Усмон розияллоҳу анҳу: Усмон халифалиги даврида молиявий тузилмалар (1)

0

Усмон розияллоҳу анҳу халифалик мансабига ўтирганидан кейин гарчи мусулмонларга бойликларга эга бўлиш, қасрлар бино қилиш, катта ер майдонларига эга бўлиш имконини берган бўлса-да, умуман олганда Умар розияллоҳу анҳунинг молиявий сиёсатига ўзгартириш киритмади. Фарқи, мусулмонларни ортиқча мол-дунёга эга бўлишдан ҳайиқтириб турадиган ва кўнгиллари тилаган кўп нарсалардан тўсиб турадиган Умарнинг қаттиққўллиги кетди. Усмон даври умуман олганда мусулмонлар учун фаровонлик замони бўлди.[1]

Усмон эълон қилган молиявий сиёсат

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу волийларга алоҳида, солиқ-хирож йиғувчи омилларга алоҳида мактуб йўллади, халқ оммасига алоҳида битик ёздириб эълон қилдирди. Мазкур мактублар матни билан юқорида, Усмоннинг давлат бошқарувида тутган йўли ҳақидаги сўзларимиз орасида таништириб ўтдик. Ушбу битик ва мактубларидан Усмон розияллоҳу анҳу эълон қилган умумий молиявий сиёсат қуйидаги асослар устига қурилгани кўринади:

  • Умумий исломий молиявий сиёсатни татбиқ қилиш;

  • Жибоят риоятга халал бермаслиги, яъни солиқ ва тўловлар йиғишни асосий вазифа қилиб олиб, халқнинг эҳтиёжларига бепарво бўлмаслик зарурлиги;

  • Мусулмонлар зиммасига вожиб бўлган ҳақларни байтулмолга олиш;

  • Мусулмонларга байтулмолдан тегишли ҳақларини бериш;

  • Аҳли зиммалардан олиниши керак бўлган тўловларни байтулмолга олиш ва уларга берилиши керак бўлган нарсаларни (ҳақ-ҳуқуқларини) бериш, уларга зулм қилмаслик;

  • Бож-хирож йиғувчи амалдорлар омонатдорлик ва вафодорлик билан хулқланишлари;

  • Халқнинг қўлида мол-дунё кўпайиши ортидан пайдо бўладиган ҳар қандай молиявий тойилишлар олдини олиш[2].

Қуйида мазкур асосларни батафсил баён қиламиз:

  • Усмон ибн Аффоннинг умумий молиявий сиёсатни татбиқ қилиш истаги

Шубҳасиз, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу умумий исломий молиявий сиёсат олиб боришга азм қилганди. Зотан, унга Аллоҳнинг ҳукмини, пайғамбарининг суннатларини ва ўзидан олдинги халифалар сиёсатини татбиқ қилиши асосида байъат берилган. Абу Бакр розияллоҳу анҳу молиявий сиёсатида ҳам, бошқа ҳукмларда ҳам фақат Қуръон оятлари ва Пайғамбар ҳадисларини татбиқ қилди. Умар розияллоҳу анҳу молиявий муассасани ривожлантириш, унинг пойдеворларини мустаҳкамлаш, даромадларни кўпайтириш ва уларни ўрни-ўрнига инфоқ қилишга аҳамият қаратди. Усмон розияллоҳу анҳу ҳам уларнинг йўлидан юрди. У ижтиҳодни сиғдирадиган баъзи ишларда ижтиҳод қилди, молиявий ва бошқа ҳукмларда Аллоҳнинг ҳукмини ижро қилди. Закотни байтулмолга берилиши, сўнг ҳақдорларга тақсимланиши устидан назорат ўрнатди. Аҳли китобларнинг исломий давлат байтулмолига жизя тўлашларини назорат қилиб борди, улар шу билан давлатнинг ҳимояси остига кирардилар, давлат уларга омонлик кафолатини берарди, бошқа умумий хизматларни кўрсатарди. Мужоҳидлар урушларда қўлга киритган ғаниматларнинг бешдан бирини байтулмолга юборардилар, байтулмол уларни Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига мувофиқ етимларга, мискинларга, бева бечораларга, мусофирларга ва бошқа керакли ўринларга сарфларди: “Агар Аллоҳга ва (ҳақ билан ноҳақнинг) ажралиш кунида икки жамоа тўқнашган кунда, бандамиз (Муҳаммадга) нозил қилганимиз (оятлар ва фаришталардан иборат) нарсага иймон келтирувчи бўлсангизлар, билингизки, ўлжа қилиб олган нарсангизнинг бешдан бири Аллоҳ учун, пайғамбар учун ва у зотнинг қариндош-уруғи, етимлар, мискинлар ва мусофирлар учундир. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир” [Анфол: 41].

Усмон Зуннурайн ва бошқа рошид халифалар даврида умумий молиявий муомалалар ислом таълимотлари татбиқига чамбарчас боғлиқлиги билан, киримларни асраб-авайлаб, умуммусулмонлар манфаатига ишлатилиши билан ажралиб турарди. Уларни асосан ислом ва мусулмонлар учун яхшиликлар ёйилиши йўлида сарф қилинарди. Зотан ислом таълимотлари исрофни ман қилади ва унга қарши курашади. Аллоҳ исроф қилувчиларни ёқтирмайди ва ақли норасо кимсаларни молларни тасарруф қилишдан ман қилади. Давлат даромадларининг бир қисми жамиятнинг заиф бўғинларига, фақир мискинларга йўналтирилади. Унинг даромадлари ҳаромдан топилган пул-молдан холи бўлади, зеро Аллоҳ ҳаром касбга барака бермайди.

  • Жибоят риоятга халал бермаслиги лозимлиги

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу волийларига ёзган мактубида алоҳида таъкидладики, волийлар жибоят – байтулмолга солиқ ва бошқа тушумлар йиғиш билан овора бўлиб, ўзларининг бирламчи вазифалари бўлмиш риоят – халқларнинг муҳофазаси ва уларнинг эҳтиёжларини қондириш ишидан бурилиб қолмасинлар. Зеро, бож йиғиш ҳокимлар зиммасига юкланадиган кўплаб вазифалардан биридир, ушбу вазифага берилиб кетиб, бошқа мажбуриятларини эсдан чиқариш мақбул бўлмайди.

Фуқаҳолар пайғамбар суннатларидан ва рошид халифалар йўлларидан келиб чиқиб, халифанинг раият олдидаги мажбуриятларини қуйидагича белгилаганлар.

Мовардий айтади: Халифанинг зиммасига вожиб бўладиган умумий ишлар ўнта:

Биринчи: динни барқарор асослари ва уммат салафлари ижмоъ қилган ишлар устида асраш;

Иккинчи: низолар келиб чиққан пайтда ҳукмларни ижро қилиш ва низолашувчилар ўртасида хусуматни бартараф этиш, токи адолат қарор топсин, золим тажовуз қилмасин, мазлум ожиз қолмасин.

Учинчи: тинчлик-омонликка кафил бўлиш, токи одамлар жон ва молларидан хотиржамликда, бемалол ишларини қилсинлар, сафарларига чиқсинлар;

Тўртинчи: Аллоҳнинг ҳурматлари поймол қилинмаслиги ва бандаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари оёқости қилинишдан ҳимояланиши учун ҳадларни (шаръий жазоларни) қўллаш;

Бешинчи: чегараларни қурол-яроғ ва куч-қудрат билан мустаҳкамлаш, токи душманлар ғафлатда қолдириб бостириб келмасин ва ҳурматларни поймол қилмасин, муслим ё муоҳиднинг (ислом давлатида битим билан яшаб турган ғайридиннинг) қонини тўкмасин;

Олтинчи: тинч йўл билан даъват қилиниб, ё исломни қабул қилиш ё эса жизя тўлаб, ислом ҳимояси остига кириш таклиф этилган пайтда исломга қарши чиққанларга қарши жиҳод қилиш, токи Аллоҳнинг исломни барча динлардан ғолиб қилишдаги ҳаққи қойим бўлсин;

Еттинчи: файъ (ўлжа) ва садақаларни шариат вожиб қилган кўринишда, ҳеч кимдан қўрқмасдан ва ҳеч кимга зулм қилмасдан йиғиш;

Саккизинчи: нафақалар, ҳадялар каби байтулмолдан берилажак нарсаларнинг ўлчовини исрофсиз ва бахилликсиз белгилаш, уларни ўз вақтида бериб бориш;

Тўққизинчи: ўзи топшираётган вазифаларга ва вакил қилаётган молларга фақат омонатли ва холис кишиларни танлаш, токи амаллар ҳақиқий қобилият эгаларида, моллар омонатли кишилар қўлларида бўлсин.

Ўнинчи: ишларнинг назорати билан бевосита ўзи шуғулланиши ва аҳволларни кузатиб бориши, ҳою ҳавасларга берилиб ё ибодатга машғул бўлиб, ушбу вазифаларни бошқаларга топшириб қўймаслиги, токи уммат бошқаруви ва миллат ҳимояси рисоладагидек давом этсин[3].

Қисқа қилиб айтганда, халифанинг вазифалари байъатнинг икки шарти бўлмиш динни қўриқлаш ва дунёни бошқаришдан[4] келиб чиқадики, бу иккиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳим деб кўрган ишлар эди. Мовардий, Фарро ва бошқа уламоларнинг халифанинг вазифалари борасидаги сўзлари уларнинг ўз замоналари вазиятидан ва ўша асрдаги умматнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ижтиҳодлари бўлиб, умматнинг ҳуқуқлари уламолардан бирор олимнинг – ҳар қанча буюк олим бўлса ҳам, мавзуни нақадар чуқур билган бўлса ҳам – санаб ўтган ишларига чекланиши шарт эмас. Бинобарин, имомнинг байъати саҳиҳ бўлиши учун унинг вазифалари байъатнинг асосий икки шарти бўлмиш дин ҳимояси ва дунё бошқарувига чекланиши, уларнинг доирасини эса уммат уламоларидан иборат нуфузли ҳайъат ўз замонларига мувофиқ белгилашлари лойиқ бўлади[5].

[1] Суод Иброҳим Солиҳ, “Исломий иқтисод асослари” (217-бет).
[2] Қутб Иброҳим, “Усмоннинг молиявий сиёсати” (61-бет).
[3] Мовардий, “Ал-аҳкомус султония” (16, 17-бетлар).
[4] Ибн Халдун, “Муқаддима” (191-бет).
[5] Муҳаммад Мардовий, “Ал-хилофа байнат танзир ват-татбиқ” (66-бет).

Изоҳ қолдиринг