Ғуслда бошга масҳ тортиш етарли бўладими?

0

Савол:

Аёл киши сочини ўрмасдан, яхшилаб йиғиштириб тугиб олган бўлса, ғуслда сочини ювмасдан бошига масҳ тортса бўладими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Фуқаҳолар ғуслда эркак ҳам, аёл ҳам сочининг барча қисмини ювиши фарз эканига ижмо қилишган. Шу билан бирга кўпчилик уламоларнинг фикрига кўра, аёл кишининг сочи ўрилган бўлса, ғуслда уларни ёйиши шарт эмас, балки боши устидан сув қуйиб, то сув бош терисига етгунга қадар нам қўли билан сочлари орасини яхшилаб ишқаши кифоя[1].

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Умму Салама розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Мен сочимни ўриб юраман, жунубликдан покланишда сочимни ёйишим керакми?”, деб сўрганида у зот: “Йўқ, бошинг устидан уч ҳовуч сув қуйиб, кейин бутун баданингга сув қуйсанг бўлди, пок бўласан”, деб жавоб бердилар [Муслим: 330].

Фарз бўлган ғуслда хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, бошига масҳ тортишга чекланиши жоиз эмас, балки бошини ювиши фарз.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Асмо розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳайздан қай тартибда ғусл қилиш кераклиги ҳақида сўраганида у зот: “Сув ва сидр билан (қон ўрнини) яхшилаб ювади, сўнг бошига сув қуйиб, то сув бош терисига етгунча бошини яхшилаб ишқалайди, сўнг бадани устидан сув қуяди, сўнгра бир парча атирли мато билан тозалайди”, дедилар [Муслим:  332].

Бироқ бошни ювиш одам соғлиғига жиддий зиён етказадиган бўлса, у ҳолда бошга масҳ тортиш жоиз бўлади, валлоҳу аълам.

[1] Бу ҳақда батафсил маълумот олиш учун қйидаги фатвомизга мурожаат қилинг: Ғуслда ўрилган сочни ёйиш шартми?

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг