Жамоат намозининг фазилати ва фарзлиги ҳақидаги боб (3)

0

Эллик еттинчи ҳадис

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ – رضي الله عنه – قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم -: ((أَثْقَلُ الصَّلاةِ عَلَى الْمُنَافِقِينَ: صَلاةُ الْعِشَاءِ وَصَلاةُ الْفَجْرِ. وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِيهَا لأَتَوْهُمَا وَلَوْ حَبْوًا. وَلَقَدْ هَمَمْتُ أَنْ آمُرَ بِالصَّلاةِ فَتُقَامَ ثُمَّ آمُرَ رَجُلاً فَيُصَلِّيَ بِالنَّاسِ ثُمَّ أَنْطَلِقَ مَعِي بِرِجَالٍ مَعَهُمْ حُزَمٌ مِنْ حَطَبٍ إلَى قَوْمٍ لا يَشْهَدُونَ الصَّلاةَ فَأُحَرِّقَ عَلَيْهِمْ بُيُوتَهُمْ بِالنَّارِ)) .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мунофиқлар учун энг оғир намоз хуфтон ва бомдод намозидир. Агар улар бу икки намозда қандай буюк ажр борлигини билганларида эди, унга эмаклаб бўлса ҳам келган бўлардилар. Қасамки, мен намозни адо қилишга буюрсам-у, кейин бир кишини (ўрнимга) имом бўлишга буюриб, ўзим эса боғлам-боғлам ўтин кўтарган кишилар билан жамоат намозига келмайдиган эркакларнинг уйига бориб, уйларини ёқиб юборсам, деб қоламан” [Муттафақун алайҳ. Бухорий: 657 ва Муслим: 1426].

Шарҳ:

Мунофиқлар ўз амалларини хўжакўрсинга қилишар, Аллоҳни камдан-кам эслашар эди. Хуфтон ва бомдод намозининг вақти эса мириқиб ором оладиган ва ширин уйқу келадиган қоронғу пайтда бўлгани учун мунофиқларнинг кўпчилиги бу намозларни жамоат билан ўқимас, намозхонлар ҳам уларни ўз сафлари орасида кўрмас эдилар. Зеро, бу икки намозни қалбида иймони бор ва охиратдаги ажр-савобдан умидвор инсонгина масжидда жамоат билан адо қилади. Хуфтон ва бомдод намозининг вақти юқорида айтилгандек нафсга малол келадиган пайтда бўлгани учун улар мунофиқларга энг қийин ва энг оғир намоз эди. Агар улар бу икки намозни масжидда мусулмонлар билан адо қилишнинг ажри нақадар буюклигини билганларида эди, унга худди гўдак эмаклаганидек эмаклаб бўлса ҳам келардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ялқовлик билан жамоат намозига чиқмайдиган кишиларни жазолашни истардим, деб қасам ичдилар. Улар жамоат намозига келмасликлари ўта ёмон иш бўлгани учун Пайғамбаримиз ўз ўринларига бир кишини имом бўлиб намозни адо қилишга буюриб, кейин ўзлари боғлам-боғлам ўтин кўтарган кишилар билан бундай кимсаларнинг уйларига бориб, уйлари билан ёқиб юборишни хоҳлардилар. Бироқ бошқа ҳадисларда зикр қилинганидек, уйда жамоат намозига чиқиши фарз бўлмаган аёллар ва ёш болаларнинг борлиги ўзлари хоҳлаган бу ишни амалга оширишдан ман қиларди. Негаки, жамоат намозига чиқмайдиган кишиларнинг уйларини ёқиб юборганларида бу азоб-уқубатга бегуноҳ инсонлар ҳам гирифтор бўлиб қолиши мумкин эди.

Уламолар ихтилофи:

Уламолар қодир бўлган эр киши фарз намозларни жамоат билан ўқишининг ҳукми хусусида ихтилоф қилишган. Ҳанафий, моликий ва шофеий мазҳаби уламоларининг фикрига кўра, намозларни жамоат билан ўқиш суннати муаккада. Ушбу мазҳаб уламоларининг айримлари эса уни фарзи кифоя дейишган.

Имом Аҳмад ва издошларининг, шунингдек, муҳаддис уламоларнинг фикрига кўра, жамоат намозига чиқиш фарзи айн. Ҳатто зоҳирий мазҳаби уламолари бу масалада муболаға қилиб, намозни жамоат билан ўқишни унинг дуруст бўлиш шартларидан бири дейишган. Абул Вафо ибн Ақил Ҳанбалий ва шайхулислом Ибн Таймия ҳам шу фикрни ихтиёр қилган.

Уламоларнинг далиллари:

Жамоат намозига қатнашиш суннат деган уламолар “Жамоат намози якка ҳолда ўқилган намоздан йигирма етти даража афзалдир” ҳадисини далил қилиб келтиришган. Уларнинг фикрига кўра, ушбу ҳадис жамоат намозининг фазилати бўлгани каби якка ҳолда ўқилган намознинг ҳам фазилати борлигини кўрсатади. Бу эса жамоат намозининг суннат эканига далолат қилади. Негаки, агар намозни жамоат билан ўқиш фарз бўлганида якка ҳолда ўқилган намознинг фазилати бўлмас эди.

Ушбу фикр эгалари шарҳланаётган Абу Ҳурайранинг ҳадисини ҳақиқатдан йироқ ва беўхшов таъвиллар билан изоҳлашган. Бу изоҳлар “Фатҳул Борий”, “Найлул автор” ва бошқа китобларда зикр қилинган.

Жамоат намозига қатнашиш фарзи кифоя деган уламолар уни фарзи айн деган уламолар далилларининг айни ўзини келтиришган. Ушбу фикр эгалари жамоат намози фарзи кифоя дейишларининг сабаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни тарк қилган инсонларни ёқиб юборишни, яъни ўлдиришни истадилар. Негаки, фарзи кифояни тарк қилган одамларга қарши уруш қилинади.

Уларнинг бу тарзда далил келтиришлари тўғри эмас. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жамоат намозига қатнашмайдиган кишиларни ўлдирмоқчи бўлдилар, уларга қарши урушмоқчи эмас. Бировни ўлдириш билан унга қарши урушиш ўртасида фарқ бор. Агар жамоат намозига қатнашиш фарзи кифоя бўлганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва бошқа саҳобалар уни адо қилишлари билан бошқалар зиммасидан бу ҳукм соқит бўлган, жазоланишга ҳақли бўладиган вожибни тарк қилишмаган бўларди.

Жамоат намозига қатнашиш қодир бўлган ҳар бир эр кишига фарзи айн деган уламолар саҳиҳ ва очиқ ҳадисларни далил қилиб келтиришган. Биз шарҳлаётган Абу Ҳурайранинг ҳадиси ҳам шулар жумласидан. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жамоат намозига чиқмаслик катта гуноҳ бўлгани учун уни тарк қилган кишиларни бу йўсинда жазоламоқчи бўлдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга етаклаб келадиган бирон кишиси йўқ кўзи ожиз одамга намозларни уйда ўқишга изн бермагани ҳақида келган ҳадис ҳам ушбу фикрни қўллайдиган ҳадисларнинг бири саналади.

Шариатимизда энг қийин ва энг хатарли вақтларда ҳам намозни жамоат тарзида ўқишга буюрилгани ҳам шуни тасдиқлайди.

Жамоат намози якка ҳолда ўқилган намоздан афзаллигига далолат қиладиган ҳадислардан унинг фарз эмаслиги келиб чиқмайди. Биз жамоат намозига қаташмаган кишининг намози дуруст бўлмайди, деб айтмаймиз. Аммо бирон узрсиз якка ҳолда ўқиса, унинг намози дуруст саналади, бироқ оз савобга эришади ва жамоатга қатмашмагани учун гуноҳкор бўлади.

Жамоат намозига қатнашиш намознинг дуруст бўлиш шартларидан, деб ғулув кетган уламолар эса Ибн Можа (793) ва Дорақутний (1/420) роҳимаҳумоллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган қуйидаги ҳадисга таянишган: “Ким азонни эшитса, сўнг намозга бирон узрсиз келмаса, унинг намози йўқ (ҳисобида)”.

Тўғрироқ фикрга кўра[1], ушбу ҳадис саҳобий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг сўзи бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат берилиши тўғри эмас. Пайғамбаримизга нисбат берилиши тўғри дейилган тақдирда ҳам бу борада келган бошқа саҳиҳ ҳадислар билан унинг ўртасини мувофиқлаштириш учун уни “Масжидда ўқилмаган намоз ажри комил бўлмайди”, деб изоҳлаш мумкин. Шариатимизда кўп ўринларда шундай услуб қўлланилган. Яъни бир нарсани йўқ дейилишидан унинг комил эмаслиги кўзда тутилади.

Якка ҳолда ўқилган намознинг дуруст бўлишига “Жамоат намози якка ҳолда ўқилган намоздан йигирма етти даража афзалдир” деган ҳадис очиқ далил бўлади. Зеро, ҳадисда якка ҳолда ўқилган намозга ҳам ажр берилиши айтилмоқда.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Балоғатга етган ҳар бир эр киши фарз намозларни жамоат билан ўқиши фарзи айн.

2 – Бирон узрсиз жамоат намозига қатнашмаган киши жазо-уқубатга лойиқ гуноҳкор бўлади.

3 – Зиён ва зарарнинг олдини олиш фойда ва манфаатларни жалб қилишдан устун туради. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни жамоат намозига чиқмайдиган кишиларни бу тариқа жазолашдан бегуноҳ инсонлар ҳам бунга гирифтор бўлиб қолиши мумкинлиги ман қилди.

4 – Мунофиқлар ибодатларини бошқалар кўриши ва эшитиши учун бажарар эдилар. Шу сабабли инсонлар уларни кўрадиган намозларгагина қатнашар эдилар.

5 – Хуфтон ва бомдод намозининг фазилати.

6 – Бомдод ва хуфтон намозининг оғирлиги уларни жамоат билан адо қилишга деб йўйилади. Ҳадис оқимидан шу тушунилади. Уларнинг оғир бўлишининг сабаби унга қатнашишдан тўсувчи омилларнинг кучлилигидир.

[1] Жамоат намозининг ҳукми ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун қуйидаги фатвомизга мурожаат қилишнгиз мумкин: http://ixlos.org/?p=5026

Изоҳ қолдиринг