Қайтар дунё: Амр ибн Луҳай

0

Амр ибн Луҳай

Абу Хузоа Амр ибн Луҳай ибн Қамъа ибн Хандаф дастлаб Иброҳим алайҳиссаломнинг динини ўзгартирган шахсдир” ҳадиси шариф.

Амр ибн Луҳай Хузоа қабиласидаги ўта пулдор киши бўлган. Айтишларича, унинг йигирма мингта туяси бўлган. Баъзи ривоятларга кўра, у ҳар йили ҳожиларга ўн мингта туя сўйиб, ўн мингта кийим тарқатар экан. Амр араблар ичида саховати билан танилган. Араблар ўртасида обрў-эътибори баланд ҳамда саховатли бўлгани сабабли айтган сўзи ва қилган ишлари араблар ўртасида қонун деб эътиборга олинган.

Бани Хузоа қабиласи Каъбага оид ишларни ўз зиммасига олган вақтларда Амр баъзи ишлар билан Шомга боради. Маобга борганида у ердаги амолиқлар[1]ни бутга ибодат қилишаётганини кўради. Улардан: “Бу санамлар нимаси? Нега буларга ибодат қилаяпсизлар?” – деб сўраганида улар: “Биз бу санамларга ибодат қилиб, ёмғир сўрасак ёмғир ёғади, ғалаба сўрасак ғолиб бўламиз” – деб жавоб беришади. Бу жавобдан ҳайратланган Амр улардан бир санам беришларини сўрайди. Шунда улар Амрга Ҳубал номли санамни беришади. Амр Ҳубални Маккага олиб келиб ўрнатади ва одамларни унга ибодат қилишга тарғиб қилади. Шу тариқа Амр ибн Луҳай Исмоил алайҳиссалом динини ўзгартирган биринчи шахс бўлиш “бахти”га “муяссар” бўлган.

Ибн Исҳоқ роҳимаҳуллоҳ айтишича, Қурайш ва Кинона қабилалари ҳажда “Лаббай Аллоҳим, лаббай! Лаббай, Сенинг шеригинг йўқ. Фақат битта шеригинг бор. Сен унинг ўзига ҳам, мулкига ҳам моликсан”, деб талбия айтишарди. Суҳайлий роҳимаҳуллоҳнинг айтишича, бу талбияни ҳам биринчи бўлиб Амр ибн Луҳай ихтиро қилган. Ривоятларга кўра, иблис Амрга қария шаклида кўринган ва мазкур талбияни айта бошлаган. Амр иблиснинг ортидан, одамлар эса Амрнинг ортидан қайтара бошлашган. Амр фақат бу ишларга чекланиб қолмаган. У ҳайвонларни баҳийра, соиба, васийла ва ҳом деган турларга ажратиб, Аллоҳ ҳалол қилган ишларни ҳаром қилган.

Изоҳ: баҳийра – сути бутларга аталган, одамлар соғиши ҳаром ҳисобланган ҳайвон. Соиба – олиҳаларга атаб қўйиб юборилган ҳайвонлар. Бу ҳайвонларга бирон нарса ортиш мумкин эмас. Васийла – биринчи ва иккинчи боласи ҳам урғочи туғилган туя. Ҳом – маълум миқдордаги урғочини қочирган эркак туя. Бундай туяга ҳеч нарса юкланмасди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Амр ибн Омир Хузоийни дўзахда ичак-човоқларини судраб юрганини кўрдим. У соиба ва баҳийраларни биринчи бўлиб пайдо қилган эди” – деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти). Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биринчи бўлиб соибаларни пайдо қилган ва бутган ибодат қилган киши Амр ибн Омир Хузоийдир. Мен уни дўзахда ичак-човоқларини судраб юрганини кўрдим” – деганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аксам Хузоийга: “Аксам, мен Амр ибн Луҳайни дўзахда ичак-човоқларини судраб юрганини кўрдим. Мен сен билан Амрдан кўра бир-бирига ўхшаш одам кўрмаганман” – деганлар. Аксам: “Ё Расулуллоҳ, унга ўхшашимнинг зарари йўқми?” – деб сўраганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, сен мўминсан, у эса кофир. У Исмоил алайҳиссаломнинг динини ўзгартириб, бутларни олиб кирган, баҳийра, соиба, васийла ва ҳом каби номларни ўйлаб топган биринчи шахсдир” – деб жавоб берганлар (Ибн Абу Осим “Ал-авоил” китобида ривоят қилган, ҳадиснинг санади ҳасан).

Муновий роҳимаҳуллоҳ айтади: “У ўзи ичидан ўйлаб топган бидъати билан қавмини адаштиргани учун дўзахда ичак-човоқларини судраб юради”. Қайтар дунё деб шуни айтсалар керак.

[1] “Амолиқ” деб Шом диёрларида яшаб ўтган Од қавми авлодига айтилади.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг