Қазо намозлар қай тартибда ўқилади?

2

Савол:

Ассалому алайкум. Бомдод намозининг қазоси жамоат бўлиб ўқилаётган пайтда имом жаҳрий қироат қиладими?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!
Алҳамдулиллаҳ;
Дарҳақиқат, намозлар қазосини ўқиш тартиби намознинг тури ва  ўқиладиган вақтига қараб турлича бўлади.

1 – Қазо бўлган намоз бомдод, шом ва хуфтон каби тунда ўқиладиган намозлардан бўлиб, қазосини тунда ўқилса (масалан, шомнинг қазоси хуфтон вақтида ўқилса), у ҳолда жаҳрий қироат қилинади.

2 – Қазо бўлган намоз пешин ва аср каби кундузги намозлардан бўлиб, қазоси кундузи ўқилса (масалан, пешиннинг қазоси аср вақтида ўқилса), у ҳолда махфий қироат қилинади.

3 – Қазо бўлган намоз кечаси ўқиладиган намозлардан бўлиб, қазоси кундузи (масалан, бомдод намозининг қазоси куёш чиққандан сўнг) ўқилса ёки қазо бўлган намоз кундузи ўқиладиган намозлардан бўлиб, қазоси тунда (масалан, асрнинг қазоси шом вақтида) ўқилса, уни қай кўринишда ўқиш борасида уламолар ўртасида хилоф бор.

Тўғрироқ фикрга кўра, ҳар намознинг қазоси ўз вақтида қай кўринишда ўқилса, худди шу тарзда ўқилади. Агар қазо бўлган намоз кечаси ўқиладиган намозлардан бўлиб, қазосини кундузи ўқиса, унда қироатни жаҳрий қилиб ўқийди. Борди-ю, қазо бўлган намоз кундузи ўқиладиган намозлардан бўлиб, қазосини тунда ўқиса, унда махфий қироат қилиб ўқийди.

Шунга биноан бомдод намозининг қазоси кундузи ўқиладиган бўлса уни жаҳрий қилиб ўқийди ва бунда жамоат бўлиб ёки ёлғиз ўқишнинг фарқи йўқ. Бунинг далили қуйидагича:

1) Имом Муслим Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар сафарларнинг бирида бомдод намозидан ухлаб қолишиб, кун чиққандан сўнг уйғонишади. Абу Қатода розияллоҳу анҳу айтади: “Сўнг Билол намозга азон айтди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ракаат намоз ўқидилар. Сўнг бомдод намозини ўқидилар. У зот ҳар куни қандай намоз ўқисалар худди шу кўринишда ўқидилар” [Муслим: 681].

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Абу Қатоданинг: “У зот ҳар куни қандай намоз ўқисалар худди шу кўринишда ўқидилар”, деган сўзи намозлар ўз вақтида қай кўринишда ўқилса қазоси ҳам худди шу тарзда ўқилишига ишора қилади… “Бомдод намозининг қазосини кун чиққандан кейин ўқиган киши уни жаҳрий қилиб ўқийди”, деган уламолар ушбу ҳадисни далил қилиши мумкин” [Шарҳи Муслим”, 2/311].

2) Усулул фикҳ илмида “Қазо адо билан баробар” деган қоида бор. Унга кўра қазо бўлган ибодат модомики ушбу қоидадан истисно қиладиган далил бўлмаса, кўриниши, шакли ва сифатида адо (ўз вақтида бажарилиши)га ўхшаб бажарилади.

Шайх Ибн Боз роҳимаҳуллоҳдан бомдод намозини қазо қилган одам кун чиққандан сўнг ўқимоқчи бўлса, уни махфий қилиб ўқийдими ёки жаҳрий қилибми, деб сўралганда қуйидагича жавоб берган:

Агар кун чиққандан сўнг ўқиса жаҳрий қилиб ўқийди. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар сафарларининг бирида бомдод намозидан ухлаб қоладилар ва уни кун чиққандан сўнг қироатни жаҳрий қилиб ўқийдилар. Бомдод намозининг қазосини жаҳрий қилиб ўқиш суннатга ва “қазо адо билан баробар” деган қоидага мувофиқдир” [“Фатово нурун алод дарб”].

Шундай бўлса-да, кимда ким махфий ўқиладиган намозларнинг қазосини жаҳрий қилиб ёки аксинча, жаҳрий ўқиладиган намозларнинг қазосини махфий қилиб ўқиса ҳам намози дуруст саналаверади, уни қайта ўқиши шарт бўлмайди, валлоҳу аълам.

Discussion2 fikr

  1. Assalamu Alaykum ustoz yahshimisiz ustoz meni Alloh uchun kechring sizni hurmat qilaman lekn blp blmasdan sizni g’iybat qilib qo’ydim iltimos kechring

  2. Assalamu Alaykum ustoz yahshimisiz ustoz meni Alloh uchun kechring sizni hurmat qilaman lekn blp blmasdan sizni g’iybat qilib qo’ydim iltimos kechring

Изоҳ қолдиринг