Иккинчи ҳадис: (19) ҳадисдан олинадиган фойдалар

0

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

(21) Қиёматнинг қойим бўлиш вақтини Аллоҳдан ўзга бирон зот билмайди. Негаки, фаришталарнинг энг афзали инсонларнинг энг афзалидан бу ҳақда сўраганида «Қиёмат (қойим бўлиш вақти) тўғрисида сўралган киши (бу борада) сўровчидан билувчироқ эмас”, деб жавоб берди.

Бундан келиб чиқадики, бирон кимса «фалон вақтда қиёмат қойим бўлади», деб даъво қилса, унинг гапини тасдиқлаган киши кофир бўлади. Чунки у Қуръон ва суннатда келган сўзни ёлғонга чиқарган бўлади.

(22) Мазкур ҳадисдан қиёмат кунининг улуғ ва муҳим кун экани келиб чиқади. Шу боис, Аллоҳ таоло инсонлар бу улуғ кунга тайёргарлик кўриши учун қиёмат олдидан муайян аломатлар юборади. Аллоҳ таоло барчамизга бу кунга муносиб тайёргарлик кўришни насиб этсин!

(23) Агар биз бирон нарсани аниқ билмасак унинг аломатларини қидирамиз. Шу боис, Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан “(Ундай бўлса) менга қиёматнинг аломатлари ҳақида айтиб беринг”, деди.

(24) Шунингдек, ҳадисдан бирон нарсани баён қилиш ёки тушунтириш учун мисоллар келтириш жоизлиги олинади. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларида кўриш мумкин: “(Қиёматнинг аломатларидан бири) – чўри аёл ўз хожасини туғиши ва ялангоёқ, яланғоч, йўқсил чўпонларнинг баланд иморатлар қуриш билан фахрланишини кўрмоғингдир”.

Шу ўринда бир савол туғилади: «Нега Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан кўра очиқроқ аломатларни айтмадилар?»

Жавоб: бундан кўра очиқроқ аломатлар шундоқ ҳам маълум ва тушунарлидир. Шу сабаб, у зот очиқ аломатларни айтмасдан, ҳадисда айтилган мисолларни зикр қилиш билан кифояландилар.

(25) Инсон суратига кирган фаришталар юрар эканлар. Буни ҳадисдаги «Шундан сўнг (нотаниш кимса) чиқиб кетди” деган сўздан тушуниш мумкин.

Бироқ фаришталар ўзларининг асл хилқатида бўлган ҳолатларида ҳам юрадиларми?

Жавоб: Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: «Агар Ерда (одамлар эмас, балки) фаришталар маскан тутиб юрганларида эди, албатта Биз, (яъни Аллоҳ) уларга осмондан фаришта пайғамбарни туширган бўлур эдик» [Исро: 95].  Фаришталарнинг учадиган қанотлари мавжуд. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳамду сано осмонлар ва ерни илк яратгувчи ҳамда (Ўзи билан бандалари ўртасида) фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилгувчи Аллоҳга хосдир» [Фотир: 1].

(26) Устоз ўз ўқувчиларидан уларга номаълум, билишлари имконсиз бўлган нарсалар тўғрисида савол сўраши жоиз. Буни ҳадисдаги “Савол сўраганнинг кимлигини биласизларми?”, деган сўздан хулоса қилиш мумкин.

(27) Бирон нарса тўғрисида савол сўраган кимса жавобни эшитган инсонлар учун муаллим саналади. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «У Жаброил эди, сизларга динингизни ўргатиш учун келибди”, деган сўзларида, гарчи саҳобаларга таълим берган ўзлари бўлса-да, савол сўраши орқали уларнинг ўрганишига сабабчи  бўлган Жаброил алайҳиссаломни муаллим деб номладилар.

Бундан келиб чиқадики, илм толиби бирон масалани билиш муҳим деб ҳисобласа, гарчи ўзи билса ҳам у ҳақда савол сўраши лозим. Зеро, унинг саволига жавоб берилса, гуёки масала жавобини бошқаларга у таълим бергандек бўлади.

(28) Агар ҳукм бирон сабабга асосланган бўлса, жавобгарлик ҳам ўша сабабга боғлиқ қилинади. Уламолар мазкур қоидага оид бир қанча масалаларни зикр қилишган. Жумладан:

Агар икки киши бирон шахсга қарши муртадлик ёки йўлтўсарлик ва қароқчилик каби қатлни тақозо қиладиган бирон жиноят содир этганига гувоҳлик беришса, қози улар иккисининг гувоҳлигига биноан унга қатл билан ҳукм қилса, ҳукм ижро этилгач гувоҳлар гувоҳликларидан қайтиб, “Биз шунчаки уни қатл қилинишини хоҳлаган эдик”, десалар, у ҳолда бу икки гувоҳ қатл қилинади. Чунки ҳукм улар иккисининг гувоҳлигига асосан чиқарилган, бинобарин, унинг ноҳақ қатл қилинишига сабабчи бўлганлар.

Агар бир ишнинг иккита: бири узоқ билвосита сабаби, иккинчиси яқин бевосита сабаби бўлса, у ҳолда жавобгарлик яқин бевосита сабаб зиммасига тушади. Бундан жавобгарликнинг яқин бевосита сабаб зиммасига юклаш имконсиз бўлиши мустасно бўлиб, бундай ҳолатда жавобгарлик узоқ билвосита сабаб зиммасига тушади.

Масалан, бир киши йўл устида чуқур қазиган бўлса, йўлдан ўтаётган йўловчини учинчи бир шахс чуқурга итариб юборса ва бунинг оқибатида ўлса, чуқур қазиган кимса эмас, балки уни чуқурга итариб юборган кимса жавобгар бўлади. Негаки, у шахснинг ўлимига бевосита сабабчи бўлди.

Бошқа бир мисол: бир киши бошқа бир кимсани шернинг қафасига қамаб қўйса-ю, шер уни еб қўйса, унинг ўлимига бевосита сабабчи шер бўлса, уни шернинг қафасига қамаган киши узоқ билвосита сабабдир. Бироқ шерни жавобгар қилиш имконсиз бўлгани боис, уни шернинг қафасига қамаган киши жавобгар бўлади.

(29) Ҳадисда Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан дин тўғрисида саволлар сўради. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг  «сизларга динингизни ўргатиш учун келибди», деган сўзлари далолат қилади. Албатта, ҳадисда диндаги нарсалар барча тафсилотлари билан эмас, балки умумий тарзда баён қилинган.

Шу ўринда бир савол туғилади: «Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч бор «Дин – насиҳатдир», деганлар, сўнг кимларга насиҳат эканини баён қилиб: «Аллоҳга, У зотнинг Китобига, Расулига, мусулмонларнинг бошлиқларига ва омма мусулмонларга насиҳат»[1], деб айтганлар-ку? (яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ерда динни юқоридаги ҳадисдагидан бошқача таърифлаганлар-ку?)».

Жавоб: тўғри, лекин бу ерда насиҳат деб таърифланган дин Жаброил алайҳиссаломнинг ҳадисидаги диннинг таърифидан бошқа нарса эмас, негаки, насиҳат исломнинг бир бўлагидир.

[1] Муслим (55, 95) ривояти.

Изоҳ қолдиринг