Усмон розияллоҳу анҳу: Усмон халифалиги даврида молиявий тузилмалар (2)

0
  • Мусулмонлар зиммасига вожиб бўлган ҳақларни байтулмолга олиш

Солиқчи ва божгирлар давлатнинг байтулмол ҳақларини йиғиб олишдаги вакилларидир, қачон улар байтулмол учун мусулмонлар зиммасига вожиб бўлган ҳақларни олсалар, ўз вазифаларини адо этган бўладилар. Аммо, байтулмолнинг ҳақларини йиғишда ҳаддан ошсалар, мол эгаларига зулм қилган, зиён етказган ва уларга тоқатларидан ортиқ нарсани юклаган бўладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам байтулмол ҳақларини йиғишда ҳаддан ошишдан қайтарганлар, закот учун молларнинг энг яхшисини танлаб олишдан қайтарганлар[1].

  • Мусулмонларга байтулмолдан тегишли ҳақларини бериш

Мусулмонларга байтулмолдан ҳақ бериш икки хил кўринишда бўлади: ё уларга бевосита пул-мол бериш йўли билан бўлади, закотни ҳақдорларга бериш, моллардан маълум бир фойизини мусулмонларга тарқатиб бериш каби, ё эса бевосита бўлмасдан, давлатнинг халққа кўрсатадиган умумий хизматлари кўринишида бўлиб, бунга ҳам мусулмонларнинг байтулмолидан сарф қилинади. Ҳар икки суратдаги бериш ҳам албатта ҳақ билан бўлмоғи зарур. Бевосита нафақа ва ёрдамлар беришда бу борадаги асосий қонун-қоидаларга хилоф қилиш, яъни кимнидир яқин олиб унга кўпроқ бериш, кимгадир асоссиз равишда бермаслик ёки ҳаққини тўла бермаслик, берилиши керак бўлган ҳақни белгиланган вақтидан ҳеч бир асоссиз ва сабабсиз кечиктириш, эҳтиёжманд кишиларни шу соҳада масъул бўлган амалдорларга етиб боришдан тўсадиган ошиқча расмиятчиликлар ё сунъий тўсиқлар ўрнатиш мумкин эмас. Бевосита бўлмаган, давлат томонидан халққа кўрсатиладиган умумий хизматлар кўринишидаги турида эса манфаатлар муайян шахсларгагина чекланиб қолмаслиги, балки бутун умматнинг манфаати кўзда тутилмоғи зарур[2].

  • Зиммийлардан олиниши керак бўлган тўловларни байтулмолга олиш ва уларга берилиши керак бўлган нарсаларни (ҳақ-ҳуқуқларини) бериш, уларга зулм қилмаслик

Аҳли китоблардан жизя олишда уларга зулм қилиш жоиз эмас. Чунки аҳли китоблар ислом давлатида яшаб турган зиммий – давлат ҳимояси остига кирган кишилардан саналади, модомики жизяни тўлаб туришаркан, давлат уларни ҳимоя қилиши ва ҳақ-ҳуқуқларини тўла таъминлаб бериши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шунга буюрганлар. У зот Абдуллоҳ ибн Арқамни аҳли зиммалардан жизя олиш ишига масъул қилдилар, унга хитобан: “Билиб қўйинглар, кимда-ким муоҳидга (зиммийга) зулм қилса ё унга тоқатидан ортиқ нарсани юкласа ё уни камситса ё ундан бирор нарсани ўзининг розилигисиз олса, қиёмат куни мен унинг ёнини оламан!”, дедилар[3]. Шунга биноан Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу вафотларидан олдин аҳли зиммаларга яхшилик қилишга васият қилиб: “Мен ўзимдан кейинги халифага аҳли зиммалар (яъни, ислом ҳукми остида яшаб турган ғайридинлар) аҳдига вафо қилишни, уларни ҳимоя қилиб урушишни ва модомики, зиммаларидаги тўловларни ихтиёрий равишда тўлаб туришаркан, уларга тоқатларидан ортиқ нарсани юкламасликни васият қиламан” деган эди[4].

Агар жизя олувчи амалдорлар зиммийларга озор берсалар, уларга тоқатларидан ортиқ мажбурият юкласалар, азоб берсалар ё ҳеч вақоси бўлмаган ва ишлашга қодир бўлмаган мўйсафиддан жизя талаб қилсалар, ёхуд исломни қабул қилган зиммийдан ҳам жизя олсалар, бу иш айнан учинчи халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўзининг бож-хирож йиғувчи амалдорларига йўллаган мактубида огоҳлантирган зулмнинг бир кўриниши бўлади[5].

  • Етимнинг ҳаққига зулм қилмаслик

Умумий молда (яъни давлат молида) етимнинг ҳам ҳақлари бор, Қуръони Карим оятларида белгилаб берилганидек, етим бола агар камбағал бўлса, закотга ҳақли кишилардан саналади. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари исломга ошна қилинувчи кишиларга, қулларни озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (юрганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир” [Тавба: 60].

Ғаниматлардан байтулмолга олинадиган бешдан бир улуш ичида етимнинг ҳам ҳаққи бор. Аллоҳ таоло айтади: “Агар Аллоҳга ва (ҳақ билан ноҳақнинг) ажралиш кунида икки жамоа тўқнашган кунда, бандамиз (Муҳаммадга) нозил қилганимиз (оятлар ва фаришталардан иборат) нарсага иймон келтирувчи бўлсангизлар, билингизки, ўлжа қилиб олган нарсангизнинг бешдан бири Аллоҳ учун, пайғамбар учун ва у зотнинг қариндош-уруғи, етимлар, мискинлар ва мусофирлар учундир. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир” [Анфол: 41]. Байтулмолдан гўдакларга ва хоссатан етим гўдакларга нафақа ажратилади. Агар етим бола бадавлат бўлса, молидан закот бериши лозим бўлади. Ўшандай ҳолда закот йиғувчи амалдор унинг закотини ҳақ ва адолат билан олиши, унга заррача зулм ўтказмаслиги зарур.

  • Бож-хирож йиғувчи масъуллар омонатдорлик ва вафодорлик билан хулқланишлари

Аллоҳ таоло айтади:

Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларини ўз эгаларига топширишга ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишга буюради. Албатта, Аллоҳ сизларга энг яхши панд-насиҳатлар қилур. Ал­батта, Аллоҳ эшитувчи, кўрувчи бўлган зотдир” [Нисо: 58].

Улар (яъни мўминлар) омонатларига ва берган аҳду паймонларига риоя қилувчи кишилардир” [Мўминун: 8].

Рошид халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу солиқ йиғишга масъул бўлган амалдорлардан  омонатдорлик сифатига эга бўлишларини талаб қиларди. Бу сифат кўпчиликнинг моли бўлмиш байтулмолга тегишли вазифаларда ишловчи ҳар бир кишига лозим бўлган сифатдир. Агар уларда омонатдорлик топилмаса, байтулмолнинг ҳуқуқларига ҳам, мол-мулк эгаларининг ҳуқуқларига ҳам тажовуз қилиб қўйишади, байтулмол билан мулкдорлар ўртасида ишончсизлик туғилишига сабаб бўлишади. Қуръони Каримда ва ҳадиси шарифларда омонатни лозим тутишга қаттиқ тарғиб ва огоҳлантиришлар келган. Халифа Усмон шунингдек, амалдорларидан вафо сифатига эга бўлишларини ҳам қаттиқ талаб қиларди. Байтулмолга вафо қилиш унинг раият зиммасидан олинажак ҳақларини ўрнига келтириш, мол-мулк эгаларига вафо қилиш эса улар зиммасига юклатиладиган молиявий мажбуриятларни белгилашда ҳаддан ошмаслик, аҳли зиммаларга вафо қилиш эса уларга юмшоқ муомала қилиш ва улар билан ўртада тузилган битимларга тўла риоя қилиш, белгиланган миқдордан ошиқча тўлов талаб қилмаслик кўринишида амалга ошади.

[1] Қутб Иброҳим, “Усмоннинг молиявий сиёсати” (64-бет).
[2] “Усмоннинг молиявий сиёсати” (66-бет). “Ал-мунтахаб мина сунна” (261-бет).
[3] Сунан Абу Довуд (3/170), Албоний саҳиҳ санаган.
[4] Бухорий (5/194, №1305). Ибн Саъд, “Табақот” (3/258).
[5] Қутб Иброҳим, “Усмоннинг молиявий сиёсати” (67-бет).

Изоҳ қолдиринг