Ғусл вожиб бўлгач, то қуёш чиққунгача ғусл қилмаслик жоизми?

0

Савол:

Саволим шундан иборат: агар келинчакнинг сочи узун бўлса, куёви билан қўшилгандан кейин дангасалик қилиб ўша кечаси ғусл қилмасдан нонуштада қайнона ва қайнотасининг олдида ўтириб чой ичиб, сўнг кундузи ғусл қилса жоизми? Ёки бундай қилиш исломий оилага номуносибми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Аввало шуни билиб олиш лозимки, бирон шаръий зарурат бўлмаса, жунубликдан сўнг дарҳол ғусл қилмай, кейинроқ ғусл қилиш жоиз. Шунингдек, жунуб инсонни кўрганларга, у билан бирга ўтирганларга ҳам жунублик юқади, кейин улар ҳам ғусл қилишлари зарур деган тушунча нотўғри тушунчадир. Бу икки масала ҳақида саҳифамиздаги «Жунуб инсонни кўрганлар ҳам ғусл қилиши керакми?» сарлавҳали фатвомизда батафсил гапирилган.

Бироқ кечаси куёви билан яқинлик қилган келинчакнинг то қуёш чиққунга қадар ғусл қилмаганидан унинг буткул намоз ўқимаслигини ёхуд энг камида бомдод намозини ўқимаслигини тушуниш мумкин. Буниси масаланинг энг ачинарли томонидир. Исломий оилага номуносиб хислат келиннинг ғуслни кечиктиришидан ҳам кўра унинг намоз ўқимаслигидир. Зеро, бирон шаръий зарурат бўлмаса ғуслни кечиктириш жоиз бўлса, биргина намозни қасддан ўқимаслик катта гуноҳ, фосиқлик, ҳатто бир гуруҳ уламолар наздида инсоннинг кофир бўлишига олиб борадиган оғир гуноҳдир. Исломий оила даставвал намоз, рўза, ҳижоб каби исломдаги фарз ва рукнларга амал қиладиган оиладир. Шунинг учун ҳар бир мусулмонликни даъво қиладиган муслима опа-сингилларимизга мурожаатимиз – намозга жиддий эътибор берсинлар, зеро намоз диннинг устуни, устун йиқилса, дин ҳам йиқилажакдир, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг