Умар розияллоҳу анҳу: Умар Форуқнинг халифаликка ҳақлилигига ишора этувчи шаръий далиллар

0

 

  • Қуръони Каримда Абу Бакр, Умар ибн Хаттоб ва Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳумнинг халифаликлари дурустлигига ва уларга итоат қилиш вожиблигига далил бўладиган оятлар бор. Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, мунофиқлар ҳақида шундай дейди: “Энди агар Аллоҳ сизни (Табук жангидан) қайтариб, улардан бирон тоифага (рўбарў қилса), улар сиздан (бундан буён бўладиган ғазотларга) чиқиш учун изн сўрасалар, айтингки: «Мен билан харгиз чиқмайсизлар ва мен билан бирга бирор душманга қарши жанг ҳам қилмайсизлар [Тавба: 83]. Ушбу ҳукмни ўз ичига олган бу суранинг Табук ғазотидан кейин нозил бўлгани ҳақида шак-шубҳа йўқ. Чунки Табук ғазотидан ҳеч бир узрсиз қолиб кетган уч кишининг тавбаси мақбул бўлгани хабари ушбу “Тавба” сурасида нозил бўлган. Ушбу ғазот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг охирги ғазотлари бўлган. У зот Табукдан сўнг то вафотларигача бошқа ғазот қилмаганлар. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда аъробийлар ҳақида айтади: “Аъробийлардан иборат жиҳодга чиқмасданқолган (мунофиқ) кимсаларга айтинг: “Яқинда сизлар куч-қувват эгалари бўлган бир қавм (билан жанг қилиш)га даъват этиласизлар. (Ўшанда ё) улар билан уришасизлар, ёки улар (жанг-жадалсиз) Исломга киргайлар. Агар (ўша пайт сизларни кофир қавмга қарши жиҳод қилиш учун даъват этувчига) итоат этсангизлар, Аллоҳ сизларга гўзал ажр-мукофот ато этур. Агар илгари юз ўгириб кетганларингиздек юз ўгириб кетсангизлар, (Аллоҳ) сизларни аламли азоб-ла азоблар” [Фатҳ: 16]. Бу оятлардан олинадиган далил шуки, Аллоҳ таоло яқинда уларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа баъзи кишилар куч-қувват эгалари бўлган бир қавм билан жанг қилишга даъват этишларини хабар берди. Ўша аъробийларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг жиҳодга даъват қилувчилар у зотнинг халифалари, яъни Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум бўлдилар. Дастлаб Абу Бакр Сиддиқ уларни Бани Ҳанифа қабиласи муртадларига, пайғамбарлик даъво қилиб чиққан Асвад, Сижоҳ, Тулайҳа тарафдорларига, кейин Рум ва Форсга қарши урушларга чорлади. Умар ибн Хаттоб уларни Рум ва Форсга қарши жангларга чақирди, Усмон ибн Аффон уларни Рум, Форс ва туркларга қарши жиҳодга чорлади[1]. Қуръон амрига кўра, мўминларга ушбу уч халифага бўйсуниш вожиб бўлди. Демакки, уларнинг халифаликлари ҳам ҳақ ва дуруст бўлди[2].

  • Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Тушимда кўрдимки, бир қудуқ ёнида эканман, унинг устида бир челак бор экан. Шунда мен қудуқдан Аллоҳ хоҳлаганича сув тортдим, кейин челакни Абу Бакр олиб, ундан бир-икки челак сув тортди, унинг тортишида бироз заифлик бор эди, Аллоҳ уни Ўзи кечиргай. Кейин у катта челакка айланиб қолди ва уни Умар ибн Хаттоб қўлига олди. Мен Умар ибн Хаттобнинг тортишидек сув тортадиган биронта ҳам полвонни кўрмаганман, ҳатто одамлар туяларини суғориб, қўраларига қайтариб кетишди[3]. Имом Муслим ривоятида: “Кейин Ибн Хаттоб келиб, челакни ундан олди, сув тортишда ундан кўра кучлироқ бирон кишини кўрмадим, ҳатто одамлар (сувга қониб) қайтиб кетишди, ҳовуз эса лиммо-лим турарди[4].

 Бу ҳадис дастлабки икки халифанинг халифаликлари ҳақлигига, шунингдек, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифалик даври Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифалигидан узоқроқ давом этишига ва унинг даврида фатҳлар нисбатан кўпроқ бўлиб, ислом кенг ёйилишига бўлган ишорани ўз ичига олган. Имом Нававий ҳадис шарҳида айтади: “Уламоларнинг айтишларича, ушбу туш Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг халифалик даврларида бўлиб ўтадиган ишлар, бу икковларининг гўзал сийратлари ва одамларнинг улардан фойдаланишларининг очиқ мисоли-намунасидир. Буларнинг ҳаммаси Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан, у зотнинг баракалари ва суҳбатлари таъсиридан бўлганди. Зотан, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ишнинг боши ва эгаси эдилар, у зот ишни мукаммал адо этдилар, исломнинг асос-пойдеворларини ўрнатдилар, унинг усулу фуруъларини баён қилиб бердилар, одамлар Аллоҳинг динига гуруҳ-гуруҳ бўлиб кириб келишди. Аллоҳ таоло: “Бугун сизларга динингизни комил қилдим” [Моида: 3] оятини нозил қилди, сўнг у зот вафот этдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу икки йилу бир неча ой халифалик қилдилар, “бир-икки челак” деган сўзларидан мурод шу эди. У кишининг халифалик даврларида  муртадларга қарши жанг бўлиб, уларни бартараф этилди, ислом кенгайиб борди. У кишининг вафотларидан кейин Умар розияллоҳу анҳу халифа бўлдилар, у кишининг замонларида ислом кўп ўлкаларга ёйилди, исломнинг ҳукмлари мисли кўрилмаган даражада татбиқ этилди. Қудуқнинг таъбири мусулмонларнинг ишлари бўлиб, ундаги сувдан мурод уларнинг ҳаётлари ва салоҳиятларидир. Уларнинг амирларини суғорувчига ўхшатилди, уларга сув етказиб беришлари эса ишларини чиройли бошқаришлари эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳақларида “унинг сув тортишида бироз заифлик бор эди” дейишлари билан Абу Бакрнинг фазилатини пастлатиш ва Умарнинг фазилатини ундан кўтариш тушунилмайди. Балки бу фақат уларнинг халифалик муддатлари ҳақида, Умарнинг халифалик даври узоқроқ бўлгани, унинг даврида ислом кўпроқ ўлкаларга тарқалгани, ғалабалар, ўлжа ва мол-дунёлар кўп бўлгани учун ундан одамлар кўпроқ фойдаланишлари ҳақида хабар бериш эди, холос. “Аллоҳ уни кечиргай” деган сўзлари Абу Бакрни камситиш ёки унинг гуноҳига ишора бўлмай, шунчаки, мусулмонлар ўз сўзларини қувватлаш учун ишлатадиган бир иборадир. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда келганидек, бу мусулмонлар ишлатадиган иборалардан бўлиб: “Фалон ишни қилгин, Аллоҳ сени мағфират қилсин”, дейишарди”.[5]

  • Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирган эдик. У зот: “Мен сизларнинг орангизда қанча қолишимни билмайман. Сизлар мендан кейин шу икковларига эргашинглар – деб Абу Бакр ва Умарга ишора қилдилар, – Амморнинг йўлини маҳкам тутинглар, Ибн Масъуд сизларга нима деса, унга ишонинглар!”, дедилар[6] (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2896).

Мазкур ҳадисда Абу Бакр ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумонинг халифаликлари ҳақлигига ва уларга эргашиш лозимлигига очиқ далил бордир.

  • Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тушимда менга бир коса сут келтирилди. Қониб ичдим, қониш то тирноқларимгача сизиб бораётганини кўриб турардим. Кейин ортганини Умар ибн Хаттобга бердим”, дедилар. Саҳобалар: “Буни нимага йўйдингиз, ё Расулуллоҳ?” дейишган эди: “Илмга”, дедилар[7].

Сутни илмга таъбир қилишлари ҳар иккиси манфаати кўплиги ва солиҳликка сабаб бўлиши жиҳатидан бўлиб, сут бадан озуқаси, илм эса маънавий озуқа саналади. Ҳадис Умар розияллоҳу анҳунинг фазилатига далолат қилади… Ҳадисдаги илмдан мурод – валлоҳу аълам – одамларни Аллоҳнинг Китоби ва пайғамбарининг суннати асосида бошқариш илмидир. Умарнинг бу фазилатга хосланишига сабаб, унинг давлат бошқаруви муддати Абу Бакр Сиддиқ бошқарувидан узоқроқ муддат бўлгани учун эди. Зеро, Абу Бакрнинг халифалик муддати жуда қисқа бўлиб, унинг бошқаруви даврида фатҳлар нисбатан кам бўлган, демакки ихтилофлар ҳам деярли зоҳир бўлмаган эди. Умар розияллоҳу анҳу узоқ вақт халифа бўлиб тургани ҳолда, унинг сиёсати ва илму ҳикмат билан бошқаруви туфайли ихтилофлар чиқишига деярли йўл қўйилмади. Ихтилофлар ва фитналар асосан унинг вафотидан сўнг зоҳир бўлди…[8] Ҳадисда Умар Форуқ розияллоҳу анҳунинг халифаликка ҳақли эканига очиқ далил бордир.

 

[1] Байҳақий, “Эътиқод” (173-бет).
[2] “Ал-фасл фил милал вал-аҳво ван-ниҳал” (4/109).
[3] Муттафақун алайҳ.
[4] Муслим (2393).
[5]  “Шарҳ Нававий ала Муслим” (15/161).
[6]  “Саҳиҳи Ибн Ҳиббон” (15/328). Албоний, “Силсила аҳодис саҳиҳа” (3/233, 236).
[7] Муслим (4/1859, 1860).
[8] “Фатҳул Борий” (7/46).

Изоҳ қолдиринг