Хорижга ишга юбориб, даромадга шерик бўлиш жоизми?

0

Савол:

Мен Кореяда ишлайман. Бу ерга келишга пулим йўқ эди. Бир пулдор танишимиз бу ерга келишим учун керакли бўлган барча сарф-харажатларни қилишини, эвазига икки йил давомида олган ойлигимнинг тенг ярмини унга бериб туришимни таклиф қилди. Мен бу таклифни қабул қилдим ва келганимдан сўнг бир неча ой шу шарт асосида унга ойлигимнинг ярмини бериб турдим. Кейин эса бу иш рибо бўлишини эшитиб қолдим. Шеригимга шартномани бузишни таклиф қилдим, қабул қилмади. Ҳозир мендан қолган ойлар учун ойлигимнинг ярмини беришимни талаб қилаяпти. Мен қандай йўл тутишим керак?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Танишингиз билан ўртангиздаги бу шартнома шариатга зид равишда тузилган. Чунки танишингиз сизнинг сафарингиз учун қилган харажатлари қарз бўлса, уни ортиғи билан қайтариб олиши мумкин эмас. Агар бу хизматни маълум миқдордаги фойда эвазига қилиб берган бўлса, унда бу хизмат эвазига олиши керак бўлган пулнинг суммаси аниқ бўлиши керак.

Бундай ҳолатда ўртадаги шартнома бекор бўлгани учун икки тараф келишган ҳолда ҳам диний, ҳам дунёвий илмга эга бир ҳакам тайинлаб, шу ҳакамнинг ҳукмига рози бўлишингиз керак, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг