Ювинаётган келинини пойлаган қайнота

0

Савол:
Қайнота келини ювинаётганда тешикдан мўралаб томоша қилган. Буни эшитган ўғил отасидан ранжиган. Шунақа пайтда отага қандай муносабатда бўлиш керак?

Жавоб:
Алҳамдулиллаҳ;

Афсуслар бўлсинким, кейинги пайтларда маҳрамлар ўртасида мана шундай нохуш воқеалар юз бераёгани тез-тез қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Аслида ўз оиласи: қизи, синглиси, келини ва ҳоказо маҳрамларининг номусини ҳимоя қилиши лозим бўлган инсонлар уларга тажовуз қиладиган бўлиб қолди. Албатта бу иш ниҳоят даражада қабиҳ ва жирканч ишдир. Етти ёт бегонанинг номусига тегиш, унга шаҳват билан қараш ҳаром бўлгач, ўзининг яқин маҳрамларига кўз олайтирган ота ёки қайнотанинг ишини нима дейиш мумкин?!

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламолар бегона аёлларга, шунингдек, маҳрам аёлларга шаҳват билан қараш ҳаром эканига иттифоқ қилганлар» [«Мажмуул фатово» (15/415)].

Ибн Абдулбар роҳимаҳуллоҳ айтади: «Шаъбий эркак кишининг ўз қизи, онаси ёки синглисига узоқ тикилиб қарашини макруҳ санар эди. Шаъбийнинг замонаси бизнинг замонамиздан яхши эди. Эркак кишининг маҳрамларидан бирига шаҳват назари билан тикилиб қараши ҳаромдир» [«Ал-истизкор» (8/388)].

Албатта, уламоларнинг бу сўзлари шунчаки ўз маҳрамларига шаҳват назари билан қараш хусусида айтилган. Энди яланғоч маҳрамларини пойлаш, уларга шаҳват билан қараш ёки уларга жинсий тажовуз қилиш ҳукми нима бўлиши мумкин?!

Оилаларда бу каби нохуш ҳолатлар юзага келишига талай сабаблар бор. Аввало оила аъзоларининг диндан узоқлиги, хотин-қизларнинг маҳрамлар олдида очиқ-сочиқ, тор ва шаффоф кийимларда юриши, телевизор ва интернет орқали турли бузуқ кўрсатувлар ва суратлар томоша қилиш ва ҳоказо омиллар мана шундай нохуш ишларга сабаб бўлмоқда.

Бундай ҳолатда ўғил отасига буни очиқдан очиқ гапирмаслиги, балки бошқалар номидан ана шундай ножўя ишлар бўлганини, бунинг нақадар қабиҳ иш эканини шама қилиб гапириши мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, отаси шу даражага борибдими, демак, ўғил аёлини имкон қадар отасидан узоқлаштириши лозим. Иложи бўлса алоҳида уйга чиқиши янада яхшироқ. Агар бунинг иложи бўлмаса, у ҳолда келин имкон қадар қайнотанинг олдига чиқмаслиги, чиққан ҳолда ҳам унинг олдида уй кийимида юрмаслиги керак. Отадан бундай иш содир бўлиши ўғилни отасига яхшилик қилиш мажбуриятидан озод қилмайди. Балки у отасининг бундай ишларни такрорламаслиги учун қўлидан келган ишларни қилиши керак. Шунингдек, бўлиб ўтган ишни ошкор қилмаслиги лозим. Чунки бу ўзининг ҳам, отасининг ҳам обрўсига путур етказади, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг