Нафл, файъ ва ғаниматлар

0

Кофирлардан олинган мол-мулклар

Кофирлар билан жанг қилиш натижасида қўлга киритилган мол-мулклар бир неча қисмга бўлинади ва уларнинг ўзига хос таърифлари бор. Уларни қуйида баён қиламиз:

Биринчидан: нафл

“Нафл” – халифа баъзи мужоҳидларга ўлжалардаги улушларига қўшимча тарзда берадиган мол-мулк. Халифа мужоҳидларни жангга тарғиб қилиш мақсадида уларга қўшимча мол-мулк ваъда қилиши мумкин. Масалан, халифа одамларни жангга рағбатлантириш учун кофирни ўлдирган кишига уни талон-тарож қилиш, яъни унинг қурол-яроғи, кийим-кечаги, улови ва бошқа ёнидаги мол-мулкларини олишга рухсат бериши ёки бирон жанговор отрядга жами ўлжаларнинг чорак қисми ёки ярмини ваъда қилиши мумкин.

Кофирни қатл қилган киши уни талон-тарож қилиши, яъни унинг мол-мулкини олиши учун халифанинг рухсати лозимми, йўқса халифанинг рухсат бериши ёки бермаслигидан қатъий назар бу шариат томонидан белгиланган умумий ҳукмми эканида уламолар ихтилоф қилишган. Ҳанафийлар ва моликийларнинг фикрича, бунинг учун халифанинг рухсати зарур бўлса, шофеийлар ва ҳанбалийларнинг фикрича, халифанинг рухсати шарт эмас. Ихтилоф сабаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳунайн ғазотида айтган “Ким бирон кофирни ўлдирса унинг “салаб”и (қурол-яроғи, кийим-кечаги, улови ва бошқа ёнидаги мол-мулклари) шунга[1] деган сўзларини тушунишга боғлиқ. Ҳанафийлар ва моликийлар ҳадисдаги ҳукм Ҳунайн ғазотига тегишли ҳукм, бинобарин, мужоҳид ўзи қатл қилган кофирни талон-тарож қилиши учун халифанинг рухсати лозим дейишса, шофеийлар ва ҳанбалийларнинг фикрича, бу ҳукм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафидан баён қилинган, то қиёматга қадар амал қилинадиган умумий ҳукмдир.

Иккинчидан: файъ

“Файъ” – жизя ва харож (хирож) каби кофирлардан жангсиз, яъни сулҳ қилиш орқали олинадиган мол-мулклар.

Файъ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврларида фақат у зотга тегишли мол-мулклар саналар эди. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ Ўз пайғамбарига улардан (яъни Бани Назир яҳудлари ёхуд кофирлардан) файъ (ўлжа) қилиб берган мол-мулклар(ни қўлга киритиш) учун сизлар от ва туяларни чоптир(иб ҳужум қилиб бор)ганларингиз йўқ. Балки Аллоҳ Ўз пайғамбарларини Ўзи хоҳлаган кимсалар устидан ҳукмрон қилиб қўюр” [Ҳашр: 6].

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: “Бани Назир қабиласига оид мол-мулклар Аллоҳ азза ва жалла Расулига ўлжа қилиб берган, фақат у зотга хос мол-мулклар эди. У зот бу мол-мулклардан аҳли-аёлларига бир йиллик нафақа ажратар, нафақадан ортганини от-улов ва қурол-яроғ учун берар эдилар[2].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгач файъ мусулмонларнинг умумий манфаатлари учун сарфланадиган бўлди. Жумҳур уламоларнинг фикрича, бу борада файъга тушган мол-мулкларнинг кўчмас ёки кўчар мулк бўлиши ўртасида фарқ йўқ. Бироқ шофеийлар бу борада улар иккиси ўртасини фарқлайдилар: кўчмас мулклар мусулмонларнинг умумий манфаатлари учун ажратилса, кўчар мулклар худди ғаниматлар (ўлжалар) сингари бешга тақсимланади. Шунингдек, бешдан бирнинг ўзини ҳам яна беш қисмга тақсимлайдилар: бир улуш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга (бу улуш ҳозирда мусулмонларнинг умумий манфаатлари учун сарфланади), бир улуш аҳли байтга (улар Бани Ҳошим ва Банил Мутталиб), бир улуш етимларга, бир улуш фақир-мискинларга ва ниҳоят бир улуш чорасиз қолган мусофирларга.

Учинчидан: ғанимат

Ғанимат ёхуд ўлжа – мусулмонлар кофирлар билан жанг қилиш асносида зўравонлик ва куч ишлатиш йўли билан қўлга киритган мол-мулклар.

Ғанималарга қачондан бошлаб эгалик қилинади?

Жумҳур уламолар фикрича, ўлжалар қўлга киритилиши билан мусулмонлар мулкига айланади, мулкчилик ўлжадорларга кўчиб ўтади. Халифа ўлжаларни кофирлар диёрида ҳам ёки ислом диёрига қайтиб келгач ҳам ўлжадорлар ўртасида тақсимлаши жоиз.

Шофеийларнинг фикрича, ўлжалар қўлга киритилиб, тақсимланмагунча ўлжадорлар душманлардан олинган мол-мулкларга эгалик қила олмайдилар. Мазкур икки фикр ўртасидаги фарқ шундаки, биринчи фикрга кўра кофирларнинг мол-мулклари қўлга киритилиши биланоқ ўлжадорлар мулки саналса, иккинчи фикрга кўра бу мол-мулклар ўлжадорлар мулки деб эътиборга олиниши учун қўлга киритилишидан ташқари тақсимланиши ҳам зарур. Шунга кўра, ўлжадорлардан бири ўлжалар тақсимланишидан олдин вафот этса, жумҳур уламолар фикрига биноан ўлжалардаги улуши меросхўрларига ўтади, шофеийлар фикрига биноан эса меросхўрларига ўтмайди. Негаки, бу улуш унинг мулки эмас.

Ҳанафийларнинг фикрича, мулкчилик ўлжаларни ислом диёрига кўчириб ўтгандан кейин собит бўлади. Ўшанда ҳам ўлжадорлар умумий тарзда ўлжаларга ҳақдор бўладилар. Бироқ ҳар бир ўлжадор учун хусусий мулкчилик собит бўлиши учун дастлаб ўлжалар тақсимланиши лозим.

Жумҳур уламоларнинг фикри тўғрироқ. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳунайн ғазотида ўлжаларни Мадинага қайтишдан олдин Зулҳулайфадаёқ тақсимлаган бўлсалар, Бани Мусталиқ ғазотида ўлжаларни уларнинг диёрида тақсимладилар. Буни Байҳақий “Сунани”да ривоят қилган[3].

[1] Бухорий (3142), Муслим (1751), Абу Довуд (2717), Термизий (1562) ривоят қилишган.
[2] Бухорий (2904), Муслим (1757), Абу Довуд (2965), Термизий (1719), Насоий (7/132) ривоят қилишган.
[3] “Сунани Байҳақий” (9/54).

Изоҳ қолдиринг