Усмонғозий – Усмонийлар давлати асосчиси (2)

0

Усмонғозийдаги етакчиликка хос асосий сифатлар (давоми)

Иймонга тарғиб: Бурсадаги Адренос қалъасининг ҳокими Эвренос (1288-1417) қалъани усмонийларга топшириб, исломни қабул қилганидан сўнг султон Усмон унга “бек” унвонини бергани султоннинг одамларни исломга жалб қилишга қанчалар эътиборли эканини кўрсатиб беради. Эвренос “бек” унвонини олганидан сўнг усмонийлар давлатининг етакчи қўмондонларидан бирига айланди. Бу воқеадан сўнг Византия қўмондонлари Усмонғозий шахсияти ҳамда давлат бошқарувида тутган йўлидан қаттиқ таъсирланишди. Вақт ўтгани сайин усмонийлар давлатига қўшилган византиялик қўмондонларнинг сони ортиб бораверди.

Адолат: усмонийлар тарихи тўғрисида ёзилган туркий манбаларда айтилишича, Эртуғрул ҳижрий 684, милодий 1285 йилда Қаража қалъасини византияликлар қўлидан олгач, у ерга ўғли Усмонни қози этиб тайинлайди. Ҳузурига талашиб келган бир мусулмон ва византиялик насроний ўртасида ҳукм чиқарган қози масалани насронийнинг фойдасига ҳал қилади. Бундан ҳайратга тушган византиялик Усмондан: “Менинг диним бошқа бўлса, қандай қилиб менинг фойдамга ҳукм чиқардинг?!” – деб сўрайди. Шунда Усмонғозий византияликка қуйидагича жавоб беради: “Сенинг фойдангга ҳукм чиқармаслигим мумкин эмас. Чунки Раббимиз Аллоҳ бизга: “Аллоҳ сизларни омонатларни эгаларига қайтаришга, одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюради” – деган”. Усмонғозийнинг бу адолатини кўрган византиялик қавми билан қўшилиб исломни қабул қилади[1].

Усмонғозий халқига ва фатҳ қилган шаҳарларига нисбатан жуда ҳам адолатли бўлган, жангда ғолиб келса, ёвга асло зулм қилмаган. Зулқарнайннинг қуйидаги сўзи доим унинг шиори бўлган: “Ким зулм қилса, биз унга жазосини берамиз. Сўнг у Раббисининг ҳузурига қайтарилади ва Парвардигори уни қаттиқ азоблайди. Ким иймон келтириб, солиҳ амаллар қилса, унга чиройли мукофотлар бўлади ва унга ўз ишимиздан енгилини айтамиз” (Каҳф: 87-88).

Ихлос: Усмонғозийнинг қилган юришлари ва жангларидан кўзлаган бирламчи ва ягона мақсади ислом динини тарқатиш орқали Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш эди. Бу ҳақда тарихчи олим Аҳмад Рафиқ ўзининг “Ат-тарийхул оммул кабийр” номли қомусида Усмонғозийни қуйидагича таърифлаган: “Усмон жуда ҳам диндор бўлиб, исломни ёйиш муқаддас бурч эканини биларди. У чуқур ва мустаҳкам сиёсий фикрга эга эди. Усмон ўз давлатини салтанатга қизиққани учун эмас, балки исломни ёйишга қизиққани учун қурди”[2]. Қодир Миср ўғли шундай дейди: “Усмон ибн Эртуғрул ҳаётдаги ягона вазифаси Аллоҳнинг динини олий қилиш учун Аллоҳ йўлида жанг қилиш эканига қаттиқ ишонар, ғоясини амалга ошириш учун бор куч-қуввати билан ҳаракат қилар эди”.

Усмонғозийнинг мазкур сифатларини ўқиган ҳар қандай инсон шунга амин бўладики, унинг Аллоҳ таолога ва охират кунига бўлган иймони жуда мустаҳкам бўлган, мўминларни яхши кўриб, кофирларни ёмон кўрган, Аллоҳ йўлида жиҳод қилишга муҳаббати баланд бўлган.

Усмонғозий Осиё минтақасидаги Византия ҳокимларига уч шарт қўярди: ё исломни қабул қилиш, ё жизя тўлаб яшаш, ё уларга қарши жанг қилиш. Шу шартга биноан, уларнинг баъзилари исломга кирди, баъзилари жизя тўлаб усмонийлар ҳимояси остига кирди. Иккаласини ҳам қабул қилмай, урушни танлаганларга қарши Усмон қаттиқ жиҳод қилиб, улар устидан ғалаба қозонди ва уларнинг ерларини ўз давлатига қўшиб олди.

Усмонғозийда мужассам бўлган барча сифатлар ўз меъёрида эди. Масалан, у куч-қувватига таяниб зулм қилмасди, адолатли эди. Салтанатига таяниб қаҳр қилмасди, раҳмдил эди. Бойлигига таяниб мутакаббирлик қилмасди, мутавозе эди. Чунки у Аллоҳга ҳамда охират кунига иймон келтирган эди. Шу боисдан Аллоҳ таолонинг мададига эришди, Аллоҳ таоло унга ғалаба сабабларини ато этди, унга олий мақсадларга эришиш йўлида тавфиқ берди, ҳатто у қурган давлатнинг исмини эшитганда бутун дунё ларзага келадиган кучга эришди. У қилич билан давлатларни фатҳ этган бўлса, иймони, даъватга бўлган муҳаббати сабабли барчанинг қалбини забт этди. Фатҳ қилган шаҳарларини ислоҳ қилишга қаттиқ эътибор қаратар, одамларни ҳаққа даъват қилар эди.

Усмонийларнинг давлат идорасидаги дастури

Юқорида айтиб ўтганимиздек, усмонийлар давлатининг асосчиси – Усмонғозийнинг ҳаёти Аллоҳ йўлида жиҳод ва даъват қилишдан иборат эди. Давлат бошқарувига оид режаларни тузиш ва уларни амалга оширишда амирнинг асосий маслаҳатчилари дин уламолари эди. Усмон ўлим тўшагида экан, ўғли Урхонга қилган васиятлари усмоний султонлар учун давлатни идора қилишдаги асосий дастур саналарди. Қуйида шу васиятлардан баъзиларини келтириб ўтамиз:

“Ўғлим, қўл остингдагиларни ҳурмат-иззат қил, аскарларга яхши муомалада бўл. Шайтон йўлдан уриб, аскарларинг ва мол-мулкингга таянма. Асло шариат олимларини ўзингдан узоқлаштирма.

Ўғлим, билгинки, мақсадимиз оламлар парвардигори Аллоҳни рози қилиш. Динимизнинг нури жиҳод билан таралади ва шу орқали Аллоҳ розилигига эришилади.

Ўғлим, биз бошлиқлик ёхуд одамларга ҳукмронлик қилиш шаҳватига мубтало бўлиб жанг қилаётганлардан эмасмиз. Ислом учун яшаймиз ва ислом учун жонимизни берамиз. Ўғлим, сен мана шунга лойиқсан.

Ўғлим, унутма, исломни ёйиш, одамларни исломга ҳидоятлаш ҳамда мусулмонларнинг обрў-эътиборлари ва мол-мулкларини ҳимоя қилиш сенинг зиммангдаки омонатдир, қиёмат куни Аллоҳ таоло сендан бу омонат ҳақида сўрайди.

Ўғлим, мен Раббим ҳузурига кетмоқдаман. Сен халқингга адолатли бўлишинг ва ислом ривожи учун Аллоҳ йўлида жиҳод қилишинг билан фахрланаман.

Ўғлим, уммат уламоларига яхши муомала қил, уларни риоя қил, ҳурмат қил, маслаҳатларини ол. Чунки улар доим эзгуликка буюрадилар.

Ўғлим, Аллоҳни рози қилмайдиган ишлардан узоқ тур. Бирон ишда ечим топишга қийналсанг шариат уламоларидан сўра, улар сенга яхши ечим кўрсатадилар.

Унутма, ўғлим, бизнинг бу дунёдаги ягона йўлимиз Аллоҳнинг йўли, ягона мақсадимиз Унинг динини ёйиш. Биз обрўпараст ёки дунёпараст эмасмиз.

Фарзандларим ва дўстларимга васиятим шу, Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш орқали улуғ ислом динини доим олий қилинглар. Энг комил жиҳод орқали исломнинг улуғ байроғини баланд тутинглар. Доим исломга хизмат қилинглар. Аллоҳ азза ва жалла мендек ожиз бандага бир неча юртларни фатҳ қилиш вазифасини топширди. Аллоҳ йўлидаги жиҳодингиз орқали тавҳид калимасини бутун дунёга ёйинглар. Менинг сулоламдан ҳақ ва адолатдан чиққанлари маҳшар кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг катта шафоатларидан маҳрум бўлгай.

Ўғлим, бу дунёда ҳеч ким ўлимдан қочиб қутула олмайди. Аллоҳнинг амри ила менинг ҳам ажалим яқинлашиб қолди. Бу давлатни сенга топшираман, сени Аллоҳга омонат қиламан. Барча ишларингда адолат қил…”.

Усмоний султонлар давлат идорасида мана шу дастур асосида ҳаракат қилдилар, илм даргоҳлари ва ҳарбий муассасаларга эътибор қаратдилар, аскарларга яхши муомала кўрсатиб, уламоларни ҳурмат-эҳтиром қилдилар, жиҳодни тўхтатмаганлари сабабли исломни бутун дунёга ёйдилар.

Усмонийлар давлатининг асосчиси Усмон I вафот этганида давлат майдони 16 000 км2 эди. У ўз давлатига Мармара денгизига чиқиш йўли очди ва Византиянинг энг йирик икки шаҳри – Изник билан Бурсани фатҳ қилиш арафасида вафот этди. Аллоҳ таоло уни Ўз раҳматига олсин!

[1] “Жавониб музийъа” китобига (32) мурожаат қилинсин.
[2] “Жавониб музийъа” китоби, 33-бет.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг