Қайнота келинини шаҳват билан қучоқласа эрига ҳаром бўлиб қоладими?

0

Савол:

Келин билан қайнона гаплашиб ўтирган пайтда қайнота маст ҳолида уйга кириб келган. Келин эшикдан чиқиб кетмоқчи бўлса: “Қизим, қизим”, деб қучоқлаб олган. Бунинг ҳукми нима бўлади?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Маълумки, қайнота келинга нисбатан маҳрам саналади. Бунга Аллоҳ таолонинг маҳрамлар тўғрисидаги оятда: “Ва ўз пуштингиздан бўлган фарзандларингизнинг жуфти ҳалоллари” – деган сўзи далил бўлади [Нисо: 93]. Шунингдек, ўғил бирон аёлни никоҳига олиши биланоқ келин отага ҳаром, яъни ота ўғли никоҳига олган аёлга уйланиши ҳаром бўлади. Гарчи ўғил никоҳига олган аёлга яқинлик қилмаган, у билан ёлғиз қолмаган бўлса ҳам.

Шунга кўра, аёл киши қайнотасининг ёнида одатда эридан бошқа маҳрамларининг ёнида кийиб юрадиган кийимида[1] юриши, кўл бериб кўришиши, бирга сафарга чиқиши жоиз.

Агар қайнота келини билан шаҳватсиз қўл бериб кўришса ёки уни қучоқласа, юзи ва пешонасидан ўпса, келин ўз эрига ҳаром бўлиб қолмаслиги, бу нарса никоҳга ҳеч қандай таъсир ўтказмаслигига уламолар иттифоқ қилишган.

Аммо – Аллоҳ сақласин – қайнота келинини шаҳват билан ушласа, ўпса ёки унга шаҳват билан қараса, келин ўз эрига ҳаром бўлиш-бўлмаслиги борасида уламолар ихтилоф қилишган.

Кўпчилик уламолар бу каби ишлар эр-хотин ўртасидаги никоҳга таъсир ўтказмайди, никоҳлари бузилмайди, деган фикрни билдиришган.

“Қувайт фиқҳ қомуси” (13/138)да шундай дейилган: “Кишининг бирон аёлни шаҳват билан ўпиши ёки ушлаши сабабли ушбу аёл шаҳват билан ўпган ёки ушлаган кишининг ота-боболари ёки ўғилларига ҳаром бўлиш-бўлмаслиги борасида уламолар ихтилоф қилишган. Моликий, шофеий ва ҳанбалий маҳзаби уламоларидан иборат жумҳур фуқаҳоларнинг фикрига кўра, киши бирон аёлни шаҳват билан ўпса ёки ушласа, бироқ унга жинсий яқинлик қилмаган бўлса, у ҳолда бу кишига аёлнинг асл (она ва бувилари) ҳам, фаръ (қиз ва неваралари) ҳам ҳаром бўлмайди”. Шунга биноан қайнота келинини шаҳват билан ушласа ҳам аёл эрига ҳаром бўлиб қолмайди.

Қолаверса, киши бирон аёлга шаҳват билан қараши ёки уни шаҳват билан ушлаши сабабли ўша аёл унинг ўғли ва невараларига ҳаром бўлиб қолишига далолат қиладиган ҳадисларнинг биронтаси саҳиҳ санад билан нақл қилинмаган. Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу бобда Ибн Абу Шайба Умму Ҳанеъдан ривоят қилган заиф ҳадис бўлиб, унда шундай дейилган:Ким бир аёлнинг жинсий аъзосига қараса, унга аёлнинг на онаси, на қизи ҳалол бўлмайди”. Байҳақийнинг айтишича, ҳадиснинг санади (ровийлар шажараси) мажҳул (заиф)” [“Фатҳул Борий”, 11/400].

Хулоса қиладиган бўлсак, агар қайнотангиз сизни шаҳват билан кучоқлаган тақдирда ҳам – бу билан ҳаром ишга қўл урган бўлса-да – бу иш сизларнинг никоҳингизга таъсир қилмайди, эрингизга ҳаром бўлиб қолмайсиз, валлоҳу аълам.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳаром-ҳариш ишларга қўл уришдан сақласин.

Ушбу фатвони тайёрлашда Islamweb веб саҳифасидан фойдаланилди.

 

[1] Аёл киши эридан бошқа маҳрамлар олдида кийиб юрадиган кийими кенг, авратни ёпиб турадиган: тирсакдан тепаси ва болдирдан пастини ёпиб турадиган бўлиши ва ёқаси ўта очиқ-сочиқ бўлмаслиги лозим.

Изоҳ қолдиринг