Азон ва иқомат боби (2)

2

Олтмиш биринчи ҳадис

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه قَالَ: ((أُمِرَ بِلالٌ أَنْ يَشْفَعَ الأَذَانَ , وَيُوتِرَ الإِقَامَةَ)) 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: “Билол азон (сўзлари)ни жуфт қилиб, иқоматни эса тоқ айтишга буюрилди[Бухорий: 605 ва Муслим: 378].

Шарҳ:

Билолни бу ишга буюрган зот Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Усулул фиқҳ уламолари саҳобаларнинг “шунга буюрилдик”, “бундан қайтарилдик” деган сўзларидаги уларни буюрувчи ёки қайтарувчи зот ким экани борасида ихтлоф қилишган. Тўғрироқ фикрга кўра, саҳобаларнинг бу каби сўзларидаги буюрувчи ва қайтарувчи зот Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдир.

азонни жуфт қилиб айтишга буюрилди”, яъни азон сўзларини икки мартадан айтишга буюрилди.

иқоматни эса тоқ айтишга буюрилди”, яъни иқомат сўзларини бир мартадан айтишга буюрилди.

Азон масжиддан ташқаридаги кишиларга намоз вақти кирганини билдириш мақсадида йўлга қўйилгани учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билолни азон сўзларини жуфт қилиб айтишга буюрдилар. Азоннинг бошидаги такбир (Аллоҳу акбар) тўрт марта, охиридаги “Ла илаҳа иллаллоҳ” сўзи бир марта, қолганлари эса икки мартадан айтилади.

Иқомат масжидга ҳозир бўлган кишиларни намозга ростланишларига буюриш мақсадида жорий қилингани боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билолга уни бир мартадан айтишни буюрдилар. Иқоматдаги такбир ва “қад қоматис солаҳ” сўзи икки мартадан айтилиб, қолган барча сўзларни бир мартадан айтилади.

Уламолар ихтилофи:

Уламолар азон ва иқомат ҳукми борасида ихтилоф қилишган. Ато, имом Аҳмад, шунингдек, айрим моликий ва баъзи шофеий мазҳаби уламоларининг фикрига кўра, азон ва иқомат айтиш балоғатга етган кишилар учун фарзи кифоя саналади. Улар ўз фикрларини кўплаб далиллар билан қўллаб-қувватлашган бўлиб, мазкур ҳадис шулар жумласидан. Шариатимиз томонидан буйруқ лафзида келган сўзлар аслида ўша ишни қилиш фарзлигини билдиради. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳуга буюриб шундай дейдилар: “Намоз вақти кирса, сизлардан бирингиз азон айтсин[Бухорий: 628 ва Муслим: 674]. Ушбу фикрни қўллайдиган бошқа ҳадислар ҳам мавжуд. Қолаверса, айтиб ўтганимиздек, азон ва иқомат ислом динининг зоҳирий анъана ва маросимларидан бўлиб, агар бир шаҳар аҳолиси уларни тарк қилса, уларга қарши жанг қилинади.

Азон ва иқомат айтиш фақат эркакларга нисбатан фарзи кифоя, деган уламолар имом Байҳақий саҳиҳ санад билан Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисни ҳужжат қилишган. Унда шундай дейилади: “Аёлларга азон ҳам, иқомат ҳам айтиш вожиб эмас[Байҳақий “Сунанул кубро”, 1979]. Шариатимизда аёллар номаҳрамлар олдида ҳожат бўлмаса сўзламаслиги, сўзласа ҳам паст овозда сўзлаши талаб қилинган. Шунингдек, улар жамоат намозига қатнашишга буюрилмаган.

Ҳанафий ва шофеий мазҳаби уламоларининг фикрига кўра, азон ва иқомат айтиш суннат. Улар ўз фикрларига далил сифатида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муздалифа кечаси шом ва хуфтон намозларини азонсиз фақат иқомат билан ўқиганлари ҳақида келган ҳадисни келтиришган. Кўпчилик уламолар бу ҳадисни саҳиҳ дейишган бўлса-да, бироқ бу ҳадис имом Бухорий Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисга зид бўлиб, унда шундай дейилган: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муздалифа кечаси шом билан хуфтонни икки азон ва икки иқомат билан ўқиганлар”.

Шайхулислом Ибн Таймиянинг фикрича, бу борадаги уламолар ўртасидаги ихтилоф шаклий ихтилофдир. Чунки азонни суннат деган уламоларнинг айтишича, бирон шаҳар аҳолиси азон айтмасликка иттифоқ қилсалар, уларга қарши жанг қилинади. Кўпчилик уламолар суннат деб уни тарк қилган одам мазаммат қилинадиган ва жазога тортиладиган амалларга айтишади. Аммо кимки азон суннат амал бўлиб, уни тарк қилган киши гуноҳкор бўлмайди, деса хато қилган бўлади.

Уламолар азоннинг айтилиш тартиби ҳақида ҳам ихтилоф қилишган. Имом Аҳмад ҳадисларда айтилган тартибларнинг ҳар қандай кўринишида азон ва иқомат айтиш жоиз, деган фикрни билдириб, ўзи Билолнинг азонини ихтиёр қилган. Билолнинг азони ва иқомати қуйидагича бўлган:

Азон ўн бешта жумладан иборат. Дастлаб тўрт марта такбир, сўнг икки марта шаҳодатайн, сўнг икки марта “ҳайя алас солаҳ” ва икки марта “ҳайя алал фалаҳ”, сўнг икки марта такбир айтилади ва охирида “ла илаҳа иллаллоҳ”, деб тугатилади.

Иқомат эса ўн битта жумладан иборат. Дастлаб икки марта такбир, сўнг бир марта шаҳодатайн, сўнг бир марта “ҳайя алас солаҳ” ва бир марта “ҳайя алал фалаҳ, сўнг икки марта “қад қоматис солаҳ”, сўнг икки марта такбир айтиб, сўнг “ла илаҳа иллаллоҳ”, деб тугатилади.

Ҳанафий ва шофеий мазҳаби уламолари, шунингдек, кўпчилик уламолар азон ва иқоматнинг ушбу кўринишини тўғри санашган. Улар бунга Абдуллоҳ ибн Зайднинг ҳадисини ҳамда Макка аҳли ҳаж мавсуми ва бошқа пайтларда азон ва такбирнинг шу кўринишига амал қилишгани ва уларга ҳеч ким эътироз билдирмаганини далил қилиб келтиришган.

Имом Молик, Абу Юсуф ва баъзи уламоларнинг фикрига кўра, азон бошидаги такбир икки марта айтилади. Улар бунга Абдуллоҳ ибн Зайднинг ҳадисида келган айрим ривоятларни, шунингдек, Абу Маҳзура ва Анас розияллоҳу анҳумонинг ҳадисини далил қилиб келтиришган. Анас ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: “Билол азонни жуфт қилиб айтишга буюрилди”. Бу эса азон бошидаги такбир ҳам икки марта айтилишини тақазо қилади.

Аслини олганда ушбу ҳадислар бир-бирига зид эмас. Бу кўринишларнинг барчаси жоиз. Лекин айрим ривоятларда ишончли ровий томонидан нақл қилинган қўшимчага амал қилган афзал. Маълумки, ишончли ровий келтирган қўшимча мақбулдир.

Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ айтади: “Макка аҳлининг азонини ихтиёр қилишимизнинг сабаби, унда Аллоҳнинг зикри кўпроқ айтилади”.

Уламолар азонда “таржеъ” қилиш, яъни шаҳодатайнни дастлаб паст овозда айтиб, сўнг баланд овозда айтиш ҳукми ҳақида ихтилоф қилишган.

Моликий ва шофеий мазҳаби уламоларининг фикрича, “таржеъ” қилиш мустаҳаб саналади. Бу ҳижоз аҳлининг амали бўлиб, Абу Маҳзуранинг ҳадисида келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга азонни шу кўринишда айтишни ўргатганлар.

Ҳанафий мазҳаби уламоларининг фикрига кўра, “таржеъ” қилиш мустаҳаб саналмайди. Улар Абдуллоҳ ибн Зайд ҳадисининг зоҳирини ҳужжат қилишган. Айтиб ўтилганидек, имом Аҳмад ҳадисларда айтилган тартибларнинг ҳар қандай кўринишида азон ва иқомат айтиш жоиз, деган фикрни билдириб, ўзи Билолнинг азонини ихтиёр қилган. Ибн Абдулбар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аҳмад (ибн Ҳанбал), Исҳоқ (ибн Роҳавайҳ), Довуд (Зоҳирий) ва Ибн Жарирларнинг фикрича, уламоларнинг бу борадаги ихтилофи мубоҳ хилоф бўлиб, иқоматни тоқ қилиб, азон бошидаги такбирни тўрт марта ёки икки марта айтиш ҳам, таржеъ қилиш ҳам ёки азон ва иқоматни жуфт қилиб айтиш ҳам жоиз”.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Азон ва иқомат айтиш фарз. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари далолат қилади. Юқорида айтилганидек, саҳобийнинг “буюрилдик” ёки “қайтарилдик” деган сўзидаги буюрувчи ва қайтарувчи зот Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдир.

2 – Азонни жуфт ва иқоматни тоқ қилиб айтиш мустаҳаб. Ушбу кўринишни фарз деб айта олмаслигимизга бошқа саҳиҳ ҳадисларда азон ва иқоматнинг бошқа кўринишлари келгани сабаб бўлди. Бу борада келган барча ҳадисларни ўрганиб шуни хулоса қилиш мумкинки, азонинг бир неча кўриниши бўлиб, уларнинг барчаси жоиз.

3 – Иқоматга қараганда азонга кўпроқ аҳамият қаратиш лозим. Негаки, азон масжиддан ташқаридаги кишиларни намозга чорлаш учун йўлга қўйилган.

4 – Азонни жуфт айтиш деганда бошидаги такбир ва охиридаги “ла илаҳа иллаллоҳ” сўзидан бошқа барча сўзлар икки мартадан айтилиши назарда тутилади. Бошидаги такбир тўрт марта айтилиши ва охиридаги “ла илаҳа иллаллоҳ” сўзи бир марта айтилиши ҳақида бошқа хос далиллар келган.

5 – Иқоматни тоқ қилиб айтиш деганда бошидаги такбир ва “қад қоматис солаҳ” сўзидан бошқа барча сўзлар бир мартадан айтилиши кўзда тутилган. Бошидаги такбир икки марта айтилиши ва “қад қоматис солаҳ” сўзи икки марта айтилиши ҳақида бошқа хос далиллар келган.

Discussion2 fikr

  1. ассалому алайкум варахматуллоху ва баракотуху икоматни азон каби жуфт килиб айтсаям буладими ёки ток айтиш шартми

    • IxlosOrg

      Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Ҳа, бўлаверади. Бу ҳақда имом Ибн Абдулбар роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Аҳмад (ибн Ҳанбал), Исҳоқ (ибн Роҳавайҳ), Довуд (Зоҳирий) ва Ибн Жарирларнинг фикрича, уламоларнинг бу борадаги ихтилофи мубоҳ ихтилоф бўлиб, иқоматни тоқ қилиб, азон бошидаги такбирни тўрт марта ёки икки марта айтиш ҳам, таржеъ қилиш ҳам ёки азон ва иқоматни жуфт қилиб айтиш ҳам жоиз”, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг