Али розияллоҳу анҳу: Аҳзоб ғазотидан Пайғамбар вафотларигача бўлган даврдаги фаолияти (5)

0

Али ибн Абу Толибнинг Абу Бакр Сиддиқ бошчилигида адо этилган ҳаж ибодатидаги вазифаси 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида жамият тарбияси ва давлат қурилиши барча бўғимларда ва ақидавий, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ҳарбий ва тааббудий (ибодатга оид) соҳаларда бир хилда давом этиб борди. Шу йилгача ҳали ҳаж ибодатини жамоавий тарзда адо этилмаган эди. Фатҳдан сўнг ҳижрий 8 йилда Аттоб ибн Усайд бошчилигида ҳаж қилинган, бироқ мусулмонларнинг ҳажлари мушрикларнинг ҳажларидан фарқли бўлмаган эди[1]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табукдан қайтганларидан сўнг ҳижрий 9 йил ҳаж мавсумида ҳаж қилмоқчи бўлдилар, кейин: “Байтуллоҳга мушриклар ҳам келиб, яланғоч тавоф қилишади. То шунга барҳам берилмагунича ҳаж қилишни истамайман”, дедилар. Сўнг шу йили Сиддиқ розияллоҳу анҳуни ҳаж ишларига бош қилиб юбордилар. Абу Бакр Сиддиқ ҳожиларга бош бўлиб, йўлга отланди. Шундан сўнг “Бароа” (Тавба) сураси нозил бўлди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни чақириб, унга Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ортидан етиб олишни ва ҳажда одамларга ушбу сурани ўқиб беришни амр этдилар. Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Азбо номли туяларига миниб йўлга чиқди ва Абу Бакрга Зулҳулайфада етиб олди. Сиддиқ ундан: “Амир бўлиб юборилдингизми, маъмур (тобе) бўлибми?”, деб сўраган эди, Али: “Йўқ, маъмур бўлиб”, деб жавоб берди. Кейин йўлда давом этдилар. Абу Бакр одамларга бош бўлиб, ҳаж русумларини одатда жоҳилият пайтида адо этиладиган ўринларда адо этди. У шу кунлар мобайнида бир неча ўринларда хутба қилди, одамларга ҳаж маросимларини тўғри адо этиш йўл-йўриқларини кўрсатди. Абу Бакр Сиддиқ қаерда хутба қилса, ортидан Али ибн Абу Толиб одамларга “Бароа” сурасининг бошидаги оятларни ўқиб берарди. Сўнг одамлар ичида жар солиб: “Жаннатга фақат мўмин инсон киради, Байтуллоҳни яланғоч кимса тавоф қилмайди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кимнинг ўртасида аҳд-битим бўлса, унинг аҳди то муддатининг охиригача, бу йилдан кейин мушрик ҳаж қилмайди!”, деб эълон қиларди[2]. Сиддиқ Абу Ҳурайрага бир неча саҳобалар билан бирга Алига ўз вазифасини адо этишига ёрдам беришларини амр этди[3].

“Бароа” сурасининг бошидаги оятлар нозил бўлиши билан бутпарастлик ва бутга сиғинувчилар билан мусулмонлар ўртасида узил-кесил ажралиш юзага келди. Бутпарастлар ҳаж қилиши тақиқланди ва уларга қарши уруш эълон қилинди.

Аллоҳ таоло айтади:

“Бу Аллоҳ ва Расули томонидан бароат – мушриклар билан ора очиқлиги эълонидир, мусулмонлар ва мушриклар ўртасида бўлган аҳду битимлардан воз кечиш билдирувидир. Эй мушриклар, ер юзида тўрт ой муддат ичида бемалол, мўминлардан омонликда бўлган ҳолатда, истаган жойингизда юраверинглар ва билингларки, сизлар Аллоҳнинг жазосидан ҳаргиз қочиб қутула олмайсиз ва Аллоҳ кофирларни хор қилувчидир – дунёда уларни шармисорликка, охиратда эса дўзахга дучор этувчидир. Бу катта ҳаж кунида – яъни қурбон ҳайити кунида – Аллоҳ мушриклардан безор экани, шунингдек пайғамбари ҳам улардан безор экани борасида одамларга билдирув ва огоҳлантирувдир. Эй мушриклар, агар ҳаққа қайтсангиз ва ширкни тарк этсангиз, бу ўзингиз учун яхшидир. Агар ҳақни қабул қилишдан бош тортсангиз ва Аллоҳнинг динига киришга кўнмасангиз, билингки, сизлар Аллоҳнинг азобидан асло қочиб қутула олмагайсиз! Эй Пайғамбар, Исломдан бош тортган ўша кимсаларга сиз Аллоҳнинг аламли азоби хабарини беринг! Сизлар билан аниқ бир вақтгача урушмасликка битим тузган ва унга хиёнат қилмаган ва сизларга қарши душманларингиз билан ҳамкорлик қилмаган мушриклар юқорида айтилган ҳукмдан мустасно бўлиб, уларга берилган аҳд ва битимларни белгиланган вақт ниҳоясига етгунича тўла қўйиб беринглар! Албатта, Аллоҳ таоло ўзларига буюрилган ишни адо қиладиган, ширк, хиёнат ва бошқа гуноҳу маъсиятлардан сақланадиган тақводор зотларни яхши кўради. Энди мушрикларга омонлик берганингиз ўша тўрт ой ниҳоясига етгач, Аллоҳнинг душманларига қаерда бўлсалар ҳам уруш эълон қилинглар, уларни қамал ва қуршовга олинглар, барча йўлларини назорат ва кузатувга олинглар! Агар улар куфрларидан қайтишса, Исломни қабул қилишса, Ислом шариатини лозим тутиб, намоз ўқишса ва закотни беришса, уларни тинч қўйинглар, энди улар Исломдаги биродарларингизга айланишди. Албатта, Аллоҳ тавба қилиб, (гуноҳидан) қайтган кишиларни кечирувчи, уларга раҳмли Зотдир” [Тафсири Муяссар, “Тавба” сураси, 1-5 оятлар маъноси].

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али розияллоҳу анҳуга ушбу ҳаж мавсумида мушрикларга ўртадаги барча битимлар бекор қилинганини эълон қилиш вазифасини топширган эдилар. Бу эса арабларнинг урфига тўла мос келадиган иш бўлиб, араблар одатига кўра бирон битим тузилгани ё бекор бўлгани ҳақидаги эълонни қабиланинг саййиди ё унинг вакили эълон қилар, бу урф Исломга ҳам зид эмасди. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввалдан ишнинг тадбирини олдилар ва Алини ушбу вазифа билан юбордилар. Али розияллоҳу анҳу ҳаж мавсумида одамларга “Бароа” сурасининг дастлабки оятларини ўқиб беришлари сабаби шу эди. Шиа рофизалар даъво қилишганидек, бу унинг халифаликка Абу Бакрдан кўра ҳақлироқ эканига ишора эмас эди. Доктор Муҳаммад Абу Шаҳба шу воқеани изоҳлар экан: “Билмадим, улар Сиддиқнинг Алига: “Амир бўлиб юборилдингизми, маъмур (тобе) бўлибми?” деганида Алининг: “Йўқ, маъмур бўлиб” деган сўзларидан қандай ғофил бўлишган экан?! Маъмур қандай қилиб халифаликка амирдан кўра ҳақлироқ бўлсин?!”, дейди[4].

Ушбу ҳаж келгуси йилдаги катта ҳажга – Ҳажжатул Вадоъга тайёргарлик мақомини олди. Абу Бакр бошчилигидаги ҳажда бут-санамлар даври ўтиб, бутунлай бошқа янги давр бошлангани, энди бундан буёғига одамлар фақат Аллоҳнинг шариатига бўйсуниб яшашлари лозимлиги баралла эълон қилинди. Ушбу хабар узоқ-яқиндаги араб қабилалари орасида тарқалгач, араблар иш жиддий тус олганини ва бутпарастлик даври ҳақиқатан ортда қолганини тушуниб етдилар ва бирин-кетин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига ўз вакилларини юбориб, Исломни қабул қила бошладилар[5].

[1] Имодуддин Халил, “Диросот фий аҳдин нубувва” (222).
[2] Саҳиҳ сийра набавия (625).
[3] Абу Шаҳба, “Сийра набавия” (2/537).
[4] Абу Шаҳба, “Сийра набавия” (2/540).
[5] Қалъачи, “Қироа сиясия лис сийратин набавия” (283).

Изоҳ қолдиринг