Пайғамбарларга ва самовий китобларга иймон келтириш

0

Савол:

Аллоҳнинг пайғамбарлари кимлар, Аллоҳ уларга қайси китобларни туширган?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ…

Аллоҳ Одамни ерга тушириб, унинг зурриёти ер юзида тарқалганидан сўнг уларни эътиборсиз ташлаб қўймади. Балки уларни ризқу рўзлар билан таъминлади, Одамга ва унинг зурриётига ваҳий нозил қилди, шунда улардан баъзилари иймон келтирди, баъзилари эса кофир бўлди: Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», деган ваҳий билан бир пайғамбар юборганмиз. Шунда ўша умматлар орасида Аллоҳ ҳидоят қилган зотлар ҳам, чекларига йўлдан озишлик тушган кимсалар ҳам бўлган” [Наҳл: 36].

Аллоҳ нозил қилган самовий китоблар тўртта бўлиб, улар Таврот, Инжил, Забур ва Қуръондир.

Аллоҳ таоло айтади: “Сизга (эй Муҳаммад), ўзидан аввал тушган китобларни тасдиқловчи бўлган бу Китобни (Қуръонни) ҳақ билан нозил қилди. Илгари одамларни ҳақ йўлга ҳидоят қилиш учун Таврот ва Инжилни туширган эди” [Оли Имрон: 3].

Аллоҳ таоло айтади: “Биз Довудга Забурни ато этдик” [Исро: 55].

Расуллар ва набийлар жуда ҳам кўп бўлиб, уларнинг ададини ёлғиз Аллоҳ ўзи билади, улардан баъзиларининг номларини бизга айтиб берган, баъзиларини айтмаган: “Айрим пайғамбарлар ҳақида сизга илгари ҳикоя қилдик, айрим пайғамбарларни эса сизга ҳикоя қилганимиз йўқ” [Нисо: 164].

Аллоҳ юборган барча пайғамбарларга ва Аллоҳ уларга туширган барча илоҳий китобларга иймон келтириш вожибдир. Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, Аллоҳга, унинг пайғамбарига ва шу пайғамбарига нозил қилган Китобига ҳамда илгари нозил бўлган Китобларига иймонингиз комил бўлсин. Кимки Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига кофир бўлса, демак, у жуда қаттиқ адашибди” [Нисо: 136].

Расул билан набий маънодош сўз бўлиб, одамларни ягона Аллоҳнинг ибодатига чақириш учун Аллоҳ юборган пайғамбар демакдир. Аллоҳ набийлар ва расулларни танлаб олган ва уларни бандаларига динни етказиш учун юборган: “Токи бу пайғамбарлар ўтганларидан кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик” [Нисо: 165].

Набий ва расуллар кўп бўлиб, Аллоҳ таоло Қуръонда йигирма беш пайғамбарнинг исмини зикр қилган. Улар қуйидагилардир:
Одам, Идрис, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Лут, Исмоил, Исҳоқ, Ёқуб, Юсуф, Шуайб, Айюб, Зулкифл, Мусо, Ҳорун, Довуд, Сулаймон, Илёс, Алясаъ, Юнус, Закариё, Яҳё, Исо, Муҳаммад (барчаларига Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин).

Қуръони Карим самовий китобларнинг энг улуғи ва охиргисидир. У ўзидан аввалги китобларда бор бўлган ҳақ-рост сўзларни тасдиқловчи, уларга киритилган ўзгартиришларни баён қилиб берувчи, уларнинг баъзи шариатларини мансух қилувчи ва уларда бор бўлган барча яхшиликларни ўзида жамловчи китобдир. Энди фақат унга амал қилиш ва бошқа китобларни тарк қилиш вожиб бўлади: Сизга (Эй Муҳаммад) ўзидан олдинги китобларни тасдиқловчи ва у (китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққи-рост нозил қилдик. Бас, одамлар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг” [Моида: 48].

 Аллоҳ таоло Одам авлоди ичидан расуллар ва набийларни танлаб олиб, уларни халқларга юборди, халқларни ягона Аллоҳнинг ибодатига чорлашга ва уларга дунё-ю охират саодатига кафил бўлувчи шариатларни баён қилиб беришга, иймон келтирганларга жаннат хушхабарини беришга ва кофир бўлганларни дўзах билан огоҳлантиришга буюрди: “Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», деган ваҳий билан бир пайғамбар юборганмиз. Шунда ўша умматлар орасида Аллоҳ ҳидоят қилган зотлар ҳам, чекларига йўлдан озишлик тушган кимсалар ҳам бўлган” [Наҳл: 36].

Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилди. Улар ичида энг афзаллари улул азм (матонат эгалари) бўлган пайғамбарлар бўлиб, улар Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо ва Муҳаммад (уларга Аллоҳнинг салоту саломи бўлсин), улул азмнинг энг афзали эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Ҳар бир пайғамбар ўз қамига хос юборилар эди, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ таоло бутун инсониятга пайғамбар қилиб юборди. У зот расул ва набийларнинг энг сўнггиси ва энг афзалидирлар: “(Эй Муҳаммад), Биз сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга: (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огоҳлантирувчи бўлган ҳолингизда пайғамбар қилиб юбордик. Лекин кўп одамлар билмаслар” [Сабаъ: 28].

Расул ва набийларни Аллоҳ танлаб олган, уларни ўз умматларига намуна ва ўрнак қилган, уларни Ўзи тарбия қилган, одобларини гўзал қилган, рисолат билан мукаррам қилган, уларни гуноҳ-маъсиятларга тушиб қолишдан Ўзи сақлаган, мўъжизалар билан қўллаб-қувватлаган. Улар хилқатда ҳам, хулқ-атворда ҳам энг комил инсонлардир, энг олим, энг ростгўй, энг сийрати пок зотлардир. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай деган: “Яна уларни Бизнинг амримиз билан (кишиларни ҳақ йўлга) ҳидоят этадиган пешволар килдик ва уларга яхши амаллар қилишни, намозни тўкис адо этишни ва закотни (мустаҳиқ кишиларга) ато этишни ваҳий қилдик. Улар ёлғиз Бизгагина ибодат қилувчи бўлдилар” [Анбиё: 73].

Набий ва расуллар тоатда ва ҳусни хулқда шундай олий манзилатда бўлганлари боис Аллоҳ таоло бизни уларга эргашишга буюрди: “Ана ўша (юқорида мазкур бўлган зотлар) Аллоҳ ҳидоят қилган кишилардир. Бас, ўшаларнинг йўлларигагина эргашинг!” [Анъом: 90].

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламда расул ва набийларнинг барча улуғ ва гўзал сифатлари жамланган, Аллоҳ у зотни улуғ ахлоқлар билан мукаррам қилган. Шунинг учун Аллоҳ таоло у зотга барча ҳолатларида эргашишга ва у зотдан намуна олишга буюрган: “(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир” [Аҳзоб: 21].

 Барча расул ва набийларга иймон келтириш исломий эътиқоднинг асосий рукнларидан бўлиб, усиз кишининг иймони тўла бўлмайди. Чунки барча пайғамбарлар бир ақидага – Аллоҳга иймон келтиришга чақирганлар. Аллоҳ таоло айтади: “Айтингиз (эй мўминлар), Аллоҳга, бизга нозил қилинган Китобга, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқубга ва асботга (Бани Исроилнинг ўн икки уруғидан бўлган пайғамбарларга) нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Ийсога берилган нарсаларга ва барча пайғамбарларга Парвардигор тарафидан берилган нарсаларга ишондик. Биз улардан бирортасини ажратиб қўймаймиз ва биз у зотга (Аллоҳ таолога) бўйсунувчилармиз” [Бақара: 136].

Шайх Муҳаммад ибн Иброҳим Тувайжирийнинг “Ислом дини асослари” китобидан олинди.

Манба: IslamQA

Изоҳ қолдиринг