Усмон розияллоҳу анҳу: Усмон халифалиги даврида молиявий тузилмалар (3)

0

Усмоннинг закотга доир қоидаларни ёритиб берувчи йўл-йўриқлари

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу шундай деганди: “Келаётган бу ой закот берадиган ойингиздир. Кимнинг зиммасида қарзи бўлса, ўтаб қўйсин, токи молларингизнинг закотини чиқаринг. Кимда (закот нисобига етган мол) бўлмаса, ўзи ихтиёрий равишда бермаса ундан олинмайди. Кимдан (молининг закоти) олинган бўлса, то манави келаётган ой келмагунича ундан олинмайди”. Иброҳим ибн Саъд: “Келаётган ой деганда рамазонни назарда тутган деб ўйлайман”, дейди. Абу Убайд: “Баъзи асарларда Усмон назарда тутган бу ой муҳаррам ойи экани айтилган”, дейди[1].

Бу сўзлари билан Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қуйидаги асосий қоидаларга урғу беради:

  • Закотнинг йиллик тўлов экани. Чунки закотни адо этишда бир йил ўтиши шарт қилинади, фақат экин-тикинлар закоти бундан мустасно. Усмоннинг бу сўзларидан маълум бўладики, кимнинг молларидан закот олинган бўлса, то келгуси йилнинг айни ўша ойи келмагунича ундан закот олинмайди ва бир одам бир йилда икки марта закот бермайди.

  • Абу Убайднинг Усмон кўзда тутган ой муҳаррам ойи эди, деган гапини оладиган бўлсак, афтидан Усмон ибн Аффон бу билан исломий молиявий йил ҳижрий йилга мувофиқ бўлишини истаган. У ҳолда мусулмонлар бир ҳижрий йил тўла якунига етиб, янги йил бошланганидан сўнг муҳаррам ойида молларининг закотини чиқаришлари лозим бўлади.

  • Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу одамларни молларининг закотини ҳисоблашга, қарзлари бўлса аввал уни ўтаб, қолган молдан закот чиқаришга чақиради. Эҳтимол, бу билан у одамларни зиммаларидаги қарзларини ўташга ундашни, шунингдек, қарз (ҳақ) эгаси бўлган кишилар закоти бериладиган молларнинг ҳисобини олишлари осон бўлиши учун уларга енгиллик бўлишини ва шу билан бир қаторда қарз жиддий нарса эканини одамларга таъкид билан билдириб қўйишни истаган бўлиши мумкин.

  • Усмон розияллоҳу анҳу: “Кимда (закот нисобига етган мол) бўлмаса, ўзи ихтиёрий равишда бермаса ундан олинмайди”, дейди. Бу сўзлари билан у ихтиёрий инфоқ-эҳсонга даъват эшигини очади. Дарҳақиқат, баъзи мусулмонлар борки, закот бериш уларга лозим эмас, бироқ шу ҳолда ҳам молларидан садақалар чиқаришни истайдилар. Бу ҳолда уларнинг берган садақалари байтулмолга қабул қилиниб, закот жамғармасига қўшилади ва давлат уни закот сарфланадиган ўринларга сарфлайди. Усмон розияллоҳу анҳу: “То ихтиёрий равишда бермагунича ундан олинмайди” деган сўзлари билан яна олтин-кумушнинг эгаси закотини то ўз ихтиёри билан келтириб бермагунича байтулмол унинг олтин-кумушларининг ҳисобини олмаслигини уқтиради. Одамлардан мажбурий олинадиган ва бермаган кимсаларга қарши уруш очиладиган садақалар эса чорва моллари, экин-тикин ва хурмолардан олинадиган садақалардир[2].

Қарз эгасининг закот бериши ҳақидаги фикри

Соиб ибн Язиддан ривоят қилинишича, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу шундай дер эди: “Истаган пайтинг қарздорингдан талаб қилиб олишинг мумкин бўлган, беришга имконияти бор бўлгани ҳолда сен ундан фақат тортиниб ё бошқа бир истиҳола билан сўрай олмаётган молингдан закот берасан”[3].

Усмон розияллоҳу анҳу яна шундай деган: “Агар беришга қодир одам қўлида бўлса, қарзнинг закотини берасан”.

Усмон ибн Аффоннинг мазкур икки сўзидан кўринадики, қайтаришга қодир бўлган киши қўлида турган, бироқ эгаси сўрашга тортиниб ё бошқа бирон истиҳола билан сўраб ололмаётган қарз учун ўша молнинг эгаси зиммасига закот вожиб бўлади[4].

Закот жамғармасидан қарз олиб, халқнинг бошқа эҳтиёжларига ишлатгани

Усмон розияллоҳу анҳу имкони бўлганда ўрнига қайтариб қўйиш шарти билан закот молларидан олиб, урушлар учун ишлатди, халқнинг бошқа умумий эҳтиёжлари учун сарфлади. Маълум бир мақсад учун йиғилган молдан қарз олиб, бошқа мақсадлар учун сарфлаш имомнинг ҳаққидан бўлиб, модомики садақа молларини яна қайтариб ўрнига қўйишга қарори қатъий бўларкан, бошқа умумхалқ эҳтиёжларига ишлатиши билан динга зид иш қилган бўлмайди. Закот сарфланадиган ўринлардан бири Аллоҳ йўлида сарф қилиш бўлиб, баъзи уламолар фикрига кўра, Аллоҳ йўлида ғазотга чиққан кишига ҳам шу қисмдан берилади. Чунки ғазотга узилиб чиқиши уни тирикчилик ва касб қилишдан тўхтатди. Бу  турдаги инсон ислом манфаатини ўз шахсий манфаатидан устун қўйди, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш ва ер юзида Унинг динини ёйиш йўлида ҳаракат қилиш учун ўзининг шахсий ишларидан воз кечди. Қолаверса, баъзи уламолар закот жамғармасидан умумхалқ манфаатлари йўлида ишлатишни жоиз санайдилар[5].

Камбағаллар ва мусофирлар овқати учун закотдан ишлатгани

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу янги бир суннатни жорий қилди. Рамазонда масжидга егуликлар қўйдириб қўяр, “Бу таомлар масжидда қолиб ибодат қилувчилар, мусофирлар ва фақир кишилар учун”, дер эди. Мусулмонларнинг икроми учун ишлатиладиган бу каби маблағларни у байтулмолдан оларди. Унинг бу иши саховатда энг пешқадам зот бўлган, рамазонда эса яна ҳам саховатлироқ бўлиб кетадиган зотга – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш саналади. Усмон йўлга қўйган бу суннат мусулмонларни озиқ-овқат ташвишини қилмасдан бемалол масжидда эътикоф ўтиришларига тарғиб ҳам бўлади. Демакки, бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эътикоф суннатларини тирилтиришга сабаб бўлади[6].

Закот молларидан мусофирхоналар қургани

Абу Саммол Асадий ва бошқа бир неча кўфалик кишилар қачон Кўфага мусофирлар келса: “Кимнинг Кўфада тушадиган манзили бўлмаса, Абу Саммолнинг уйига тушсин”, деб жар солдириши ҳақида эшитгач, Усмон розияллоҳу анҳу бир неча ҳовли-жойларни мусофирхоналарга айлантирди. Абдуллоҳ ибн Масъуднинг Ҳузайлдаги ҳовлиси ҳам мусофирхона бўлиб, келган меҳмонлар масжид атрофида жой бўлмаса, унинг ўша ҳовлисига тушар эдилар[7].

 

[1] Абу Убайд, “Ал-амвол” (534-535-бетлар).
[2] Абу Убайд, “Ал-амвол” (537-бет).
[3] Абу Убайд, “Ал-амвол” (537-бет).
[4] “Ас-сиёсатул молия ли усмон ибн аффон” (79-бет).
[5] “Усмоннинг молиявий сиёсати” (80-81-бетлар).
[6] Аввалги манба (82-83-бетлар).
[7] “Тарихи Табарий” (5/273).

Изоҳ қолдиринг