Қадимги хаворижлар ва бугунги ИШИД: муқаддима

0

Муқаддима

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога, у зотнинг оила аъзолари, саҳобалари ҳамда уларни дўст тутганларга салавоту саломлар бўлсин!

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари энг охирги, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматли умматдир. Аллоҳ таоло бу умматни барча умматлар ичидаги энг афзал, энг тўғри  уммат бўлишга мушарраф қилди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Худди шундай, Биз сизларни энг афзал уммат қилдик” – деб марҳамат қилади (Бақара: 143). Бу уммат динга юзаки ёндошганлар билан динда ҳаддидан ошганлар ўртасидаги йўлдан юради. Шунга қарамай, Аллоҳ таолонинг ҳикмати ўтган умматларни имтиҳон қилгани каби бу умматни ҳам турли бало ва фитналар билан имтиҳон қилишни тақозо қилди. Умматнинг бир қисми олдинги умматлар, яъни яҳуд ва насоролар йўлига изма-из эргашиши, ҳатто улар юмронқозиқ инига кирсалар, ортларидан кирадиган даражага етиб бориши шу имтиҳоннинг бир кўриниши саналади. Шу боис ўз умматига насиҳатгўй ва меҳрибон бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтган умматлар тарафидан содир этилган барча балолардан бизни огоҳ этганлар, ҳар қандай бало ва мусибатдан чиқиш йўлини кўрсатиб қўйганлар.

Ўтган умматлар бошидан кечирган ва уларнинг ҳалок бўлишларига сабаб бўлган энг оғир мусибатлардан бири дин борасида ғулув-чуқур кетиш фитнасидир. Аллоҳ таоло “Эй аҳли китоблар, динларингизда ғулув кетманглар, Аллоҳнинг ҳақига фақат ҳақ гапларни айтинглар” (Нисо: 171) ояти билан уларни бу ишдан қайтарган. Каъбул Аҳбор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, ғулув кетганлар ўз замонасида Довуд алайҳиссаломга ҳам қарши чиқишган экан. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Динда ғулув кетишнинг яқинига ҳам йўламанглар. Сизлардан олдинги умматларни динда ғулув кетиш ҳалок қилган” – деб, бизни бу фитнадан огоҳ этганлар (Аҳмад, Насоий ва Ибн Можа ривояти).

Дарҳақиқат, бугунги кунимизда умматимизнинг бошига тушган энг катта синовлардан бири ғулув кетган хаворижлар фитнаси бўлиб қолди. Улар ўзидан бошқа барча мусулмонларни кофир санашади, уларнинг жонию молини ҳалол деб билишади, ер юзида фасод тарқатиб, дин душманларига мусулмонларни қатл қилишларига имкон яратиб беришади, исломни бутун оламга ёмон кўрсатишади, одамларни диндан тўсишади. Энг ачинарлиси, буларнинг барчасини диндан деб қилишади.

Тарихга назар солсак, хаворижлар ислом тарихида биринчи пайдо бўлган бидъатчилар эканига, ҳатто уларнинг илдизи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида пайдо бўлганига гувоҳ бўламиз. Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Исломда биринчи пайдо бўлган, ҳадис ва асарларда очиқдан-очиқ мазаммат қилинган бидъат мориқа ҳарурийлар[1] бидъатидир. Уларнинг асосчиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларига қараб: “Ҳой Муҳаммад, адолат қил. Сен адолат қилмадинг!” – деган эди” (“Мажмуул фатово” (19\71)).

Хаворижлар уммат учун энг хатарли ва зарари қаттиқ бўлган фирқадир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан огоҳлантирганлар. Саҳиҳ ҳадисларда улар ҳақида айтилган таҳдидлар бошқа фирқалар, ҳатто кофирлар ҳақида ҳам айтилмаган. “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да ривоят қилинган бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хаворижлар ҳақида: “Агар уларни кўрсам Од қабиласини ўлдиргандек ўлдираман”, бошқа бир ривоятда: “Уларни қаерда кўрсангизлар ўлдиринглар” – деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти). Муслим ривоятида эса: “Улар одамлару жонзотларнинг энг ёмонидир” – деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсониятнинг энг раҳмдили, ҳатто Қурайш зодагонларини ҳам авф эта олган бўлишларига қарамай, улар ҳақида шундай таҳдидларни айтмоқдалар. Ваҳоланки, Қурайш зодагонлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватларини йўқотиш учун барча услубларни қўллаб кўришган, дин тарқалиши мумкин бўлган барча эшикларни беркитишган, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қувиб чиқаришган ва у зотни қатл қилишга бир неча маротаба ҳаракат қилиб, энг яхши саҳобаларини кўз олдиларида қатл қилишган эди. Шунга қарамай, Аллоҳ таоло имкон берганида Пайғамбаримиз уларни кечирган эдилар. Шунинг учун улар “тулақо”, (яъни авф этилганлар) деган ном олишганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хаворижларни таҳдид қилиш билангина чекланиб қолмай, уларга қарши жанг қилиш ва уларни қатл қилишга ажр-мукофот ваъда қилиб: “Уларни ўлдирганга ва улар ўлдирган инсонга жаннат бўлсин!” – дедилар (Абу Довуд ва Аҳмад ривояти). Али розияллоҳу анҳу шундай деган: “Агар уларга (яъни хаворижларга) қарши жанг қилаётган қўшин уларга Пайғамбарлари ваъда қилган ажр-савобни билганларида, (ажр-савобнинг катталигидан кўнгиллари тўқ бўлиб, бундан бошқа) амал қилишдан тийилиб қолардилар” (Муслим ривояти).

Мусулмон киши ўзини мусулмон санаган бир тоифа тўғрисида келган ҳадисларнинг бу даражада шиддатли эканидан ажабланади. Лекин бу ҳадисларнинг барчаси саҳиҳ. Устига-устак саҳобалар уларнинг намози, тиловати олдида ўз намозлари ва тиловатларини арзимас санаб қолишлари айтилган. Шунга қарамай, уларга қарши жанг қилиш ва уларни қатл қилиш кераклиги очиқча айтилган. Қадимги ҳарурийларни ҳамда бугунги ИШИДнинг қилган ишларини кўрган заҳотингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматга қанчалар раҳмдил ва насиҳатгўй бўлганларига, уммат уларнинг фитнасига учраб, Аллоҳнинг динини ёмон кўрсатишидан қаттиқ қўрққанларига амин бўласиз. Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларини яна бир бор исботлайди. Ота-онам фидо бўлсин сизга, ё Расулуллоҳ!

Хаворижлар фитнаси қаттиқ бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши жанг қилишга ажру савоб ваъда қилганлар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган хабарлари ҳақ ва хаворижлар учун қиличдан бошқа даво йўқ эканига тўлиқ ишонган инсонгина уларнинг намоз, рўза, молу жон билан жиҳод қилиш каби ташқи ибодатга қаттиқ ҳаракат қилишларини кўзи билан кўрганидан сўнг ҳам уларга қарши жанг қила олади. Чунки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига таслим бўлади, у зотга ишонади, улар билан жанг қилишга қалбида пайдо бўлаётган тараддуддан воз кеча олади. Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ бу маънони нозик иборалар билан ёритиб шундай дейди: “Хаворижлар қуролли жангчилар бўлишгани учун уларнинг жамоатга қарши чиқишгани очиқ кўринган. Чунки улар одамларни ўлдиришган. Бугунги кунда эса уларни аксар инсонлар билишмайди” (“Ан-нубуввот” (1\139)).

Бугунги кунга келиб, замонамиз хаворижлари аксар инсонларни алдадилар, баъзи инсонлар жоҳилликлари сабабли уларни қўллаб-қувватладилар, пул билан, тил билан уларга ёрдам бера бошладилар ва бу ишни дин учун холис хизмат деб ўйладилар.

Хаворижларнинг хатари катта бўлгани учун эътиқод борасида китоб битган аксар имомлар уларнинг фитнасидан огоҳлантиришган. Ҳолбуки, хаворижлар мавзуси фирқа ва оқимларга оид тарих китобларида ўрганилиши лозим эди.

Хаворижлар фитнаси қаттиқ бўлгани боис, уларнинг хато фикрларини халққа ҳақ далиллар ила тушунтириб берадиган кишиларни Аллоҳ таоло фақат аҳли суннатдан чиқаради. Бу аҳли суннатнинг бошқалардан ажралиб турадиган хислатларидан биридир. Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Имомий мазҳабидаги шиалар асло хаворижларга далил топиб бера олмайди. Ваҳоланки, хаворижлар ва мужассималар эътиқодидаги фасоднинг ҳисоби йўқ. Уларга фақат аҳли суннат рад бера олади” (“Минҳожус сунна” (2\613)).

Токи ҳалок бўладиганлар очиқ-ойдин ҳужжат билан ҳалок бўлсин, яшайдиганлар очиқ-ойдин ҳужжат билан яшашсин” (Анфол 42).

[1] Мориқа ва ҳарурийлар хаворижларнинг номларидан биридир. Хаворижларнинг исмлари ҳақида батафсил маълумот олиш учун “Хаворижларнинг таърифи” номли мақоламизга мурожаат қилинг.

Изоҳ қолдиринг