Ҳайзга оид аҳкомлар

0

Савол:

Ҳайзга тааллуқли қандай ҳукмлар бор?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Ҳайзга доир йигирмадан ортиқ ҳукмлар бор бўлиб, қуйида улардан кундалик ҳаётда энг кўп дуч келинадиганларини зикр қиламиз.

Биринчиси: намоз

Хоҳ фарз бўлсин, хоҳ нафл бўлсин ҳайз кўрган аёл намоз ўқиши ҳаром бўлади, ўқиса ҳам қабул бўлмайди. Зотан бу ҳолатда унга намоз ўқиш фарз эмас. Агар бир ракаат намоз ўқишга улгурадиган вақт қолганда аёлнинг ҳайзи тугаса, ўша намознинг қазосини ўқиши фарз бўлади. Шунингдек, аксинча, агар бир ракаат намоз ўқишга улгурадиган вақт ўтгандан кейин ҳайз кўрса, поклангандан кейин ўша намознинг қазосини ўқиши фарз бўлади.

Биринчи кўринишга мисол: кун чиқишидан олдин бир ракаат намоз ўқий оладиган муддат қолганда аёлнинг ҳайзи тугаса, унга бомдод намозининг қазосини ўқиш фарз бўлади.

Иккинчи кўринишга мисол: кун ботгандан кейин бир ракаат намоз ўқий оладиган муддат ўтгач аёл ҳайз кўрса, унга покланганидан кейин шом намозининг қазосини ўқиш фарз бўлади.

Мазкур иккала ҳолатда ҳам аёл киши бир ракаат намоз ўқий оладиган муддатда пок ҳолида бўлгани сабабли ўша намозларнинг қазосини ўқиши лозим бўлади.

Аммо аёл киши бир ракаат намоз ўқишга улгурмайдиган муддат асносида ҳайз кўрса ёки аксинча, ҳайзи тугаса ўша намознинг қазосини ўқиши лозим бўлмайди. Масалан, кун ботгандан бир лаҳза кейин ҳайз кўрса ёки кун чиқишидан бир лаҳза олдин ҳайзи тугаса, ўша намозларнинг қазосини ўқимайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Кимда ким намоздан бир ракаатга етишса, у ҳолда ўша намозга етишган (яъни уни ўз вақтида ўқиган) бўлади[Муттафақун алайҳ]. Ушбу ҳадисдан шуни тушунишимиз мумкинки, ким бирон бир намоздан бир ракаатини ўз вақтида ўқишга улгурмаса, ўша намозни вақтида ўқиган ҳисобланмайди.

Аммо такбир (Аллоҳу акбар), тасбеҳ (Субҳаналлоҳ), таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) каби зикрларни айтиш, овқат ейиш ёки бошқа ишлар олдидан “бисмиллоҳ”ни айтиш, ҳадис ва фиқҳ китобларини ўқиш, дуо қилиш ва унга “амийн” дейиш, Қуръон эшитиш буларнинг ҳеч бири ҳайз кўрган аёлга ҳаром бўлмайди. “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да келган ҳадисда Ойша розияллоҳу анҳо айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайз ҳолатимда менинг сонимга суянган (бир ривоятда: бошларини қўйган) ҳолларида Қуръон ўқир эдилар[Бухорий: 297 ва Муслим: 301].

Умму Атийя айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни икки ҳайит намозида эндигина балоғатга етган (одатда уйдан кўчага чиқмайдиган) қизларни ва ҳайз кўрган аёлларни ҳам чиқаришга, фақат ҳайз кўрган аёллар намозгоҳдан четда туришларига буюрдилар”.

Ҳайз кўрган аёл Қуръони Каримни ичида товуш чиқармасдан Қуръонга қараб ёки қалбида мушоҳада қилиб ўқиса, бунинг зиёни йўқ. Масалан, Қуръонга ёки оятлар ёзилган қоғозга қараб ичида Қуръон оятларини ўқиши жоиз. Имом Нававий: “Бу тариқа Қуръон ўқиш жоизлиги борасида уламолар ўртасида хилоф йўқ”, деган.

Аммо ҳайз кўрган аёл Қуръонни товуш чиқариб ўқиши жумҳур уламоларнинг наздида жоиз эмас.

Имом Бухорий, Ибн Жарир Табарий ва Ибн Мунзирларнинг фикрича, бу иш жоиздир. Ибн Ҳажар “Фатҳул Борий” китобида нақл қилишича, бу фикр имом Моликдан нақл қилинган бўлиб, имом Шофеий ҳам эски мазҳабида шу фикрда бўлган. Бухорий роҳимаҳуллоҳ Иброҳим Нахаийдан муаллақ тарзда келтиришича, у шундай деган: “Ҳайз кўрган аёл Қуръон оятларини ўқишининг зиёни йўқ”.

Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳайз кўрган аёлни Қуръон ўқишдан ман қиладиган бирор саҳиҳ ҳадис йўқ.Ҳайз кўрган аёл ва жунуб одам Қуръондан бирор нарса ўқимайдидеган ҳадисга келсак, муҳаддис уламолар бу ҳадис заиф эканига иттифоқ қилишган. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида аёллар ҳайз кўришар, агар уларнинг Қуръон ўқишлари худди намоз ўқишлари каби ҳаром бўлганида албатта у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни умматларига баён қилган, рафиқалари ҳам бундан хабардор бўлган ва одамлар бу ҳақда у зотнинг сўзларини нақл қилишган бўлар эди. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон қайтариқ нақл қилинмаган бўлиб, бинобарин, уни ҳаром дейиш жоиз эмас. Юқорида айтганимиздек, у зот бу ишдан қайтрганлари саҳиҳ ҳадисларда келмаган. Пайғамбаримиз даврларида кўпчилик аёллар ҳайз кўришига қарамай, уларни Қуръон ўқишдан қайтармаганлари бу ишнинг ҳаром эмаслигига далолат қилади[Фатово: 26/191].

Уламоларнинг бу масаладаги ихтилофларини билиб олдик. Демак, ҳайз кўрган аёл Қуръонни фақат эҳтиёж туғилсагина овоз чиқариб ўқигани афзал, дейиш мақсадга мувофиқ бўлади. Масалан, у Қуръондан дарс берадиган муаллима бўлса-ю, ўқувчиларга таълим бериш учун овозини чиқариб Қуръон ўқишга эҳтиёжи бўлса ёки имтиҳон асносида Қуръон ўқиб беришга эҳтиёжи туғилса ёки шунга ўхшаш эҳтиёжли ҳолатда бўлса ҳайз ҳолатида Қуръон ўқиши жоиз бўлади.

Иккинчиси: рўза

Аёл ҳайз ҳолатида рўза тутиши ҳаром, тутган тақдирда ҳам қабул бўлмайди. Бунда фарз билан нафл рўза ўртасида фарқ йўқ бўлиб, иккиси ҳукмда баробар. Бироқ ҳайздан поклангач фарз рўзаларнинг қазосини тутиб бериши лозим бўлади. Бунга Ойша розияллоҳу анҳонинг ушбу ҳадиси далолат қилади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ҳайз кўрар ва рўзанинг қазосини тутишга буюрилар, намознинг қазосини ўқишга буюрилмас эдик[Муттафақун алайҳ].

Агар аёл киши рўзадор ҳолатида ҳайз кўрса, гарчи кун ботишидан бир лаҳза олдин бўлса-да, рўзаси бузилади. Агар у фарз рўза бўлса, ўша рўзанинг қазосини тутиб бериши фарз бўлади. Аммо кун ботишидан олдин ҳайз қони ажралганини сезса-ю, бироқ қон кун ботганидан кейин чиқса, тўғрироқ фикрга кўра, тутган рўзаси дуруст бўлади. Негаки, ичдаги қоннинг бир ердан бошқа ерга ўтишининг аҳамияти йўқ. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан агар аёл киши шаҳвоний туш кўрса, ғусл қилиш-қилмаслиги ҳақида сўралганда: “Ҳа, агар намликни кўрса, ғусл қилади”, дея ғусл қилиш-қилмасликни манийнинг чиқиш-чиқмаслигига боғладилар, унинг ўз еридан кўчишига эмас. Ҳайзга доир ҳукмлар ҳам қоннинг бир ердан бошқа ерга кўчишига эмас, балки унинг чиқишига боғлиқ бўлади.

Агар бомдод вақти кирганда аёл киши ҳайз ҳолатида бўлса, гарчи бомдод вақти киргандан бир лаҳза кейин покланса-да, ўша куни рўза тутиши дуруст бўлмайди.

Агар ҳайз кўрган аёл бомдод вақти киришидан бироз олдин покланса ва ювинмасдан рўза тутса, рўзаси дуруст саналади, худди бир инсон жунуб ҳолида оғзини ёпиб, бомдод вақти кирганидан кейин ювинса, рўзаси дуруст саналганидек. Бунга Ойша розияллоҳу анҳо ривоят қилган қуйидаги ҳадис далолат қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига яқинлик қилиб, жунуб ҳолида тонг оттирар, сўнг Рамазон рўзасини тутар эдилар[Муттафақун алайҳ].

Учинчиси: Каъбани тавоф қилиш

Хоҳ фарз бўлсин, хоҳ нафл бўлсин ҳайз кўрган аёл Каъбани тавоф қилиши ҳаром, тавоф қилса ҳам қабул қилинмайди. Ойша розияллоҳу анҳо ҳаж-умра асносида ҳайз кўрган пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга шундай деганлар: “То ҳайздан поклангунингча тавофдан бошқа барча ҳаж ёки умра амалларини адо қилавер”.

Аммо Сафо билан Марва орасида саъй қилиш, Арафот тоғида туриш, Муздалифа ва Минода тунаш, тош отиш каби қолган ҳаж ва умрага оид амалларни ҳайз кўрган аёл бажариши ҳаром эмас. Бинобарин, аёл киши тавоф қилиб бўлиши биланоқ ёки Сафо билан Марва орасида саъй қилиш асносида ҳайз кўрса, зиёни йўқ.

Туртинчиси: видолашув тавофи ҳайз кўрган аёл зиммасидан соқит бўлиши

Агар аёл киши ҳаж ёки умра амалларини якунлаб бўлгач, мамлакатига қайтишидан олдин ҳайз кўрса ва ҳайзи то Маккадан чиққунига қадар давом этса, у ҳолда видолашув тавофини қилмай қайтади. Бунга Ибн Аббоснинг қуйидаги ҳадиси далолат қилади: “Одамлар ҳаж ва умра амалларининг энг охирини тавоф билан якунлашга буюрилдилар. Бундан ҳайз кўрган аёллар мустасно бўлиб, енгиллик тарзида уларга бу амал юклатилмади[Муттафақун алайҳ]. Лекин ҳаж ва умра тавофи унинг зиммасидан соқит бўлмайди, балки поклангач тавоф қилиши лозим.

Бешинчиси: масжидда ўтириш

Ҳайз кўрган аёл масжидда, ҳатто ҳайит намози ўқиладиган намозгоҳда ўтириши ҳам ҳаромдир. Умму Атийянинг ҳадисида шундай дейилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни икки ҳайит намозига ҳайз кўрган аёлларни ҳам чиқаришга, бироқ улар намозгоҳдан четда туришларига буюрдилар[Муттафақун алайҳ].

Олтинчиси: жинсий яқинлик

Ҳайз кўрган аёлга эри жинсий яқинлик қилиши, аёл ҳам бунга имкон бериши ҳаром саналади. Аллоҳ таоло айтади: “Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “У жирканч ва зарарли нарсадир. Бас, ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз! Пок бўлганларидан кейин уларга Аллоҳ буюрган тарафдан келингиз! Албатта Аллоҳ тавба қилгувчиларни ва ўзларини мудом пок тутгувчиларни севади[Бақара: 222]. Оятдаги яқинлашмасликдан аёлнинг жинсий аъзосига яқинлик қилиш назарда тутилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайз кўрган аёллар билан ўйнашиш кўринишини баён қилиб шундай деганлар: “Жинсий яқинликдан бошқа хоҳлаган нарсангизни қилаверинг[Муслим ривояти].

Қолаверса, мусулмонлар ҳайз кўрган аёлга жинсий яқинлик қилиш ҳаромлигига ижмо қилишган.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, шариатимиз эркак кишига енгиллик тарзида ҳайз ҳолатидаги аёлини ўпиш, кучоқлаш ва жинсий аъзосидан бошқа ерига тегиниш каби шаҳватни босадиган ишларни ҳалол қилди. Лекин киндик билан тизза орасига бирор тўсиқсиз яқинлашмагани афзал. Ойша розияллоҳу анҳо айтади: “Ҳайзлик ҳолатимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам лозим кийиб олишимга буюрар, сўнг мени қучар эдилар[Бухорий: 300 ва Муслим: 293].

Еттинчиси: талоқ

Ҳайз ҳолатидаги аёлни талоқ қилиш ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади: “Эй Пайғамбар, қачон сизлар (яъни мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар, уларнинг иддаларида (яъни идда санаш имкони бор пайтида) талоқ қилинглар ва иддани сананглар![Талоқ: 1]. Яъни аёл киши талоқ қилинган пайтда иддасини санай оладиган ҳолатда бўлиши керак. Бу эса фақат аёлнинг ҳомиладор ёки унга жинсий яқинлик қилинмаган пок пайтида бўлганда мумкин бўлади. Негаки, аёл ҳайз пайтида талоқ қилинса, жорий ҳайзи иддадан ҳисобланмайди. Шу боис, иддасини санашга кириша олмайди. Борди-ю, жинсий яқинлик қилинганидан кейин поклик пайтида талоқ қилинса, санайдиган иддаси номаълум бўлиб қолади. Негаки, ушбу жинсий яқинликдан кейин ҳомиладор бўлдими ёки йўқми билмай қолади. Агар ҳомиладор бўлса, туққанича, бўлмаса уч ҳайз идда сақлаши лозим бўлади. Ушбу ҳолатда аёл киши қай кўринишда идда ўтириши (ҳомиладор иддасими ёки ҳомиласиз аёл иддасими) номаълум бўлиб қолгани учун талоқ қилиниши ҳаром қилинди.

Юқорида зикр қилинган ояти каримага биноан ҳайз ҳолатидаги аёлни талоқ қилиш ҳаром саналади. Шунингдек, имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда шундай дейилади: “У, яъни Ибн Умар хотинини ҳайз ҳолатида талоқ қилади. Умар розияллоҳу анҳу буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтадилар. Шунда у зот ғазабланиб шундай дейдилар:Унга айтгин, хотинини қайтариб олсин. Хотини то ҳайздан покланиб, сўнг ҳайз кўриб, сўнг яна поклангунча (уйида) ушлаб турсин. Кейин хоҳласа олиб қолсин, хоҳласа унга яқинлик қилмасдан туриб талоқ қилсин. Аллоҳ таоло мана шундай ҳолатдагина аёлларни талоқ қилишга буюрган

Ким хотинини ҳайз ҳолатида талоқ қилса гуноҳкор бўлади. У одам Аллоҳга тавба қилиши ва Аллоҳ ва расулининг амрига мувофиқ равишда шаръий талоқ қилиш учун хотинини қайтариб олиши лозим бўлади. Қайтариб олгандан сўнг хотини талоқ қилинган ҳайзидан покланиб, сўнг яна ҳайз кўриб поклангунча кутади. Поклангандан кейин хоҳласа олиб қолиб бирга яшайди, хоҳласа жинсий яқинлик қилмасдан туриб талоқ қилади.

Уч ҳолатда хотинни ҳайз ҳолатида талоқ қилиш ҳаром бўлмайди:

1) Янги уйланган аёл билан ҳали иккиси холи қолмасдан ва унга яқинлик қилмасдан олдин талоқ қилса бўлади. Чунки бу ҳолатда аёл идда сақламайди ҳамда Аллоҳ таолонинг “уларнинг иддаларида (яъни идда санаш имкони бор пайтида) талоқ қилинглар ва иддани сананглар!” деган оятига зид бўлмайди.

2) Ҳомиладор ҳолатида ҳайз кўрган аёлга талоқ бериш.

3) Бирон нарса эвазига ҳайз ҳолатида талоқ қилиш (Хулуъ).

Ҳайз ҳолатидаги аёлни никоҳлаш жоиздир. Негаки, бундан ман қиладиган далил йўқ бўлиб, аслида никоҳ қилиш ҳалол саналади. Лекин келин-куёв никоҳдан сўнг холи қолишига келсак, агар куёв келинга жинсий яқинлик қилиб қўймаслигига кўзи етса холи қолишлари жоиз, акс ҳолда ҳаром қилинган ишга қўл уриб қўймасликлари учун то поклангунча бундан ман қилинадилар.

Саккизинчиси: иддани ҳайз билан ҳисоблаш

Агар куёв келин билан ёлғиз қолган ёки унга яқинлик қилган бўлса, модомики келин ҳайз кўрадиган бўлса ҳамда ҳомиладор бўлмаса, тўлиқ уч ҳайз идда ўтиради. Аллоҳ таоло атйтади: “Талоқ қилинган аёллар уч ҳайз муддатида идда сақлайдилар[Бақара: 228].

Агар талоқ қилинган аёл ҳомиладор бўлса, ҳомиласини туғиши билан иддаси тугайди. Ҳомила одатий муддатдан олдин туғиладими ё кейинми бунинг фарқи йўқ. Аллоҳ таоло айтади: “Ҳомиладор аёлларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини туғишларидир[Талоқ: 4].

Агар талоқ қилинган аёл ёши катталиги, бачадони олиб ташлангани ёки бундан бошқа сабабларга кўра ҳайз кўрмайдиган бўлса, у ҳолда уч ой идда сақлайди. Аллоҳ таоло айтади: “Аёлларингиз орасидаги (кексайиб қолгани сабабли) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (уларнинг иддалари қанча давом этиши хусусида) шубҳалансангизлар, бас (билингиз-ки), уларнинг иддалари уч ойдир, яна (ҳануз) ҳайз кўрмаган (аёллар)нинг (иддалари ҳам уч ойдир)[Талоқ: 4].

Агар талоқ қилинган аёлнинг ҳайзи касаллик, эмизиш каби маълум сабабларга кўра келмаётган бўлса, бу қанча давом этишидан қатъий назар, то ҳайз кўргунга қадар кутади. Ҳайзи келгач идда сақлашни бошлайди. Борди-ю, ҳайз келишига тўсқинлик қилаётган сабаб кетиб, бироқ ҳайз келавермаса, у ҳолда ушбу сабаб кетган кундан бошлаб тўлиқ бир йил идда сақлайди. Масалан, эмизикли аёл эмизишни тўхтатса-ю, бироқ ҳайзи келавермаса, эмизишни тўхтатган кундан бошлаб тўлиқ бир йил иддада ўтиради. Мазкур фикр уламолар бу борада билдирган фикрларнинг энг тўғрироғи бўлиб, шариатимизнинг мақсад ва ғояларига ҳам мос келади. Зеро, ҳайз келишига тўсқинлик қиладиган сабаб кетса-да, ҳайзи келмаётган аёл номаълум сабабга кўра ҳайзи келмаётган аёл ҳукмида бўлади. Маълумки, номаълум сабабга кўра ҳайзи келмаётган аёл тўққиз ой ҳомиладорлигини аниқлаш ҳамда уч ой иддаси учун, жами тўлиқ бир йил идда сақлайди.

Агар никоҳдан сўнг келин-куёв ёлғиз қолмасдан ва жинсий яқинлик қилмасдан бурун талоқ тушса, ҳеч қандай идда сақланмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, қачон сизлар мўминаларни никоҳларингизга олсангизлар-у, сўнгра уларга яқинлик қилишдан илгари уларни талоқ қилсангизлар, у ҳолда улар идда сақламайдилар[Аҳзоб: 49].

Тўққизинчиси: талоқ қилинган аёл ҳомиладор эмаслигини билиш

Аёлнинг ҳомиладорлигини аниқлаш учун ҳар доим ҳайз келиш-келмаслигига эҳтиёж туғилади. Бунга доир бир қанча масалалар бор, жумладан:

Бир киши вафот этса ва қорнидаги ҳомиласи ундан мерос олишга ҳақли бўлган эрли аёл қариндоши бўлса, у то ҳайз кўргунга ёки ҳомиладорлиги маълум бўлгунга қадар эри унга яқинлик қилмайди. Агар ҳомиладорлиги маълум бўлса, ҳомилага меросдан улуш ажратилади. Негаки, у мерос қолдирувчи вафот этганда мавжуд бўлган. Борди-ю, ҳайз кўрса, у ҳолда меросдан улуш ажратилмайди. Негаки, мерос қолдирувчи вафот этганда аёлнинг қорнида ҳомила бўлмаган.

Ўнинчиси: ғусл фарз бўлиши

Аёл киши ҳайздан покланса, бутун баданини ювиб ғусл қилиши фарз бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима бинти Абу Ҳубайшга шундай деганлар: “Агар ҳайзинг келса намозни қўй, тугаса ғусл қилиб, намоз ўқи[Бухорий ривояти].

Фарз ғуслнинг кифоя қиларли кўриниши: бутун баданини бир марта ювади, сочлари остига ва сув етиши қийин бўлган қўлтиқ ва тизза орти каби ўринларга сув етишига аҳамият қаратади, оғзи ва бурнига сув олиб чайқайди.

Бироқ қуйидаги ҳадисда келган тартибда ғусл қилгани афзал. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Асмо розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳайздан қай тартибда ғусл қилиш кераклиги ҳақида сўраганида, у зот: “Сув ва сидр[1] билан (қон чиқадиган жойни) яхшилаб ювади, сўнг бошига сув қуйиб, то сув бош терисига етгунча бошини яхшилаб ишқайди, сўнг бадани устидан сув қуяди, сўнгра бир парча атирли мато билан тозалайди”, дедилар. Асмо розияллоҳу анҳо: “Қандай қилиб у билан тозалайди?” дегандилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ажабланиб: “Субҳаналлоҳ! Ўша мато билан тозалайди-да”, дедилар. Ойша розияллоҳу анҳо унга шивирлаб: “Ана шу мато билан авратингни артасан”, дедилар.

Ҳайздан покланган аёлнинг сочлари бош терисига сув етишини ман қилмайдиган даражада зич ўрилмаган бўлса, ғуслда уларни ёйиши шарт эмас. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Умму Салама розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай дейди: “Мен сочимни ўриб юраман, жунубликдан (бир ривоятда ҳайз ва жунубликдан) покланишда сочимни ёйишим керакми?”. Шунда у зот: “Йўқ, балки бошинг устидан уч ҳовуч сув қуйиб, кейин бутун баданингга сув қуйсанг бўлди, пок бўласан”, деб жавоб бердилар.

Аёл киши намоз вақти асносида ҳайзи тугаса, ўша намозни ўз вақтида адо қилиш учун ғусл қилишга шошилиши вожиб бўлади. Агар сафар чоғида ҳайзи тугаса-ю, лекин ғусл қилишга сув бўлмаса, сув ишлатса бошқаларга зарар етса ёки сув ишлатиш соғлиғига зиён етказса, у ҳолда то ғусл қилишга имкони бўлгунга қадар таяммум қилади, имкон топиши билан ғусл қилади.

Баъзи аёллар намоз вақти асносида ҳайзи тугаса шошилмай то намоз вақти чиқай дегунча ғусл қиладилар. Ўзларича “Мен бундан қисқа муддатда яхшилаб ғусл қила олмайман” дейишади. Уларнинг бу даъволари ҳужжат ҳам, узр ҳам бўлолмайди. Негаки, у кифоя қиларли вожиб ғуслни қилиб, намозни вақтида ўқиш имконига эга. Намозни ўқиб бўлгач бемалол тўлиқ ғусл қилиш мумкин.

Мана шулар ҳайзга тааллуқли энг муҳим ҳукмлар саналади.

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳнинг қаламига мансуб “Аёллардаги табиий қонлар ҳақидаги рисола”дан олинди.

[1] Арабистон ярим ороли ва Яманда ўсадиган дарахт бўлиб, унинг баргидан ишқор (собун) мақсадида фойдаланилган. Зизифус дарахт ҳам деб номлади.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг