Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олий мақомлари ҳақида

0

Савол: Пайғамбариммз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг охиратдаги юксак даражалари ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб: Алҳамдулиллаҳ.

Азон товушини эшитган киши муаззин билан бирга азон сўзларини қайтариши ва азондан сўнг пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловоту салом йўллаши, кейин қуйидаги саҳиҳ ҳадисда айтилганидек дуо қилиши лозим бўлади. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Ким азонни эшитган вақтда: “Аллоҳумма робба ҳазиҳид даъватит тааммаҳ, вассолатил қоимаҳ, ати Муҳаммаданил васийлата вал фазийлаҳ вабъасҳу мақомам маҳмуданиллазий ваъадтаҳ” (маъноси: Ушбу комил чорловнинг ва ҳозир бўлган намознинг Рабби бўлган Аллоҳим! Муҳаммадга васила ва фазилат ато этгин, уни Ўзинг ваъда қилган мақтовли мақомда тирилтиргин) деса, қиёмат куни унга шафоатим вожиб бўлади” (Бухорий ривояти: 579). Ушбу дуода “вад-даражатал олиятар рафийъа” (олий ва юксак даража ато эт) деган сўзлар келмаган. Бинобарин, ушбу иборани айтмаслик тўғри бўлади. “Васила”дан мурод ўзи барча мавжудотлар даражасидан юқори даража демакдир. Унинг маъносини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари шарҳлаб берганлар. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Муаззиннинг азон айтаётганини эшитсанглар, у айтганидек айтинглар, сўнгра менга саловот айтинглар. Чунки ким менга бир марта саловот айтса, Аллоҳ унга ўнта саловот айтади. Кейин Аллоҳдан менга василани сўранглар. Васила жаннатдаги олий манзилат бўлиб, унга Аллоҳнинг бандалари ичидан фақат бир бандасигина етади. Ўша банда мен бўлишимни умид қиламан. Ким менга Аллоҳдан васила сўраса, унга шафоатим насиб бўлади” (Муслим ривояти: 577).

Ҳадисда айтилган мақтовли мақом эса қиёмат куни Аллоҳ таолодан бандалар ўртасидаги ажримни тезроқ бошлашини сўраб қилинадиган катта шафоат мақоми бўлиб, бунинг учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга изн берилади. Ушбу мақом ҳақида сўз Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримдаги қуйидаги оятларида келган: “Кун тиккадан бироз оғиши вақтидан бошлаб то тун қоронғулиги вақтигача намозни тўкис адо этинг – бу вақт ичига пешин, аср, шом ва хуфтон намозлари дохил бўлади – ва тонг (бомдод) намозини тўкис адо этинг, унда узун қироат қилинг. Зеро, тонг намозида кеча ва кундузнинг малоикалари ҳозир бўлгайлар. Эй Пайғамбар, кечанинг бир қисмида уйқудан туриб, тунги намозда Қуръон ўқинг. Зеро, тунги намоз сизнинг қадрингиз яна-да олий, даражангиз яна-да юқори бўлишига қўшимча сабабдир. Шояд, Аллоҳ таоло қиёмат куни одамлар оғир аҳволда эканида уларга раҳм қилиши учун сизни уларга шафоатчи қилиб тирилтиргай ва сиз аввалгилару охиргилар сизга мақтов айтадиган мақомда тургайсиз” [Тафсири Муяссар, “Исро” сураси: 78, 79-оятлар].

Мақтовли мақом деб аталишига сабаб, барча халойиқлар ўша ўринда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга мақтовлар айтади. Чунки улар у зотнинг шафоати билан маҳшаргоҳдаги ўта оғир ҳолатдан қутулиб, ҳисоб-китоб майдонига олиб ўтиладилар.

Валлоҳу аълам.

Шайх Муҳаммад Солиҳ Мунажжид

Манба: IslamQa

Изоҳ қолдиринг