз фикрларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳақиқатни яшириш бидъатчиларнинг асосий сифатларидан биридир.

[1] “Мухтасарус соваиқул мурсала алал жаҳмийяти вал муаттила” китоби, 175 ва 177-бетлар.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг