Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотлари ва Абу Бакрга байъат берилиши (4)

0

Бану Соида шийпонидаги сўзлашув

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган куни – ҳижрий ўн биринчи йил рабеул аввал ойининг ўн иккинчи куни Бану Соида шийпонида тўпландилар ва халифаликка кимнинг номзодини кўрсатиш ҳақида фикр алмашишга киришдилар.

Ансорларнинг халифаликка номзод кўрсатиш учун Бану Соида шийпонида, Хазраж пешвоси Саъд ибн Убода атрофига йиғилганлари хабари келганида муҳожирлар Абу Бакр Сиддиқ ёнида жамланиб ўтиришган эди. Улар: “Кетдик, ансор биродарларимиз ёнига борайлик, уларнинг ҳам бу ишда насибалари бор”, дедилар. Умар айтади: Биз ансорлар ёнига кетаётган эдик, йўлда улардан икки солиҳ киши кўринди. Улар биздан қаерга кетаётганимизни сўрадилар, ансор биродарларимиз ёнига кетаётганимизни айтганимизда: “Улар бир фикрга келиб бўлишди. Сизлар улар олдига бормасдан ўзларингиз ишни ҳал қилаверганингиз яхши”, деб айтишди. Мен: “Йўқ, албатта улар ёнига борамиз”, дедим. Сўнг йўлимизда давом этиб, Бану Соида шийпонига етиб бордик. Қарасам, улар ўраниб олган бир кишининг атрофида ўтиришибди.  “Ким бу?”, деб сўраган эдим: “Саъд ибн Убода”, дейишди. “Нима бўлди, нега ўраниб олибди?”, деб сўрасам: “Касал, иситмаси бор”, дейишди. Бироз ўтирганимиздан сўнг улардан бир киши Аллоҳга ҳамду сано айтгач, шундай сўз бошлади: “Аммо баъд. Биз Аллоҳнинг ансорлари ва исломнинг улкан лашкаримиз, сизлар – эй муҳожирлар – қавмингиздан ажралиб келган озчилик жамоатсизлар. Энди сизлардан баъзилар чиқиб, бизнинг аслимизни камситмоқчи ва бу ишдан (халифаликдан) бизни четлатмоқчи бўлаяпти”, деди. У гапини тугатгач, мен Абу Бакрдан олдин туриб, ўзим маъқул топган ва гапиришни дилимга тугиб келган баъзи гапларни айтмоқчи бўлгандим, Абу Бакр: “Сиз шошманг”, деди. Мен уни ранжитишдан қўрқиб, жим бўлдим. Кейин Абу Бакр гап бошлади. У мендан кўра ҳалимроқ ва салобатлироқ эди. Аллоҳ ҳаққи, у мен айтмоқчи бўлган гапларнинг бирортасини ҳам қолдирмай, балки ундан ҳам яхшироқ қилиб сўзлади. Гаплари орасида у шундай деди: “Аммо баъд. Эй ансорлар, ўзингиз айтиб ўтган барча яхшиликлар ҳақиқатан сизларда мужассам. Сизлар шу яхшиликларга лойиқ ва ундан ҳам афзалсиз. Аммо бу иш фақат Қурайш билан танилган. Улар насаб жиҳатидан ҳам, диёр жиҳатидан ҳам арабларнинг энг афзалидирлар. Мен сизлар учун ушбу икки кишидан бири халифа бўлишига розиман. Қай бирини танласангиз, ўшанга байъат беринглар”. Абу Бакр шундай деб менинг ва Абу Убайда ибн Жарроҳнинг қўлимиздан тутди, биз унинг икки ёнида ўтирган эдик. Абу Бакрнинг шунча гапирган гаплари ичидан фақат шу гапи менга ёқмади. Аллоҳга қасамки, ичларида Абу Бакр ҳам бўлган қавмга амир бўлишдан кўра бошим кесилиши мен учун яхшироқ эди. Шунда ансорлардан бири: “Биз бу (уммат)нинг устунлари ва асосий таянчларимиз. Биздан бир амир, сизлардан бир амир бўлади, эй қурайшликлар”, деди. Йиғилганлар орасида ғала-ғовур бошланиб, овозлар кўтарилди. Мен ўртада ихтилоф чиқишидан қўрқиб: “Эй Абу Бакр, қўлингизни беринг”, дедим ва унга байъат бердим. Менинг ортимдан муҳожирлар, кейин ансорлар ҳам унга байъат бердилар[1].

Имом Аҳмад ривоятида: “Абу Бакр гап бошлаб, ансорлар ҳақида нозил бўлган оятларни ва улар ҳақида айтилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини қолдирмай ҳаммасини бирма-бир айтиб чиқди. У: “Сизлар яхши биласизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар ҳамма одамлар бир водийга юрса-ю, ансорлар бир водийга юрсалар, мен албатта ансорлар водийсига юрган бўлардим”, деганлар. Эй Саъд, сиз яхши биласиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сиз ҳам ўтирган мажлисда: “Қурайш бу ишнинг эгаларидир, одамларнинг яхшилари уларнинг яхшиларига эргашувчидир, одамларнинг ёмонлари уларнинг ёмонларига эргашувчидир”, деганлар”, деди. Шунда Саъд: “Ҳа, тўғри айтдингиз, бизлар вазир, сизлар амирсиз”, деди[2].

Ушбу ҳодисадан олинадиган муҳим дарслар, ибратлар ва фойдалар:

  • Сиддиқнинг инсонлар руҳиятини яхши билгани ва уларни қаноатлантира олгани

Имом Аҳмаднинг ривоятидан Абу Бакр Сиддиқ мусулмонларни бирон фитнага дучор қилмаган ҳолда одамларнинг қалбларига кириб бора олгани ва уларни ўзи ҳақ деб кўрган фикрга қаноатлантира олгани кўринади. У даставвал ансорларнинг фазилатлари ҳақида келган оят ва ҳадисларни зикр қилиб, уларни мақтади. Мухолиф фикрдаги кишини мақташ исломга мувофиқ ишлардан бўлиб, бу билан мухолифга нисбатан инсоф ва унинг ғазаб ўтини ўчириш, ҳақиқат маълум бўлганидан сўнг уни қабул қилишга тайёр бўлиши учун унинг нафсидаги худбинлик ва ўз фикрида маҳкам туриб олиш сабабларини йўқотиш кўзда тутилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларида бунга далил бўладиган жуда кўп мисоллар бор. Абу Бакр ансорларнинг мақтовли сифатларини баён қилганидан сўнг асосий гапга кўчиб, уларнинг фазилатлари нечоғли улуғ бўлмасин, бу уларнинг халифаликка ҳақлироқ эканларини англатмаслигини уқтирди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурайшлик муҳожирлар бу ишда муқаддам эканларини нас (далил) билан айтганлар. Ибн Арабий Моликий зикр қилишича, Абу Бакр халифалик Қурайшда бўлишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ансорларга яхшилик қилиш ва уларнинг яхшиларидан яхшиликларини қабул қилиб, ёмонларидан ёмонликларини кечиш ҳақидаги васиятларидан далил олди. Абу Бакр ансорларга шундай деб ҳужжат келтирди: “Аллоҳ мана бу оятларда бизни содиқлар деб, сизларни эса нажот топувчилар деб атади: “(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган зотлар камбағал муҳожирларникидирки, улар Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик истарлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берурлар. Ана ўшалар (иймонларида) содиқ зотлардир. Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топувчи зотлардир” [Ҳашр: 8-9]. Мана бу оятда эса сизларни қаерда бўлсак ҳам биз билан бирга бўлишга буюрди: “Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва (иймонларида) содиқ бўлган зотлар билан бирга бўлингиз!” [Тавба: 119]. Ва бундан бошқа ҳақ сўзларни ва кучли далилларни сўзлади, ансорлар бу сўзлардан таъсирланиб, унга бўйсундилар[3].

Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўз хитобида халифалик мансабига эга чиқадиган қавм барча араблар уларнинг раҳбарлигини эътироф этадиган, муаммоларни ҳал қилиш ва ишларни барқарор ҳолда тутиб туриш лаёқатига эга қавм бўлиши лозимлигини, акс ҳолда фитна пайдо бўлиши мумкинлигини уқтирди. Табиийки, араблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурайшлик бўлганлари ва умуман араблар зеҳнида қурайшнинг эҳтироми мустаҳкам ўрнашгани боис фақат қурайшлик мусулмонларнинг раҳбарлигини эътироф этишади. Сиддиқнинг шундай мантиқли ва далил-ҳужжатларга бой гаплари таъсирида ансорлар ўзларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида бўлганларидек садоқатли вазирлар ва ихлосли ёрдамчилар бўлиб қолишларига қаноат ҳосил қилдилар ва шу билан мусулмонларнинг сафлари бирлашди[4].

[1] Бухорий (6830).
[2] “Муснади Аҳмад” (1/5).
[3] “Ал-авосим минал қавосим” (10).
[4] “Ат-тарихул исломий” (9/24).

Изоҳ қолдиринг